Самарқанд тажрибаси: томорқадан самарали фойдаланиш кенг оммалашади

22:43 12 Февраль 2025 Жамият
153 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Аввал хабар қилганимиздек, бугун Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлари мавзусида республика кўргазмали семинари ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, шароити оғир 71 туман ҳокимлари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Марказий банкнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, ҳар бир ҳудуддан 10 нафардан маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.

Семинар иштирокчилари Самарқанд туманидаги Шўрбоича маҳалласида аҳолига ижарага берилган ерларда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида, Деҳнав маҳалласида “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили бўйича маҳсулот етиштириш жараёнлари билан танишди. Ушбу маҳаллаларда Самарқанд тумани ҳокимлиги, Марказий банк вилоят бошқармаси раҳбарлари томонидан томорқадан самарали фойдаланган ҳолда йилига бир неча марта ҳосил олиш, маҳсулотни ички бозорга ва экспортга чиқариш, бозорда нарх барқарорлигини таъминлаш, маҳалланинг экспорт салоҳиятини ошириш юзасидан тақдимотлар ўтказилди.

— 2019 — 2025 йиллар давомида маҳаллада томорқачиликни ривожлантириш бўйича фуқароларга 3 миллиард сўм кредит ажратилган, — дейди “Деҳнав” МФЙ маҳалла банкири Азизбек Камолов. — Шу асосда кўпчилик томорқа ерларидан самарали фойдаланиб, даромад топиб келяпти. Айни пайтда кредитларни қайтариш бўйича ҳам муаммо йўқ.

— Шўрбоича маҳалласида аҳолига ижарага берилган ерларда маҳсулот етиштириш, Деҳнав маҳалласида томорқачиликни ривожлантириш бўйича қилинган ишларни кўриб, тажриба орттирдик, — дейди Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова. — Етиштирилаётган маҳсулотларни ички бозорга етказиб бериш билан бирга экспортга ҳам чиқариш йўлга мени ҳайратлантирди. Булардан ўрганиш керак бўлган жиҳатлар кўп экан.

Семинар қатнашчилари Самарқанд туманидаги Қўштамғали маҳалласи ҳудудида, М-37 автомобиль йўли бўйида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатлари ўтқазди. Конигил маҳалласи Сиёбча канали бўйида олиб борилган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари билан танишди. Самарқанд туманида томорқа ва деҳқон хўжалиги йўналишларида аҳолини ўқитиш, ерга ишлов бериш, маҳсулотларни етиштириш ва сотишга кўмаклашиш билан шуғулланаётган “SAM AGRO CENTER” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишув барчада катта қизиқиш уйғотди. Томорқа хўжаликларида етиштирилган маҳсулотлар ярмаркаси ҳам таассуротларга бой бўлди.

— Семинар доирасида ўтказилган тадбирларда қатнашиб аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланишда Самарқанд тажрибасидан кўп жиҳатларни ўргандик, — дейди Сирдарё туманининг “Улуғбек” МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Сардор Исаров. — Томорқачиликни ривожлантириш, ердан унумли фойдаланиш, агротехник тадбирларни қандай қилиб ўз вақтида бажариш билан боғлиқ қимматли маълумотларга эга бўлиб, ўзаро тажриба алмашдик.

Қорадарё бўйида жойлашган “Ширин” дирекциясида ўтказилган тадбирда Самарқанд вилоятида янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш, маҳалла ихтисослашуви ҳамда “компания — кооператив — деҳқон хўжалиги” тамойили асосида кооперативлар ташкил этиш механизмлари таҳлил қилинди. “Сифатли ва кафолатланган мевали ва ток кўчатларни етказиб бериш тадбирлари”, “Аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш, томчилатиб суғориш тизими орқали экинлар етиштиришни йўлга қўйишнинг афзалликлари” ҳақида маъруза ва тақдимотлар ўтказилди.

Республика семинари аҳоли томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш ва даромадларини ошириш борасидаги ижобий тажрибаларни кенг оммалаштиришда, пировард натижада юртдошларимиз турмуш даражаси янада яхшиланишида муҳим аҳамият касб этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?