Самарқанд шаҳрига келаётган хорижий сайёҳлар сони йил охиригача 2 миллион нафардан ошиши кутиляпти

17:27 25 Июль 2023 Жамият
455 0

Фото: “Халқ сўзи”

Самарқанд қадим тарихга эга бўлган дунёнинг йирик маданият марказларидан бири сифатида сайёрамиздаги бориб кўриш шарт бўлган шаҳарлар қаторида эътироф этилиши барчамизга маълум.

Шу боис ҳам ҳудудда туризмни янада ривожлантириш, сайёҳлар учун барча қулайликларни яратишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Натижада кўплаб янги-янги сайёҳлик йўналишлари, туризм манзиллари пайдо бўляпти. Бу эса, ўз навбатида, келаётган маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар сонининг ортишига хизмат қилмоқда.

Самарқанд вилоят маданият ва туризм бошқармаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, шу йилнинг январь-июнь ойларида вилоятга 2 миллион 546 минг нафар маҳаллий ва 1 миллион 106 минг нафар хорижий сайёҳ келган.

Йил охиригача 2,1 миллион нафар хорижий ва 4,5 миллион нафар маҳаллий сайёҳ жалб этилиб, туризм хизматлар экспортини 312 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Хорижлик сайёҳларнинг Самарқандда қолиши ўртача 2,7 кунни ташкил этмоқда. Ҳар бир сайёҳ бир кунда ўртача 85 доллардан 250 долларгача маблағ сарфлаяпти.

Айни пайтда вилоятда сайёҳлар учун 15 минг 606 ўринли 570 та меҳмонхоналар хизмат кўрсатмоқда. 2023 йилда умумий қиймати 5,9 триллион сўмлик 180 лойиҳа ишга туширилиб, туризм ва унга йўлдош хизматлар кўрсатиш соҳасида 5,5 мингта янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Хусусан, 55 та жойлаштириш воситалари, 41 та дам олиш ва кўнгилочар масканлар, 45 та умумий овқатланиш ва 39 та бошқа туризм лойиҳалари амалга оширилади.

2023-2024 йилларда туризмни ривожлантириш концепциясига кўра, Самарқанд туризм маркази имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда 50 дан ортиқ халқаро тадбирлар ўтказилади. Имом Бухорий ва Ад-Дорамий зиёратгоҳларида олиб борилаётган қурилиш ишларини тўлиқ якунлаб, фойдаланишга топшириш орқали сайёҳлар сони оширилади. Ургут, Пайариқ, Самарқанд туманлари маҳаллаларида туризм хизматлари ривожлантирилади.

“Музейлар квадрати”ни ташкил этиш орқали бой маданий меросимизни кенг намойиш этиш йўлга қўйилади.

Кўрилаётган бундай кенг кўламли чоралар ва амалга оширилаётган ишлар келгусида Самарқандга келаётган сайёҳлар сонининг янада ортиши ҳамда уларни бу ерда ўртача қолиш муддатини узайишига хизмат қилади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер