“Самарқанд оши” халқаро фестивали якунланди, ғолиблар тақдирланди
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 1-3 август кунлари илк бор “Самарқанд оши” халқаро фестивали ўтказилди. Унда маҳаллий ва қатор хорижий давлатлардан келган таниқли ошпазлар пазандалик борасидаги маҳоратини намойиш этди.
— Саккиз йилдан бери гастрономик фестивалларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритганман, — дейди қатарлик ошпаз Ҳамад ал Ҳажри. — “Самарқанд оши” халқаро фестивалида машҳур миллий таомларимиздан бирини пиширдим. Фестиваль доирасида нафақат таом тайёрладик, балки миллий урф-одатларимизни тарғиб қилиб, ошпазлар билан тажриба ҳам алмашдик.


Фестивалда 30 метр узунликдаги рекорд даражада шашлик тайёрланиб, иштирокчиларга тарқатилди. Ушбу гастрономик ютуқ меҳмонлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Бу орқали вилоятнинг бой гастрономик мероси яна бир бор намоён этилди.
Халқаро фестивалнинг 3-куни “Боқий шаҳар” мажмуасида 7 тоннали палов махсус қозонда 50 нафар маҳаллий ва 5 нафар хорижлик ошпаз томонидан пиширилди. Иштирокчилар бу жараённи ўз кўзлари билан кўриб, таомдан татиб кўриш имкониятига эга бўлди. Тайёрланган ош меҳрибонлик уйлари, ногиронлиги бўлган болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, қариялар уйлари каби муассасаларга етказиб берилди.
Уч кун давом этган фестивалда 200 дан ортиқ ошпаз иштирокида мусобақалар ўтказилди. 20 турдаги ноёб ош тайёрланиб, ошпазлардан маҳорат дарслари, хорижий мамлакатларнинг ошларини тайёрлаш жараёнлари, ҳунармандчилик ва шарқ ширинликлари кўргазмалари ташкил этилди.


Фестиваль якунида кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 3-ўринга Хоразм вилояти, 2-ўринга Бухоро вилояти, 1-ўринга Тошкент шаҳри ошпазлари муносиб кўрилди. Ғолиблар ва фестивалда фаол қатнашган иштирокчилар, жараёнларни кенг ёритган ОАВ вакиллари ва блогерлар ҳам турли номинациялар бўйича Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотларнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
“Самарқанд оши” фестивали гастрономик туризм ривожида муҳим қадам бўлиб, халқимизнинг бағрикенглиги ва меҳмондўстлигини ҳам яққол намоён этди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Камбағал оилалар фарзандларининг тўгарак харажатларининг 80 фоизгача қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг