Самарқанд — йирик геосиёсий мулоқот майдони

13:23 02 Апрель 2025 Сиёсат
199 0

Архив фото

Европа Кенгаши ва Европа Комиссияси раҳбарлари ҳамда Марказий Осиё давлатлари президентлари 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида тарихий воқеа — «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи саммитига тўпланишади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қиладиган мазкур саммитда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари қатнашади. Эслатиб ўтамиз, аслида 2024 йилда ўтказилиши режаланган бу саммит ЕИдаги сайловлар туфайли 2025 йилга кўчирилган эди. Мазкур саммит Европа Иттифоқи учун Марказий Осиё билан икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги геосиёсий манфаатларини намойиш этиш учун муҳим имконият экани таъкидланмоқда.

Йирик геосиёсий мулоқот маркази сифатида қадимий Самарқанд шаҳрининг танланиши бежиз эмас. Бу шаҳар тарихан Ипак йўли маркази, цивилизациялар чорраҳаси бўлиб келган. Энди у халқаро сиёсий ва иқтисодий мулоқотлар, олий даражадаги форумлар ва саммитлар марказига айланмоқда.

Ҳар гал Самарқандда йирик тадбирлар ўтказилар экан, беихтиёр АҚШ дипломатларидан бири Жон Керрининг гаплари ёдга тушади. 2015 йил 3 ноябрь куни АҚШнинг ўша вақтдаги Давлат котиби Жон Керри Қозоғистон пойтахти Остонада талабалар билан бўлиб ўтган учрашувда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аслида Самарқандда ташкил этилгани борасида таъкидлаганди. Жон Керри ўша йилнинг 1 ноябрь куни Самарқандга ташриф буюрган ва у ерда Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари иштирокида музокаралар ўтказганди. У кўҳна шаҳар ҳақидаги фикрларни Самарқанднинг ўзида билдириши мумкин эди. Бу ҳолда унинг фикрлари шунчаки мезбонларга миннатдорчилик белгиси сифатида қабул қилинарди. Шу сабабли моҳир дипломат самимий фикрларини қўшни давлат пойтахтида билдирди.

“Мен тоғлар ва даштлар оша одамлар учрашган, турли минтақаларнинг маҳсулотлари ва ғоялари тўқнашган жойни ўз кўзларим билан кўрдим. Мен мана бу ғоят ажойиб ҳикояни яна бир бор такрорлашни истардим. XV аср бошида Кастилия қироли Генрих III ўз элчиси де Клавихони Амир Темурнинг олдига юборган. Де Клавихонинг узоқ саёҳати Константинополь, Трапезунд орқали, шундан сўнг Шимолий Эрондан ўтиб, Ўрта Осиёга, Самарқандга қадар давом этган. Шу ерда у Амир Темур томонидан қабул қилинган, — деди Керри. — Де Клавихо ўз кундаликларида Ғарб учун янги, шу вақтгача номаълум бўлган турмуш тарзининг қизиқарли манзарасини тасвирлаган. У маданиятлар, санъат, савдо ва ғоялар чорраҳасига таъриф берган. Самарқандда сиз қимматбаҳо ипак, саноат маҳсулотлари ва тилла, мовий шиша ва чиннини топишингиз мумкин эди. Бу шаҳарда бир вақтнинг ўзида турклар, араблар, мусулмонлар, яҳудийлар, юнонлар, арманлар, насронийлар, католиклар ва несторианлар ўзаро мулоқот қилган”.

Шу сўзларни айтар экан, «Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бундан 70 йил аввал Нью-Йоркда ташкил этилган, деб ҳисоблаймиз. Йўқ, аслида бу ҳодиса бундан юз йиллар аввал Самарқандда юз берган», – дея қўшимча қилди АҚШ Давлат котиби.

«Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммити ҳақида сўз борганда, аввало, “C5+1” форматлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтиш лозим.

2016 йилда Ўзбекистонда юз берган ўзгаришлар, ҳамда 2017 йилдан бошлаб мамлакатда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида жаҳон ҳамжамиятининг Марказий Осиёга қизиқиши кучайди. Бунга биринчи навбатда минтақадаги барча давлатлар билан чегарадош бўлган Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати сабаб бўлгани айтилади. Сўнгги йилларда тилимизга “C5+1” формати деган ибора кириб келди. Марказий Осиёдаги бешта мамлакат иштирокидаги “C5+1” формати АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония, Туркия, шунингдек Европа Иттифоқи билан йўлга қўйилган. Турли сиёсий ўйинчиларнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро муносабатларининг ҳозирги машҳур “C5+1” формати илк бор Япония томонидан 1997 йилда таклиф қилинган. Ўшанда Япония Марказий Осиёда минтақавий мулоқот учун платформа яратишни таклиф қилди. Маълумки, дунёдаги учинчи иқтисодиёт ҳисобланмиш Япония анъанавий равишда “Катта еттилик” ва AСEAН каби гуруҳларга аъзо ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликка эътибор қаратади ва АҚШни асосий устувор шерик ҳисоблайди.

Бироқ, ХХ асрнинг энг катта асосий ҳодисаси бўлмиш Совет Иттифоқининг тарқаб кетиши ва Марказий Осиёда янги мустақил давлатларнинг пайдо бўлиши Япония ташқи сиёсати йўналишларини таҳрир қилишга олиб келди. Ташқи сиёсат устуворликларини қайта кўриб чиқишга биринчи уриниш 1997 йилда содир бўлди. Ўша вақтдаги бош вазир Хасимото Рютаро юқори даражадаги Корпоратив раҳбарлар Ассоциациясида қилган чиқишида “Евроосиё дипломатияси” деб номланган янги сиёсатни эълон қилди. Ушбу дипломатия доирасида Япониянинг “Буюк Ипак йўли” ўтган Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари билан алоқалари мустаҳкамлангани эълон қилинди. Кейинчалик унинг номи “Буюк Ипак йўли дипломатияси” деб ўзгартирилди. “Буюк Ипак йўли дипломатияси” учта тамойилдан – ўзаро ишончни мустаҳкамлаш учун сиёсий мулоқот механизмларини ишлаб чиқиш, минтақавий фаровонликни ривожлантириш учун иқтисодий ҳамкорлик ҳамда ядро қуролини тарқатмаслик режимини сақлаб қолиш, демократияни ривожлантириш ва сиёсий барқарорликни сақлаш мақсадида ҳамкорлик қилишдан иборат эди.

2004 йилнинг 28 август куни Япония ташқи ишлар вазири Ёрико Кавагути Қозоғистон пойтахти Остонада Марказий Осиёдаги ҳамкасблари билан илк бор учрашди. Мазкур “Марказий Осиё + Япония” учрашув-мулоқоти якунида “Япония ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар янги даврга кирмоқда” номли истиқболли сарлавҳа остида пресс-релиз эълон қилинди. Вазирлар учрашувида Япония ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилаётганлиги рамзи бўлган «Марказий Осиё + Япония» форматидаги мулоқот эълон қилингани таъкидланади.

Маълумки, бу формат аввал бошданоқ фақат битта мамлакатга қаратилмаган, балки Марказий Осиё мамлакатларига комплекс ёндашувга асослангани билан эътиборли бўлди. Шу сабабли Япония минтақага истиқболли, яхлит организм сифатида ёндашган илк давлатлардан бири ҳисобланади. Мазкур концепция Япония томонидан “AСEAН+” модели асосида қабул қилинган бўлиб, у дунёнинг янги минтақаси — Марказий Осиё учун буюк давлатлар билан мулоқотда сиёсий мавқеи ва иқтисодий салоҳиятини ошириш учун мос деб ҳисоблаган. Шу тариқа Япония минтақани ягона организм деб ҳисоблаган биринчи мамлакат бўлди.

Тўғри, Токионинг Марказий Осиёдаги дипломатик фаолияти даражаси бошқа кўплаб мамлакатларга нисбатан бир неча сабабларга кўра паст бўлди. Биринчидан, географик масофа бўлса, иккинчидан Японияда бошқа ташқи сиёсат устиворликлар, учинчидан, минтақада инвестициявий ва сиёсий хавфлар ҳам бор эди. Япония минтақада фаоллигини 2013 йилдан кейин қайта тиклади. Мамлакат тарихида илк бор ўша вақтдаги бош вазир Синдзо Абэ 2015 йил октябрида Марказий Осиёнинг бешта давлатига ташриф буюрди (бунгача Япония бош вазирлари фақат Ўзбекистон ва Қозоғистонга келган эди). Ташриф давомида Синдзо Абэ транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ва сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш Марказий Осиё учун муҳим вазифалар экани ва Япониянинг ушбу соҳаларда ёрдам кўрсатишга тайёрлиги ҳақида гапирди. Синдзо Абэнинг 2015 йилда Марказий Осиёга ташрифидан кейин дунёда геосиёсат ва геоиқтисодда кўплаб ўзгаришлар юз берди.

Япониянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларига қаратилган стратегияси Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатига мос келади. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари шундан далолат беради. Минтақадаги барча мамлакатлар жамоатчилиги ва сиёсий раҳбарияти минтақавий ҳамкорлик мамлакатлар учун фақат фойда эканлигини тушуниб етди. Марказий Осиё жаҳон ҳамжамиятида ажралмас минтақа сифатида қабул қилинмоқда. Бу беш мамлакатнинг минтақавий интеграцияси фойдасига қўшимча далил бўлиши ва бу жараёнда янги динамикани рағбатлантириши тобора равшанлашиб бормоқда.

Бугун дунёнинг нигоҳи Самарқандга қадаган. Чунки бу ерда келажакни шакллантирадиган ташаббуслар муҳокама қилинади. Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи саммити Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва дипломатик салоҳиятини ёритувчи муҳим воқеа ҳисобланади. ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати тарқатган хабарда таъкидланганидек, Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи билан Марказий Осиёнинг илк саммитида иштирок этиш учун 3–4 апрель кунлари Ўзбекистонда бўлишади.

Дунёда “тартибсизлик ва бўлиниш кучайган”ига эътибор қаратган Европа Кенгаши президенти Антониу Коштанинг фикрича, “Европа Иттифоқи учун ягона тўғри йўл мустаҳкам ҳамкорликлар ўрнатиш орқали тинчлик ва фаровонликни таъминлашдир. Кўп қутбли дунё шароитида янада фаол ва йўналтирилган ҳамкорлик зарур”.

Таҳлилчиларнинг фикрича, сўнгги йилларда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатларининг юқори лавозимли раҳбарлари ўртасида ўзаро алоқалар фаоллашганига гувоҳ бўлиш мумкин. 2022 йилнинг октябрь ойида Қозоғистонда, 2023 йилнинг июнь ойида эса Қирғизистонда етакчилар учрашуви бўлиб ўтган. Бундан ташқари, бир қатор вазирлик даражасидаги муҳокамалар ҳам ўтказилган. Бундай учрашувларнинг сўнггиси 2023 йили Люксембургда ўтказилган бўлиб, унда ЕИ ва МО ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш бўйича қўшма “йўл харитаси” қабул қилинган.

Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик юксак даражага кўтарилиб, бу ҳамкорлик устувор йўналишларда жадал ривожланиб бормоқда. Турли даражаларда фаол мулоқот ва алмашинувлар олиб борилмоқда. 2024 йилда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард евродан ошди, Европа компаниялари билан лойиҳалар портфели 30 миллиард еврога етди. Ўтган йили ўта муҳим минерал ресурслар соҳасида стратегик шериклик тўғрисида битим имзоланди. Транспорт ва рақамли ўзаро боғлиқлик, “яшил” иқтисодиёт, маданият ва бошқа йўналишларда самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда. Самарқандда бўлиб ўтадиган саммит эса бу алоқаларни янада кучайтириши шубҳасиз.

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ, шарҳловчи (“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?