Саломатликка оид сўнгги ускуна ва технологиялар намойиши

Мамлакатимизнинг “Янги Ўзбекистон” боғига туташ ҳудуди — “CAЕх Uzbekistan” халқаро кўргазмалар марказида “Соғлиқни сақлаш — TIHE 2025” 29-Тошкент халқаро кўргазмаси очилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Iteca Exhibitions халқаро кўргазма компанияси ва бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу кўргазмада йигирмадан зиёд давлатлардан 400 дан ортиқ компаниялар ҳамда брендлар иштирок этяпти.
Улар орасида АҚШ, БAA, Беларусь, Буюк Британия, Германия, Индонезия, Испания, Россия, Сингапур, Туркия, Украина, Хитой, Қозоғистон каби давлатларнинг вакиллари ҳам энг сўнгги русумдаги технологияларини намойиш қилмоқда. Бунинг учун қатнашчиларга етарлича шарт-шароит яратиб берилган.
Дарвоқе, ушбу марказда бу йил биринчи марта эстетик тиббиёт, “anti-age” парвариши ҳамда гўзаллик саноатига бағишланган “Beauty Uzbekistan — 2025” кўргазмаси ҳам ўтказилаётир. Айтиш керакки, юртимизда ижтимоий соҳанинг бошқа йўналишлари қатори соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ҳамда техник жиҳатдан такомиллаштириш, ходимларга хорижникидан қолишмайдиган қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу эса бугунги ислоҳотлар самаралари ва туб ўзгаришлардан ҳам яққол сезилиб бўлиб турибди.
Айтиш керакки, кўргазма тиббий диагностика, лаборатория жиҳозлари, жарроҳлик, терапевтик, ҳаётни қўллаб-қувватлаш ускуналари, реабилитация мосламалари ҳамда соҳа учун зарур бўлган барча техникани бир жойда жамлаш имконини беради. Бу маҳаллий тиббиётимиз учун янги ускуналарни харид қилиш, тенг манфаатли шартномалар тузиш борасида қулай платформани яратади.
Қолаверса, маҳаллий фармацевтика саноатини ривожлантиришга бағишланган “PharmExpo Central Asia — 2025” ихтисослаштирилган кўргазмасида фармацевтика тармоғи учун хомашё ҳамда компонентлар, шунингдек, тайёр дори воситалари намойиш этилди.
Маҳаллий фармацевтика корхоналари вакиллари бу ерда саноатнинг сўнгги тенденциялари, тайёр фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун ингредиентлар билан яқиндан танишиш, дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича хорижий контрагентлар билан алоқа ўрнатиш имкониятига эга бўлишди.
Шу билан бирга, тадбир доирасида стоматология амалиёти учун замонавий ечимлар, асбоб-ускуналар, дори-дармонлар ҳамда бошқа зарур воситалар таклиф этилмоқда.
Мазкур йирик кўргазма ўз ишини 17 апрелга қадар давом эттиради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг