Сайёҳлик салоҳияти юқори замин

14:20 21 Апрель 2025 Жамият
140 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Табиатан меҳмондўст ва бағрикенг халқимиз ҳар бир ҳудуднинг сайёҳлик имкониятларидан самарали фойдаланаётганлигини Навоий вилоятида ҳам кузатиш мумкин. Бугун ҳудуднинг сайёҳлик жозибадорлигига эътибор қаратсак, 70 та архитектура, 306 та археология ва 45 та монументал объектлар мавжуд бўлиб, хорижлик сайёҳлар билан ишловчи 60 та туристик компания фаолияти йўлга қўйилган.

— Сайёҳлар учун 40 дан зиёд йўналишлар бўйича саёҳатларни тақдим этмоқдамиз, — дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Хўжаев. — Хусусан, экотуризм, зиёрат туризми, агротуризм йўналишларида жами 340 километр масофада 60 та объектдан иборат 14 та туризм маршрутларини ўз ичига олган Навоий «туризм ҳалқаси» ташкил қилиниб, натижада илгари вилоятимизда хорижлик сайёҳларнинг қолиши салкам икки кунни ташкил этган бўлса, бугунги кунда 4,5 – 5 кунга етказилди.

Туркомпанияларда ишлаётган ходимларнинг малака, касбий билим ва маҳоратларини ошириш мақсадида Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, вилоятнинг Хатирчи, Нурота ва Қизилтепа туманлари туристик салоҳиятини ошириш, ҳар бир ҳудуднинг туризм объектлари тарихини ўрганиб, улар тўғрисидаги контентни бойитиш мақсадида илмий хулосалар тайёрланди. Ушбу туманлардаги 40 га яқин туризм маҳалласининг тарихи, ёдгорликлари ва туристик объектлари контенти яратилиб, 12 тилга таржима қилинди. Уларнинг маълумотлар базасини яратишда Ўзбекистон Миллий архиви ҳужжатларидан ташқари, тарихчи ва экспертларнинг тадқиқотларидан кенг фойдаланилди.

— Вилоятимизда туризм соҳаси бўйича режалаштирилган 97 та инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши меҳмонларни жойлаштириш манбаларининг сонини 238 тага етказди, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Саъдулла Мирзаев. — Нурота туманидаги «Сентоб», Хатирчи туманидаги «Лангар» қишлоқлари «Туризм қишлоғи» мақомига эга бўлди. Ўтган йилда вилоятга 420 минг нафардан ортиқ хорижий, 2 млн 485 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилиб, 2023 йилга нисбатан ўсиш кўрсаткичи 2,6 баробарга ошди.Туризм экспорти ҳажми 105,0 млн долларга етказилди.

Карманадаги «Мавлоно Ориф Деҳгароний», «Қосим-Шайх», «Мирсаид Баҳром», Қизилтепадаги «Хўжа Боязид Бастомий», «Тошмасжид», «Хўжа Ҳасан Андоқий», Конимехдаги Қилич ота, олис Учқудуқдаги Қанарбой ота каби маданий мерос объектлари, қозоқ халқининг кичик жуз аждодларидан бири аллома Айтеке бийнинг Нуротадаги қадамжоси зиёратгоҳга айлантирилди.

— Ўтган йили Айтеке бий қадамжосини зиёрат қилишга келгандим, — дейди қўшни Қозоғистоннинг Тараз шаҳрилик Нурбой Содиқов, — Бугун яна бир гуруҳ асли навоийлик қариндошлар билан саёҳатга келдик. Улуғ бобомизнинг муқаддас қадамжосини зиёрат қилдик. Дўстлар, қариндошларнинг дийдорига тўйдик. Албатта, бу мамлакатларимиз ўртасидаги яқин қўшничилик алоқаларининг кундан-кунга мустаҳкамланиб бораётганлиги самарасидир.

Вилоятда жорий йил сайёҳликдан тушумларни бир ярим ҳиссага ошириш режалаштирилган. Табиийки, бу сайёҳлик харитасини янада кенгайтириш ҳамда хизмат кўрсатиш сифати ва жозибадорлигини оширишни тақозо этади. Мазкур масалалар жорий йилнинг 9 апрель куни мамлакатимиз Президенти раислигида ўтказилган йиғилишда ҳам бош мавзу бўлиб, ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада оширишнинг устувор вазифалари белгиланди.

— Сайёҳлар учун 40 дан зиёд йўналишлар бўйича саёҳатларни тақдим этмоқдамиз, — дея давом этди Д. Хўжаев. — Табиийки, бундай салоҳият кенг тарғибот орқалигина ўз самарасини беради. Шу мақсадда қатор маҳаллий ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, вилоятимизнинг сайёҳлик салоҳият ва жозибадорлиги дунёдаги 17 тилда тарғиб этмоқдамиз. Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ички ва ташқи туризмни барқарор ривожлантириш суръатлари ва соҳа учун кадрлар тайёрлаш рақамли технологияларни қўллаш орқали туризм хизматларининг рақобатбардошлигини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Албатта, мазкур лойиҳалар ҳар бир ҳудуд учун қўшимча янги иш ўринларини яратади. Ҳудудлардаги маданий мерос объектлари, зиёратгоҳлар атрофида халқаро туризм талабларига жавоб берадиган оилавий меҳмон уйларини ташкил қилиш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, коммунал ва йўл инфратузилмалари яхшиланиши туфайли маҳаллий аҳолининг ҳам фаровонлиги юксалади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?