Саҳро бағрида мўъжиза яратиб

09:07 03 Октябр 2024 Иқтисодиёт
212 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг мамлакатимиз иқтисодиётида тутган ўрни хусусида кўп ёзилган. Биз йилига 2,5 миллиард тонна газ конденсатини қайта ишлаш қувватига эга эканлигини, Ўзбекистонда фақатгина ушбу корхонада авиаёнилғи тайёрланишини, бу ерда айни чоғда 3368 нафар ишчи – ходим меҳнат қилаётганини айтиш билан кифояланмоқчимиз.

Эътиборлиси, Қоровулбозордаги қип-қизил саҳро бағрида бундан 37 йил муқаддам барпо этилган заводда экологик барқарорликка фаолиятнинг асосий йўналишларидан бири деб қаралмоқда. Бу ҳали корхона ҳудудига бормай туриб кўзга ташланади. Тасмадек тизилган йўл ёқаларида саксовулзорлар барпо этилган. Манзарали дарахтлар қад ростлаб турибди.

– Ҳудудимиздаги 168 гектар майдонда 110 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган, – дейди корхона бош экологи ўринбосари Аъзам Ҳасанов. – Кейинги бир йилда улар сони 20 минг тупга кўпайди. Кузда ҳам 10 минг тупдан зиёд кўчат ўтқазиш тараддудидамиз. Ҳар бир дарахт, кўчат рақамлаштирилган. Уларни парваришлаш, зараркунандалардан ҳимоя қилиш доимий эътиборимизда.

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бутун юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган «Яшил макон» дастури доирасидаги ишларимиз қамрови кенгаймоқда, – дейди яна бир суҳбатдошимиз, корхона хўжаликни бошқариш хизмати раҳбари Илҳом Ҳакимов. – Заводимиз ҳудудида 10 гектар майдондан иборат «Янги Ўзбекистон боғи» барпо этилгани фикримиз исботидир. Бу ерда 5300 туп мевали дарахт кўчатлари парвариш қилинмоқда.

Заводнинг ён-атрофида саксовулзору янтоқзорлар ястаниб ётибди. Улар билан шундоқ ёнма-ён ерда олмазор яратилган. Бир пайтлар қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган саҳрода шундай кўркам боғнинг барпо этилгани кўзни қувонтиради. Дарвоқе, олмазорда томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилган. Ҳисоб-китобларга қараганда, бу сув сарфини уч баравар камайтириш имконини бермоқда.

Корхонада ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳам эътиборни тортмай қўймайди. Шу мақсадда махсус ўқув маркази ташкил этилган. «Устоз – шогирд» анъанаси йўлга қўйилган. Олий ўқув юртини тугатган ёш мутахассислар ҳам даставвал марказдаги 148 соатлик машғулотларда билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашади. Шундан сўнг тўлақонли ишга киришади. Беҳзод Ҳайдаров шу ўзига хос мактабда сабоқ ўтаган ёшлардан.

– 2011 йилда Бухоро газ саноати касб-ҳунар коллежида ўқиб, йўлланма билан заводга ишга келганман, – дейди айни пайтда техник бўлим бошлиғи саналган Беҳзод. – Кейин Бухоро муҳандислик технология институтида таҳсил олдим. Шундан сўнг заводга қайтиб оператор, инновация бўлими мутахассиси каби бир қатор вазифаларда ишладим. Касбим ортидан хорижда бўлиб, халқаро Ёшлар форумида, қатор кўргазмаларда қатнашдим. Жамоада менга ўхшаган ёшларнинг ўз касб маҳоратларини ошириб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Яқинда завод раҳбарияти томонидан корхонада экологик ташаббуслар, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва гендер тенглик масалаларига бағишлаб пресс – тур ташкил этилди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари корхонада шу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Заводнинг саломатлик маркази, маданият саройи ҳамда музейида бўлишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?