Садоқат ва матонат тимсоли

07:11 08 Май 2024 Жамият
413 0

9 май — Хотира ва қадрлаш куни

Тарих силсиласида биз гувоҳи бўлаётган кўплаб воқеа-ҳодисалар орасида она Ватанга фидокорона хизмат қилган инсонлар ҳақидаги ҳикоялар алоҳида ўрин тутади. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, фидойи педагог Бексейит ота Боймирзаевнинг ҳаёт йўлини жасорат ва фидокорона меҳнат қиссаси, ёш авлодни илҳомлантирувчи ва халқ хизматида бўлиш қанчалик саодат эканини эслатувчи ибрат намунаси, дейиш мумкин.

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида оддий деҳқон оиласида 1924 йил 10 май куни дунёга келган Бексейитнинг болалиги оғир кунларда ўтди, лекин у ўзининг ҳаётий тамойилини айнан шу синовларда тоблади. Ёшлигидаёқ эл-юртга хизмат қилиш, муҳтожларга ёрдам бериш мажбуриятини ҳис этиб вояга етди.

Болалик даври — оғир очарчилик йилларидан эсон-омон ўтиб, ўн ёшида мактаб остонасини ҳатлаб, биринчи синфга борди. 1941 йилда илмга ташна ўсмир қишлоқ мактабининг 7-синфини тугатиб, Тошкентдаги педагогика билим юртига ўқишга кирди. 1942 йилнинг кузида у фронтга кетди.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида у 2-Украина фронти таркибида жанг қилади ва ғалабани Прагада нишонлайди. Кейин уни тақдир сўқмоқлари Шарққа етаклади ва япон империалистлари билан кечган урушда қатнашади. Асосий жанглар Узоқ Шарқ минтақаларининг, яъни Япониянинг асосий қуруқликдаги кучлари бўлмиш Квантун армияси жойлашган ҳудудларда кечади. Ниҳоят мазкур армиянинг мағлубияти Япониянинг сўзсиз таслим бўлишига олиб келади. Бексейит отанинг жасорати, Ватанга садоқати жанг ва синовларда кўп марта намоён бўлиб, у қатор орден ва медаллар билан тақдирланади. Ва 1947 йилгача сержант унвони билан армия сафида қолади.

Она заминга қайтгач, тумандаги 24-умумтаълим мактабида жисмоний тарбия ўқитувчиси сифатида ишлай бошлайди. Бексейит ота ёш авлодга таълим-тарбия бериш баробарида уруш туфайли узилиб қолган педагогика билим юртидаги ўқишини давом эттириб, уни муваффақиятли тамомлайди. Орадан бир неча йил ўтиб, ўша вақтдаги Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини сиртдан тамомлаб, олий маълумотли мутахассис бўлиб етишади. Йиллар давомида у ўқитувчиликдан мактаб директорлигигача бўлган йўлни босиб ўтади.

Бексейит ота муҳим ютуқларидан бири деб, ўзи истиқомат қилаётган қишлоғида 1972 йилда фойдаланишга топширилган янги мактаб биносини билади. Бу ҳудудда таълим ривожига қўшилган муҳим ҳисса бўлиб, ўқувчиларга яхши билим олиш учун шароитлар яратиб берди. Натижада мактаб битирувчилари орасида турли касб-ҳунарларни эгаллаган олий маълумотли мутахассислар сафи кенгайди.

Тажрибали ўқитувчи, ташаббускор раҳбар, халқ таълими аълочиси Бексейит отанинг маориф тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, ёш авлодни ўқитиш ва тарбиялашда эришган ютуқлари юксак мукофотларга лойиқ топилган.

— Бексейит отанинг фаолияти фақат таълим билан чегараланиб қолмади, — дейди республика Қозоқ миллий маданий маркази вилоят бўлими раҳбари Дамир Қалдибоев. — Ҳозир ҳам ўз ҳудудидаги аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этишда фаол иштирок этиб келмоқда. У ҳамиша аҳоли турмуш тарзини яхшилашга интилиб келади, муҳтожларга ёрдам беришга доимо тайёр.

Отахон турмуш ўртоғи Гулайим опа билан тўрт нафар фарзандни вояга етказди, уларнинг барчаси олий маълумотли, оиласи бадастир. Катта ўғли Қуралбек нефть ва газ саноати мутахассиси, қизлари Гулнора ва Қарлиғаш, кенжа ўғли Сиримбек ота изидан бориб, педагоглик касбини танлади. Набираси Дилбар эса кўплаб гўзал ва шинам биноларнинг муаллифи ва меъморидир.

— Мамлакатимизда уруш ва меҳнат фахрийлари доимо ҳурмат ва эъзозда, — дейди Бексейит ота мамнуният билан. — Ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни арафасида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан биз каби уруш қатнашчилари ва фронт орти меҳнаткашлари моддий рағбатлантирилади. Бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун чин дилдан миннатдорман. Давлатимиз раҳбари ва яқин инсонларимнинг қўллаб-қувватлаши мен учун катта аҳамиятга эга. Яхши сўзлар ва илиқ тилаклар қалбимни қувонч ва бахтга тўлдирмоқда.

Мана шундай қутлуғ айём кунлари Бексейит ота оиласида ўзгача шодиёна, катта тантана. Уруш ва меҳнат фахрийси Бексейит отани қутлуғ 100 ёшга тўлиши муносабати билан фарзандлари, набиралари, шогирдлари, қариндошу маҳалладошлари, туман ва вилоят раҳбарияти мутасаддилари, республика Қозоқ миллий маданият маркази вакиллари табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва файзу барака тиламоқда. Уларнинг ҳар бирининг дилида шундай тилак мужассам: «Она Ватанимизни ҳимоя қилишда кўрсатган жасоратингиз учун ташаккур. 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни қалбингизни фахр ҳамда ифтихорга тўлдирсин, сиз каби ватандошларимизнинг уруш йиллари кўрсатган қаҳрамонлигингиз ҳамиша қалбимиз тўрида бўлади. Сизнинг садоқатингиз ва матонатингиз ёш авлодни буюк ишларга илҳомлантиради. Байрамингиз муборак бўлсин!»

Нурлан УСМОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер