Руккола — фойдали, ҳам катта даромад манбаи
Фото: Абдумуталлиб Тоиров/«Халқ сўзи»
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Соғлигингиздан шикоят қилиб, мутахассис шифокор қабулида бўлганингизда, энг биринчи овқатланиш рационни қайта кўриб чиқиш, зарарли таомлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш саломатлик гарови эканини айтади. Соғлиғи билан боғлиқ муаммо бўлишни истамайдиганлар кўпроқ кўкатлар, оқсилга бой маҳсулотлар истеъмол қилиш, оддий углеводлардан тийилиш зарурлигини уқтиради. Фойдали маҳсулотлар ҳақида гап кетганда, таркибида дармондори ва микроэлементлар бисёр бўлган руккола ўсимлиги инсон организми учун муҳим зиравор ҳисобланади.
— Кўпгина мамлакатларда бу кўкат худди бегона ўтга ўхшаб ўзи ўсиб чиқса, бизнинг юртда унинг учун алоҳида эътибор ва ғамхўрлик керак. Уни тез-тез суғориш, қуёшнинг иссиқ нурларидан ҳимоялаш лозим. Шунинг учун ҳам бу кўкатни уйда, гултувакларга экиб етиштириш мумкин, — дейди “Oʻtan Polvon” диагностика ва даволаш марказининг олий тоифали кардиолог шифокори Зокир Нормуродов. — Унда “А”, “К”, “Е”, “С” дармондорилар ва “B” гуруҳи дармондорилари сероб. Антиоксидантлар, клетчатка, хлорофилл, фосфор, темир, магний, рух моддаси, калий ва кальций, флаваноидларнинг ҳам кони. Иммунитетни мустаҳкамлаб, организмни турли вирусли касалликлардан ҳимоя қилади. Шу билан бирга, руккола ҳазм тизимини мустаҳкамлайди. Метаболизмни яхшилайди, озишга ҳисса қўшади. Рукколадаги “А” дармондориси, глюкозаинатлар ва сулфорафанлар организмда саратон ҳужайралари ривожланишининг олдини олади. Аммо қандли диабет, гастритдан азият чекадиган беморларга ушбу маҳсулотдан тийилиш тавсия қилинади.
Руккола нафақат инсон организми учун фойдали зиравор, балки у катта даромад манбаи ҳам. Термиз туманидаги “Namuna Elegant agro” МЧЖга қарашли замонавий иссиқхона фаолияти билан танишганимизда бунга амин бўлдик.
— Бир майдонда барпо этилган 3 гектарлик иссиқхонамизда иккинчи экин сифатида руккола ўсимлигини етиштиряпмиз, — дейди корхона иш бошқарувчиси Нуриддин Собиджонов. — Биринчи экинда 700 минг долларлик булғор қалампирини хорижга экспорт қилдик. 2024 йилги мавсумда хорижга салкам 600 минг долларлик руккола сотган эдик. Ўтган йилнинг ноябрь ойида уруғи қадалган рукколанинг ҳосили ҳар галгидан мўл бўляпти. Ҳозирнинг ўзида қарийб 500 минг долларлик маҳсулотни экспортга чиқардик. Бу йилги мавсумда 1 миллион долларлик руколани хориж бозорига сотишни режалаштиряпмиз.
Руккола харидоргир ўсимлик эканини хорижга экспорт фаолияти билан шуғулланувчиларнинг ўзлари шу ернинг ўзидан олиб кетишаётганидан ҳам билса бўлади. Биз иссиқхонада бўлганимизда экспортер корхона вакили Икром Турғунбоевдан рукколани хориж бозорида сотилиш билан боғлиқ жараёнларни сўрадик.
— Биласизми, руккола истеъмолига ўзимизда унчалик эътибор қаратилмайди, негадир қадрсиздек, — дейди И.Турғунбоев. — Европада бу зираворга қизиқиш катта. Ўзига хос таъмга эга рукколадан салат ва итальян ошхонасига хос таомлар тайёрлашда кенг фойдаланилади. Қолаверса, у пишлоқ, гўшт ва денгиз маҳсулотлари билан ҳам яхши умумлашади. Асосий бозоримиз Латвия, Россия Федерацияси. Бу ўсимликни етиштирган тадбиркор — деҳқонлар зарар кўрмайди, аксинча, яхши даромад топишади. Вилоятда етиштирилаётган рукколаларни уларга маъқул нархларда йиғиб оляпмиз.
Айни пайтда иссиқхонада иш қизғин. Ҳосил теримига 30 нафардан кўп хотин-қиз жалб қилинган.
— Бир кунда 50 килограммгача руккола териб, уларни белгиланган ҳажимда боғлайман, — дейди Термиз шаҳридаги А.Навоий номидаги маҳаллада истиқомат қилувчи Зарифа Умарова. — Уларнинг килограмми учун 5 минг сўмдан тўлашади. Тушлик ҳам тадбиркор ҳисобидан. Иш оғир эмас, муҳими уйимиздан узоқда бўлмаган жойда доимий ишимиз бор. Мана шундай меҳнатим ортидан уч нафар фарзандимни вояга етказяпман.
Она замин саховати чексиз. У бизга ҳаёт учун зарур бўлган барча нарсани инъом этган. Тоза ҳаво, ширин сув, серҳосил тупроқ, бой манбалар. Улардан эҳтиёткорлик билан унумли фойдаланиш тани-жонимизни саломат, турмушимизни обод, ҳаётимизни фаровон қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Барселона» Ла Лигада навбатдаги ғалабасини қўлга киритди
- Бугун 2026 йилги Жаҳон чемпионатига қуръа ташланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг