Россиялик эксперт: «Ўзбекистон Марказий Осиёдаги вазиятни белгилаб берувчи давлатдир»
Архив фото
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон олиб бораётган фаол ташқи сиёсат ва тизимли дипломатия хорижлик экспертлар томонидан юксак баҳоланмоқда. Хусусан, Россия халқаро ишлар бўйича кенгаши расмий веб-сайтида эълон қилинган “Ўзбекистон изоляциядан минтақавий етакчилик сари” мақолада ушбу мавзу кенг ёритилган.
Мақола муаллифи, Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказни ўрганиш маркази таҳлилий гуруҳи раҳбари Станислав Притчиннинг ёзишича, Евроосиё марказида асосий геостратегик мавқега эга Ўзбекистон Марказий Осиёдаги сиёсий вазиятни белгилаб берувчи давлатдир. 2016 йили Шавкат Мирзиёев мамлакат Президенти лавозимига сайланганидан сўнг, республика ёпиқ ва ҳатто яккаланган ташқи сиёсат моделидан проактив дипломатияга ўтди ҳамда бу қисқа муддатда ўзининг ижобий натижаларини берди. Бир томондан, минтақадаги ўзаро мулоқот ва ҳамкорлик муҳити кескин ўзгарган бўлса, бошқа жиҳатдан Ўзбекистон хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтириш ҳисобига инвестициялар оқимини сезиларли даражада оширди ва ташқи савдони жадаллаштирди.
Мамлакатда олиб борилаётган тизимли ислоҳотларнинг дастурий асоси ва “Йўл харитаси” сифатида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси кўрсатиб ўтилади. Стратегияда иқтисодий ислоҳотлар аниқ белгиланган бўлиб, хусусий мулк ҳимоясини ва иқтисодий фаолият эркинлигини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни давлат томонидан тартибга солишни камайтириш, молия-банк тизимини модернизация қилиш ва ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар мажмуига юқори баҳо берилади.
Стратегиянинг ташқи сиёсий жиҳатлари ҳақида фикр юритар экан, С. Притчин:
— Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборот етказиш;
— республика ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини ҳамда халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
— давлат чегарасининг делимитация ва демаркация масалаларини ҳал қилиш сингари йўналишларда муҳим ютуқларга эришилганини эътироф этади.
Айниқса, хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини ошириш, ватандошларга нисбатан янгича сиёсатни шакллантириш борасидаги чора-тадбирлар алоҳида эътиборга молик, дея таъкидланади.
Мутахассиснинг фикрича, республика ташқи сиёсатидаги ислоҳотларнинг ички ва ташқи драйвери мавжуддир. Ҳокимият алмашинуви ва мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг янги стратегияси ишлаб чиқилиши ички драйвер сифатида хизмат қилди. Ташқи глобал драйвер эса халқаро иқтисодиётга интеграциялашув ва хорижий сармоялар оқимини орттириш орқали иқтисодий фойда кўришдир. Бошланган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, 2019 йил якунларига кўра, Ўзбекистон нуфузли “Economist” журнали томонидан “Йил мамлакати” сифатида эътироф этилди.
“Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига сайланганидан сўнг қўшни давлатларга бир неча муҳим ташрифларни амалга оширдики, улар орқали минтақа давлатлари билан алоқалар янгитдан йўлга қўйилди. Сўнгра эса минтақадан ташқаридаги давлатлар — Россия, Хитой, АҚШ ва бошқалар билан ҳамкорликни ривожлантиришга киришилди... Натижада Ўзбекистоннинг ташқи савдоси кескин ўсиб, 2019 йил якунлари бўйича 42 миллиард доллардан ошди. Ташқи савдо шериклари сони 178 тага етди”, деб ёзади таҳлилчи.
С. Притчин Марказий Осиёдаги давлатлараро мулоқотнинг тикланиши расмий Тошкент янги сиёсатининг муҳим амалий маҳсули сифатида қайд этади. Айнан ўзбек дипломатиясининг фаол саъй-ҳаракатлари орқали минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари формати йўлга қўйилди.
Афғонистон йўналишида эса, экспертнинг фикрича, ҳақиқий бурилиш юз бериб, ушбу давлат билан иқтисодий алоқалар ва савдо-сотиқ ҳажми ортгани баробарида, Ўзбекистоннинг афғон заминини барқарорлаштириш жараёнидаги ўрни кескин ошди. Тошкентда 2018 йили бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция бу борадаги халқаро чора-тадбирларни мувофиқлаштиришда муҳим ўрин тутди.
Хулоса ўрнида, Станислав Притчин замонавий Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий хусусиятлари сифатида кўп векторлилик, проактивлик, прагматизм, ихтилофсизликни кўрсатиб ўтади.
Анвар МИРЗАЕВ,
(«Халқ сўзи») тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг