Россиядаги ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган, қаровсиз ва ёрдамга муҳтож 19 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди

06:22 26 Июль 2022 Жамият
720 0

Фото: Oлий Мажлисининг Инсoн ҳуқуқлари бўйича вакили (Oмбудсман) ахборот хизмати

Жорий йилнинг 25 июль куни Россиядан ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган, қаровсиз, назоратсиз қолиб кетган ва ёрдамга муҳтож бўлган 19 нафар болалар тегишли мутасадди идоралар ҳамкорлигида Ўзбекистонга олиб келинди.

Вазирлар Маҳкамасининг (6-сон, 07.01.2020 й.) «Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон фуқароларининг болаларини Ўзбекистонга қайтариш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ва ИИВнинг тегишли фармойишига асосан ишчи гуруҳ тузилиб, Ички ишлар органлари, ССВ, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ходимлари ҳамкорлигида ўзга юртда қаровсиз, назоратсиз қолиб, ёрдамга муҳтож Вояга етмаган болаларни ватанга олиб келиш чоралари кўрилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари Россиянинг турли шаҳарларида болалар қаерда сақланаётгани, уларнинг саломатлиги қай аҳволда эканини аниқлаб, керакли ҳужжатларни тўплаган. Сафар давомида қабул қилиб олинган болаларнинг ҳар бири ССВ ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди ва улар ватанга олиб келинди.

Ушбу жараёнда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил А.Юнусова Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил М.A. Лво́ва-Бело́ва билан мулоқотда бўлиб, 2021 йил 4 августда улар ўртасида имзоланган ҳамкорлик ва ўзаро англашув меморандуми доирасида ота-она қарамоғисиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган болаларни, Ўзбекистонга уюшган ҳолда олиб чиқишга кўмаклашиш имкониятларини кўриб чиқди. Хусусан, исм-шарифлари илова қилинган рўйхатда кўрсатилган Вояга етмаганларни Москва шаҳри Aлтуфев туманидаги Вояга етмаганларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш марказига етказиб бериш ва вақтинча жойлаштиришда кўрсатган кўмаги учун Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил М.A. Лво́ва-Бело́вага ва унинг офиси ходимларига миннатдорчилик билдирилди.

Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизими жорий этилди, уларнинг баркамол авлод сифатида шаклланиши ҳамда ижтимоий мослашувини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларига кенг эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 14-моддасида боланинг ғайриқонуний кўчирилишдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатлари белгиланган бўлиб, унга кўра:

Ҳар бир бола ғайриқонуний кўчирилишдан ва чет элдан қайтарилмасликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Боланинг чет элга сафарлари фақат ота ва онанинг ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахсларнинг розилиги билан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши мумкин. Ушбу масала бўйича ота ва она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар ўртасидаги ҳар қандай келишмовчилик суд томонидан ҳал қилинади.

Ота-она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар боланинг йўқолганлиги ҳақида тегишли органларга дарҳол хабар беришлари шарт.

Ота-она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар ҳамроҳлигида бўлмаган болалар уларнинг ёнига кафолатли қайтарилиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари чет элда қонуний вакиллари ҳамроҳлигисиз турган болаларнинг — Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳисобини юритади ва уларнинг қайтарилиши бўйича чоралар кўради. Ота-онаси бедарак йўқолган деб топилган ёки улар вафот этган деб эълон қилинган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи ана шу болаларни оилага, бундай имконият бўлмаганда эса етим болалар ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун тайинланган муассасаларга жойлаштириш чораларини кўради.

Қонуний вакиллари ҳамроҳлигисиз чет элда турган болаларни қайтариш масалалари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ давлат ижро этиш мақсадлари, шакллари ва усулларидан қатъи назар, болаларни ғайриқонуний кўчиришнинг олдини олиш, шунингдек уларни доимий яшайдиган мамлакатига қайтариш чораларини кўради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?