Россияда Алишер Навоий асарларининг ноёб қўлёзмалари жамланган каталог чоп этилди

20:07 27 Декабрь 2021 Маданият
1685 0

Фото: АОКА

Бугун Ўзбекистон Миллий кутубхонасида буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб, «Алишер Навоийнинг барҳаёт мероси» мавзусида адабий кеча ўтказилди.

Тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, Татаристон Республикасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Айдар Ахтареев, Ёзувчилар уюшмаси раиси маслаҳатчиси Азиз Саид, шунингдек, таниқли адабиётшунослар, китобхонлар ва бошқалар сўзга чиқиб, улуғ аллома ижоди ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.

Шунингдек, тарих фанлари доктори, Шарқ Давлат музейи Бош директорининг ўринбосари, «Қозон шаҳридаги Алишер Навоий қўлёзмалари тўплами» номли қўлёзмалар альбом — каталоги тузувчиси ва сўзбоши муаллифи Иля Зайцев ҳамда M.И.Рудомино номидаги Бутунроссия чет эл адабиёти кутубхонаси директори Павел Кузмин (Москва) видеомурожаат йўллади.

Тадбир доирасида «Қозон шаҳридаги Алишер Навоий қўлёзмалари» каталогининг тақдимоти ўтказилди. Мазкур каталогда шоирнинг Татаристон миллий архиви ҳамда кутубхонасида сақланаётган 10дан ортиқ ноёб қўлёзмалари жамланган. Каталог Татаристон Республикаси Миллий кутубхонаси, Татаристон Республикаси Федерал университетининг Н.И. Лобачевский номидаги Қозон (Волга бўйи) илмий кутубхонаси, Татаристон Республикаси Давлат архиви мутахассислари томонидан тузилган. Тадбирда мазкур тўплам Алишер Навоий ижодини Россияда кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.

«Бутун умри давомида халққа хизмат қилган ва боқий асарлар яратган буюк мутафаккир издоши эканимиздан жуда фахрланамиз. Унинг бебаҳо ижоди нафақат ўзбек, балки бутун дунё адабиёти ривожига муҳим ҳисса қўшган. Унинг асарлари Ғарбда XVI асарлардаёқ муносиб қадрланган ва кўплаб тилларга таржима қилинган.

Бугун тақдимоти ўтказилаётган «Қозон шаҳридаги Алишер Навоий қўлёзмалари» каталоги ҳам рус тилида сўзлашувчи халқлар учун муҳим манба бўлади, деб ишонаман», — дея таъкидлади Асаджон Ходжаев. 

Тадбирда Алишер Навоий асарларини чуқур ўрганиш, ёшлар орасида кенгроқ тарғиб этиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, буюк мутафаккирнинг ўлмас ижодини келажак авлодга тўла-тўкис етказиш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан бири экани қайд этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер