Россия ядро қуроллари машғулотини ўтказиш сабабини очиқлади

11:47 07 Май 2024 Дунё
509 0

Фото: AP

Европа етакчилари Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтирганидан сўнг Россия тактик ядро қуроллари бўйича ҳарбий машғулотлар ўтказилишини маълум қилди.

Кремль душанба куни Россия президенти Владимир Путин буйруғи билан ўтказилаётган ҳарбий машғулотлар Ғарб ва НАТОга аъзо давлатларнинг Украинага қўшин киритиш ҳақидаги баёнотларига жавоб эканлигини билдирди.

Россиянинг стратегик ядровий кучлари мунтазам равишда машғулотлар ўтказади. Аммо баёнотда бутун бошли шаҳарни йўқ қилиб юборадиган стратегик қуролдан кўра, кичикроқ тактик ядро қуролларидан фойдаланиш айтилган. Москва ўтган ҳафта Эммануэль Макроннинг агар Киев муҳтожлик сезадиган бўлса, ўз аскарларини киритиш ҳақидаги гапидан кейин ҳаракатга тушиб қолган. Франция раҳбаридан бир кун ўтиб, Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Россия ичидаги нишонлар ўққа тутишда Буюк Британия қуролларидан фойдаланиш Киевнинг қонуний ҳуқуқи эканлигини эслатди.

Расмий Москва НАТО аъзолари ўз аскарларини Украинага жўнатса, альянс билан зиддият муқаррар тус олишини айтиб келади. Россия ва АҚШ дунёдаги энг йирик ядровий кучлар бўлиб, дунёдаги 12 100 та ядро каллакларнинг 10 600 тадан ортиғига эгалик қилади. Хитой учинчи йирик ядровий арсеналга эга, ундан кейин Франция ва Буюк Британия ўрин олган.

Ядро қуролининг аниқ тавсифи қандай?
Тактик ядро қуроллари кўпинча уларнинг ҳажми ва масофаси ёки чекланган мақсадлар учун ишлатилиши билан белгиланса-да, умумеътироф этилган таърифи йўқ. Ушбу қуролларни тавсифловчи аниқ ўлчам мавжуд эмас. Лекин улар одатда анъанавий бомбаларга қараганда анча катта бўлиб, портлашдан ташқари радиоактив хусусиятга эга ва бошқа ҳалокатли таъсирларни келтириб чиқаради.

АҚШ ҳарбийлари ушбу қуролдан ишлаб чиқариш, инфратузилма, транспорт ва алоқа тизимларини нишонга олишда ишлатишади ва бошқа қуроллардан фарқли ўлароқ “Стратегик қуроллар” деб атайди. Тактик қуроллар эса чекланган имкониятга эга бўлиб, баллистик ракеталардан анча паст бўлган ракета, артиллерия снарядларига ўрнатилиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер