Россия ИИВ муҳожирларга транспорт воситасини бошқариш ва пул ўтказишни тақиқлашни таклиф қилди. Мамлакатда муҳожирлар учун яна қандай чекловлар тайёрланмоқда?

19:14 28 Ноябрь 2023 Дунё
191 0

Фото: Коммерсантъ

Россия Ички ишлар вазирлиги ноқонуний мигрантларнинг ҳаётини мураккаблаштирадиган ва улар учун назорат остида бўлиш тартибини жорий этувчи қонун лойиҳасини тайёрлади. Бу эса уларга автомобиль ҳайдаш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ва пул ўтказишни тақиқлаши мумкин. Бундан ташқари, Россиянинг бир қатор ҳудудларида 2024 йилдан бошлаб чекловлар қўлланила бошлайди ва бу меҳнат рухсатномаси бўлган чет элликларга ҳам таъсир қилади.

Назорат остида қолиш режимини Россияда қолишга қонуний ҳуқуқига эга бўлмаган муҳожирларга нисбатан қўллаш таклиф қилинмоқда. Уларни тегишли реэстрга киритиш режалаштирилган. Бунинг сабаби вақтинчалик яшаш ва яшаш учун рухсатноманинг амал қилиш муддати тугаши, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ёки виза, вақтинчалик бошпана ва фуқароликни бекор қилиш бўлиши мумкин.

Қонун лойиҳасига кўра, реэстрга киритилган муҳожирлар юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўта олмайди, кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказа олмайди ва автомашина сотиб олмайди, рўйхатдан ўтказа олмайди ёки эгалик ҳуқуқини бошқаларга ўтказа олмайди. Бундан ташқари, ноқонуний муҳожирлар учун автомобиль ҳайдаш ҳуқуқини чеклаш режалаштирилмоқда. Шунингдек, улар ҳайдовчилик имтиҳонини топшира олмайди ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштира олмайди. Бошқа чекловлар орасида банк ҳисобини очиш, пул ўтказиш ва турмуш қуриш мумкин эмас.

Россия Давлат Думаси Ички ишлар вазирлигининг ноқонуний мигрантлар учун чекловлар бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Депутат Султон Ҳамзаев бу фикрни асосли ва ҳақиқатга мос деб атади.

“Бу чекловларни жамоат хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳамма нарсани ҳуқуқий майдонга олиб кириш учун қўллаб-қувватлаш керак. Гап, биринчи навбатда, Россия қонунчилигига 100 фоиз риоя қилиш ҳақида кетмоқда”, — деди парламентарий ва бу қонун лойиҳасига албатта овоз беришини таъкидлади.

Давлат Думаси муҳожирларга шифокор, ўқитувчи, фармацевт ва такси ҳайдовчиси бўлиб ишлашни тақиқламоқчи

Жорий йилнинг октябрь ойида “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” партияси Давлат Думасига муҳожирларга, жумладан, мамлакатга қонуний йўл билан келганларга таълим, тиббиёт, фармацевтика ва таксида ишлашни тақиқловчи қонун лойиҳасини киритган эди.

Тушунтириш хатида Россияга меҳнат муҳожирлари оқими ўсишда давом этаётгани қайд этилган. Шу билан бирга, уларнинг иш ҳақи русларнинг иш ҳақига тенг бўлди ва Россия иқтисодиёти учун фойдали бўлишни тўхтатди. Бундан келиб чиқиб, депутатлар иқтисодий фаолиятнинг ҳар бир турида хорижий ишчиларнинг рухсат этилган улушини беш фоизгача чеклашни таклиф қилдилар.

Ўз навбатида, Давлат Думаси спикери ўринбосари Пётр Толстой рус тили давлат тили бўлмаган мамлакатлар фуқаролари жамоат жойларида ишламаслиги кераклигини айтди.

“Агар рус тили сизнинг давлат тилингиз бўлмаса, кечирасиз, бу мамлакатлар фуқаролари жамоат жойларида — ҳайдовчи, сотувчи ва айниқса Яндех курьерлари сифатида ишламаслиги керак. Бундай масъулиятли иш улар учун эмас”, Давлат Думаси вице-спикери Пётр Толстой.

Россиянинг қатор ҳудудларида муҳожирларга озиқ-овқат саноатида ишлаш тақиқланмоқда

Шу йилнинг ноябрь ойида Челябинск вилояти 2016 йилда жорий этилган барча йўналишларда муҳожирларнинг такси ва йўловчи автобусларини бошқаришига қўйилган тақиқни узайтирди. Ушбу чора патент асосида ишлайдиганларга ҳам тегишли.

10 ноябрь куни Тула вилояти ҳам 2024 йилдан бошлаб муҳожирларга жамоат транспортини бошқаришни тақиқлаш режасини эълон қилди. Бундан ташқари, хорижликлар умумий овқатланиш ва алкоголь, тамаки маҳсулотлари, озиқ-овқат ва ичимликлар чакана савдосида ишлай олмайди. Бугун, 28 ноябрь куни вилоят губернатори Алексей Дюмин бу ҳақдаги тегишли ҳужжатни имзолади.

Таъкидланишича, чет эл фуқароларининг бўлиш тартибини кучайтириш вилоят аҳолисига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади. Янги қоидалар фақат Россияда патент асосида ишлаётган мигрантларга нисбатан қўлланилиши ва Россияда вақтинчалик прописка ёки пропискага эга бўлган шахсларга таъсир қилмаслигини таъкидладилар.

Шунингдек, 2024 йилнинг январь ойидан бошлаб муҳожирлар Магадан вилоятида жамоат транспорти ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлай олмайди. Вилоят раҳбари Сергей Носов томонидан имзоланган ҳужжатга кўра, транспорт компаниялари уч ой муддатда барча хорижликларни ишдан бўшатишлари шарт.

Россиянинг амалдаги қонунчилигига кўра, Россия билан визасиз режим мавжуд бўлган мамлакатлар фуқаролари Россияда ишлаш учун патент олишлари керак. Хусусан, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари Россияда рўйхатдан ўтган патент асосида ишлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?