Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчиси О.Мальгинов Ташқи ишлар вазирлигига таклиф этилди

2023 йил 21 декабрь куни Ташқи ишлар вазирлигига Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси О.Малгинов таклиф этилди. Учрашув давомида Россия вакилига «Россия сегодня» матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда «Справедливая Россия – за правду» партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатимизда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилди.
Россия Федерацияси каби дўст мамлакат партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган муносабатлари, афсуски, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслиги маълум қилинди.
Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, халқларимиз ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ўз навбатида, О.Малгинов тўлиқ масъулият билан З.Прилепиннинг баёнотлари Россия Федерацияси раҳбариятининг дўст ва мустақил Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлади.
Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги вакили сифатида Элчи «Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаган»лигини таъкидлади.
О.Мальгинов, шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқин вақт ичида ушбу ҳодиса бўйича изоҳ беришни режалаштираётганини таъкидлади.
Ташқи ишлар вазирлиги
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг