“Российская газета”: “Шарқий экспресс”. Ёхуд Ўзбекистонда кадрлар сиёсати ва туризм инфратузилмаси қай аҳволда? Мутасаддилар жавоб берди

Россиянинг нуфузли “Российская газета” нашрида ушбу сарлавҳада Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган янгиланишлар, хусусан, туризм соҳасидаги туб ўзгаришларга бағишланган мақола эълон қилинди. Таниқли журналист Владимир Снегирев қаламига мансуб ушбу материални айрим жузъий қисқартиришлар билан эътиборингизга ҳавола этяпмиз.
“Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар билан чегарадош бўлган ягона давлатдир. Яқин-яқинларгача унинг чегараларига “қулф осилган” эди. Аммо сўнгги йилларда Тошкент очиқлик ва кенг халқаро ҳамкорлик йўлига чиқди. Бу амалда қандай бўляпти?
Буюк Ипак йўли қаерга бошлайди?
Пусан университетининг лингвистика кафедраси профессори Азамат Акбаров Жанубий Кореяга келишдан олдин узоқ вақтлар Европа университетларида дарс бериб келган. У ўзининг 42 ёшида илм-фан соҳасида кўп ютуқларга эришди, ҳамкасблари орасида катта обрў қозонди, аммо ўзи туғилиб ўсган она Самарқандини ҳеч унута олмасди. Бинобарин, профессор Ўзбекистонда сўнгги йилларда рўй берган ўзгаришларни диққат билан кузатиб борди, айниқса, замонавий зиёли сифатида таълим тизимидаги ислоҳотларни алоҳида қизиқиш билан ўрганди. Ҳатто машҳур таълим интернет-порталида ўзининг танқидий колонкасини ҳам юритди. Доимий чиқишларида у коррупция, диссертантларнинг кўчирмакашликлари, паст даражада таълим бериш каби ўткир муаммоларни кўтариб чиқди...
Буларнинг барчаси нима билан якунланди? Азамат Акбаровни ватанига таклиф этишди. У яқинда ташкил этилган туризм университетида ўқув жараёнини йўлга қўйиши керак эди. Профессор ортиқча ўйлаб ўтирмади.
Биринчи проректор сифатида у ўз ишини инсоний фазилатлари ва малакаси замонавий талабларга жавоб бермайдиган, таниш-билишчилик ҳамда ошна-оғайнигарчилик орқали ишга кирган ўқитувчиларни лавозимидан бўшатишдан бошлади.
Зотан, Азамат Акбаров аввалбошиданоқ Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм халқаро университетига шунчаки навбатчи ўқув муассасаси сифатида эмас, балки замонавий типдаги олий мактаб сифатида қаради. Шунинг учун ўқитувчилар ва талабаларга энг қатъий талабларни қўйди.
- Битирувчиларимиз мисолида мамлакатимизга баҳо беришади, - дейди профессор. – Шу боис улар бенуқсон кўринишлари керак.
Мазкур таълим даргоҳида 13 та фаннинг барчаси инглиз тилида ўтилади. 70 нафар ўқитувчи – чет эллик. Ҳар бир хорижлик муаллимга ўқишсин, методика ва таълим бериш усулларини ўрганишсин деб икки нафардан маҳаллий ходим бириктириб қўйилган. Зеро, шу аснода кадрлар захираси ҳам шаклланади.
Бугунги кунда биринчи проректор ОТМда яна учта кафедра очишга тайёргарлик кўряпти. Булар медиа коммуникациялар(у ерда тревел-(саёҳатчи) журналистлар ва блогерлар тайёрланади), амалий хориж тиллари, IT технологиялар асосида смарт туризм йўналишларидир. Айни пайтда у Сорбонна раҳбарияти билан музокаралар олиб боряпти. Бундан кўзланган мақсад – самарқандлик талабалар учун Сена соҳилларида стажировка ўташ имкониятини яратиш.
- Сизнинг танқидий колонкангиз нима бўлди? – сўраймиз профессордан. – Ташлаб қўйдингизми?
- Ҳеч қанақасига. Бу кимгадир ёқадими-йўқми, юритишда давом этяпман.
Сиз билан ва сизсиз
Ўзбекистонга сафарим ҳақидаги ҳисоботни бежизга юқоридаги эпизоддан бошламадим. Сабаби у кўп жиҳатлари билан намуна бўла олади. Янги Президент Шавкат Мирзиёев бундан уч йил олдин мамлакат очиқлик, унинг демократик қадриятларга содиқлик, йирик иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар йўлига ўтганини эълон қилганди.
Мазкур ўзгаришлар эса кадрлар салоҳиятига умуман бошқача ёндашувни талаб этиши тушунарли. Мана, Тошкент нима учун қачонлардир у ёки бу сабаб билан мамлакатни тарк этиб, хорижда яхши таълим олганларга, ёш, куч-ғайратга тўлганларга, мустақил фикрлайдиганларга диққатини қаратди. Азамат Акбаров ҳам ана шулар сирасига киради. Бинобарин, туризм янги иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида танланган экан, уфқда мана шундай ёрқин ва илгари маҳаллий раҳбарлар ландшафти учун ноодатий бўлган кадрларнинг пайдо бўлиши табиийдир.
Уларнинг қаторидан жой олган яна бир янги танишим “МИФИ” Миллий ядро тадқиқот институти филиали ижрочи директори Алишер Санетуллаевдир. Мичиган университетининг ёш битирувчиси Тошкент яқинидаги ядро энергетикаси бўйича мутахассислар тайёрлайдиган янги ОТМга раҳбар этиб тайинланганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Жиззах вилоятида биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича қарор қабул қилингандан сўнг бундай мутахассисларга талаб кўпайиши шубҳасиз. Ушбу қурилиш “Росатом” билан биргаликда олиб борилади, бугун бу ҳақда Ўзбекистонда кўп гапиришмоқда, ёзишяпти.
Умуман олганда, Россия бу ердаги йирик ислоҳотларда муҳим ўрин эгаллаяпти. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети филиали ректори Қаландар Абдураҳмонов РИУ билан ҳамкорликда очилган замонавий “ақлли” аудиторияларни ғурур билан кўрсатди. Enter Engineering компанияси маъмурий директори Тимур Абдуллаев эса Humo Arena спорт-томоша мажмуаси бўйлаб экскурсия уюштириб берди...
12500 ўринли трибунага эга ушбу ноёб иншоот очилишида Москвадан келган энг машҳур хоккей юлдузлари иштирок этибди.
Бутун мамлакат бўйлаб қулоч ёзган қурилиш майдонларига чет эллик инвесторлар аввалига журъатсиз муносабат билдирган бўлса, ҳозир уларнинг қизиқишлари жуда фаол даражага кўтарилган. Ҳатто бу хорижга пул ишлаш учун кетганларнинг ҳам эътиборини тортяпти. Суҳбатдошимнинг тасдиқлашича, яқин-яқинларгача Россияда Ўзбекистондан 6 миллиондан ортиқ меҳнат мигрантлари ишлаётган бўлса, бугун уларнинг ярми ватанига қайтиб келган.
Фақат паловгина эмас..
Келинг, яна мақола бошида ҳикоя қилганим – Ўзбекистондаги ўзгаришларга қайтамиз. Бугун туризм, шубҳасиз, энг сезиларли кўрсаткичлардан биридир. Биргина далил: танишиш мақсадида республикага келганлар сони охирги уч йилда икки баробардан зиёдга кўпайган, сайёҳлик тармоғидан олинаётган даромадни эса эндиликда илгари пахта экспорти давлатга берган даромад билан қиёсласа бўлади.
Ҳукуматда туризм соҳасига бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов масъул. У ҳам ёш, жиддий – янги типдаги раҳбар. Японияда ўқиган, Тошкентда қатор юқори лавозимларда ишлаб, раҳбарликнинг яхши мактабини ўтаган. Айнан у асосий вазифасидан ташқари “Ипак йўли” туризм халқаро университети ректори ҳам ҳисобланади. Бу ҳам давлат томонидан туризмга эътибор қаратилаётганининг яна бир тасдиғидир.
У билан суҳбатимиз Самарқанддаги қадимги мадраса деворлари тагида кечди. Шу куни халқаро марафон иштирокчилари, 23 давлатдан келган югурувчилар финишга етиб келишган эди. Вақти-вақти билан бош вазир ўринбосари, узр сўраб, навбатдаги ғолибни тақдирлаш учун саҳнага кўтарилар эди. Шу орада унга бир қатор саволлар беришга улгурдим.
— Бу сизларда бир марталик акциями ёки тез-тез уюштириб турасизларми?
Азиз Абдуҳакимов: — Деярли ҳар куни. Биз Ўзбекистонни фестиваллар мамлакати деб эълон қилдик. Шунинг учун турли шаҳарларда халқаро турнирлар, фольклор байрамлари, ҳунармандчилик кўргазмалари, санъат намояндалари билан учрашувлар, конференциялар, ярмаркалар, кўрик-танловлар... доимо ўтказиб турилади.
Биз дунёга очиқмиз деганимизда, бу шунчаки декларация эмас. Авваллари бор-йўғри 9 давлат фуқаролари Ўзбекистонга визасиз келишлари мумкин эди, бугун уларнинг сони 86 тага етди. Прогнозларга кўра, 2023 йилда 10 млн. нафар меҳмонни қабул қиламиз.
Шунга яраша қонунчилигимизда ҳам инқилобий ўзгаришлар қабул қилинди. Мисол учун, хориж фуқароларининг Ўзбекистонда бўлиши бўйича турли чекловлар олиб ташланди. Илгарилари улар ўз дўстлари ёки қариндошлари квартиралари ва уйларида қолиш ҳуқуқига эга эмас эдилар. Рўйхатдан ўтказиш тизимининг ўзи эса жуда ноқулай бўлиб, кўп вақт ва куч талаб этарди. Ҳозир эса рўйхатдан ўтмоқчи бўлсангиз, бундай процедура интернет орқали амалга оширилади ва дақиқалар кетади.
— Бироқ Ўзбекистонга биринчи марта келишим эмас. Юртдошларингиз меҳмондўстлиги(айтганча, унинг тенги йўқ)ни эътироф этиш қаторида хизматлар соҳасида кўплаб муаммолар бор эди. Тўғриси, инфратузилма жаҳон стандартларидан анча узоқда эди.
Азиз Абдуҳакимов: — Мутлақо ҳақсиз. Бу борада катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Масалан, авваллари ресторанлар соат 11 гача ишларди. Энди охирги хўранда чиқиб кетмагунча ишини тўхтатмаяпти. Ёки олдинлари меҳмонхоналарга расмий никоҳга эга бўлмаганлар қўйилмасди. Ҳозир бундай эмас. Машинани ижарага олиб бўлмасди. Ҳозир бу ҳам худди Ғарбий Европа ёки Россиядаги каби ҳеч қандай муаммосиз амалга ошириляпти.
Меҳмондўстликнинг замонавий инфратузилмасини яхши интернетсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шунинг учун роутерлар сотиб олиш, тармоқни ётқизиш, трафикка тўлаш ва интернет қурилмаси билан боғлиқ бошқа харажатларни туробъектнинг солиқ солинадиган базасидан олиб ташлаганмиз. Ҳозир исталган меҳмонхонада, кўплаб кафе ва ресторанларда интернетдан фойдаланиш имконияти мавжуд. Цензура, техника билан боғлиқ ҳеч қандай чеклов йўқ.
Яна бир янгилик. Бу МДҲ мамлакатлари орасида биринчиси ҳамдир. Уч ва тўрт юлдузли меҳмонхоналар қурилишида иштирок этаётган инвесторларга ажратилган маблағнинг 15 фоизидан 25 фоизигача давлат томонидан қайтариб берилади. Агар сиз бу ерга қандайдир бренд(франшиза), мисол учун меҳмонхона тармоғини олиб кирсангиз, давлат харажатларни қоплаб беради.
Агар ушбу дастурни амалга ошириш бошлангунга қадар бизнинг хоналар фондимиз бор-йўғи 28 мингтага мўлжалланган бўлса, ҳозир уларнинг сони 44 мингтага етди. Биз яна 600 та янги меҳмонхона барпо этамиз.
Компенсация тизими туристлар билан чартер рейсларни амалга оширувчи хориж авиакомпанияларига нисбатан ҳам қўлланиляпти. Биз ҳар бир йўловчи учун 20 доллардан қайтаряпмиз. Нофаол мавсум – 15 ноябрдан 15 февралга қадар эса ҳар бир олиб келинган меҳмон учун 50 доллардан компенсация қилмоқдамиз.
Тўртта — Бухоро, Қарши, Термиз, Нукусдаги аэропортларда чет эл авиакомпанияларига эркин, олдиндан шартларсиз рейсларни амалга оширишлари учун “очиқ осмон” дастурини амалга оширмоқдамиз.
— Буларнинг барчаси яхшию бироқ бундай катта оқимдаги туристларни профессионал қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун одамларни қаердан оласизлар?
Азиз Абдуҳакимов: — Биринчидан, биз меҳмонхоналарни франшиза тизими бўйича фаол жалб этмоқдамиз. Бу бошиданоқ дунё стандартлари асосида хизмат кўрсатиш имконини беради. Масалан, юртимизга “Hilton”, “Radisson”, “Hyatt” кириб келди. Бундан ташқари, ҳар бир вилоятда меҳмон кутиш соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича ихтисослаштирилган коллежлар очилган. Бизнинг “Ипак йўли” туризм халқаро университети ҳақида эса аллақачон биласиз. Кўплаб меҳмонхоналарда хорижлик юқори малакали ходимлар ишламоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ўзида ҳам ушбу тармоқ юксак даражага етган Туркия, Япония, Жанубий Корея, Испания, Франциядан маслаҳатчилар бор.
— Тоғ чанғиси курортлари бўйича савол. Очиғини айтганда, иссиқ Тошкентдан бир соатлик йўл юриб, чанғида учишдан роҳатланиш мумкинлигига унча ишонмай турибман.
Азиз Абдуҳакимов: — У ҳолда декабрь ойларида Чимён тоғларимизга келинг. У ерда жаҳон даражасидаги янги тоғ чанғиси маркази очилади. Биз ушбу ишга тизимли асосда ёндашяпмиз. Аввалига давлат даражасида муайян ҳудуддаги қурилиш лойиҳаси қилинади. Бунда табиат билан шубҳасиз уйғунлашиш, қатъий экологик талаблар, транспорт қулайлиги, архитектура ечимларининг энг юқори даражаси каби кўплаб омиллар инобатга олинади. Шундан сўнггина пудратни хусусий қурувчиларга берамиз.
— Шундай қилиб, Амирсойни Альп курортлари билан тенглаштирсам бўлар экан-да?
Азиз Абдуҳакимов: — Қаранг, тоғларимиздан қор ноябрь ўртасидан бошлаб апрель ўрталаригача эримайди. Ўша Куршевелнинг тажрибасини ўрганган ҳолда, ҳатто мавсум авжида ҳам кўтаргич(подъёмник) олдида навбат кутишларни минимум даражага тушириш бўйича ақлли тизим ишлаб чиқдик. Бундай курортлар бизда яхлит тармоққа айланади.
— Биз сиз билан қадимги Самарқанд шаҳрининг қоқ юрагида суҳбатлашяпмиз. Бу шаҳар бутунлигича энг буюк тарихий ёдгорликдир. Бундан ташқари, сизда Бухоро, Хива, Шаҳрисабз бор. Яна қандай жойлар хорижлик туристлар учун қизиқ бўлиши мумкин?
Азиз Абдуҳакимов: — Термиз жуда машҳур йўналишлардан бирига айланяпти. У ерда кўплаб буддавийлик артефактлари бор. Александр Македонский асос солган шаҳар-қалъалар, юнон-бақтрия шоҳлиги ёдгорликлари, Кушон империяси қолдиқлари мавжуд. Тоғлар, водийлар, ғорлар ва шаршараларни ўз ичига олган бетакрор табиат. Ўзига хос турмуш тарзига эга қишлоқлар. Ошқозон-ичакни тозалаш учун шифобахш булоқ сувлари. Сизга ҳам у ерга албатта боришни тавсия қиламан.
Биз ҳар бир меҳмон кўнгли тусаган саёҳат ёки ҳордиқни топа олиши учун туризм хизматларини диверсификация қилишга интиляпмиз. Тарихий ва диний муқаддас жойлар. Тоғ чанғиси курортлари. Зиёрат туризми. Этнотуризм. Экотуризм. Гастрономия. Агротуризм...
—Агро? Бу нима дегани? Биринчи эшитишим.
Азиз Абдуҳакимов: — Сайёҳлик индустриясининг юксалиб бораётган бренди. У илғор давлатлардаги шаҳар аҳолисини она заминга, табиатга интилишини қондиришга қаратилган. Хитойда, масалан, болалар нон ва помидорлар фабрикада тайёрланади деб билишади. Майдонга чиқиб, экиш ёки ҳосил йиғишда иштирок этиш учун катта талаб бор.
Ёки этнотуризмни олиб кўрайлик. Бу борада ҳам кўплаб янгиликлар бор. Бизда меҳмонлар маҳаллий аҳоли уйларида тўхтаб, у ерда яшаш имкониятлари яратилган қишлоқлар ва маҳаллалар пайдо бўлди. Тўғри, мавжуд қоидаларга кўра, бундай иморатлар замонавий санузел билан жиҳозланиши, қатъий гигиеник талабларга жавоб бериши керак. Аҳоли бундай хизматларни тақдим этишга тайёр. Чунки давлат уй-жойлар учун жиҳозлар, маиший техникалар сотиб олиш, миллий услубда интерьерлар ўрнатиш учун кредитлар беряпти.
Биз туризмдан даромадларни ҳисоб-китоб қилишнинг халқаро тизимига ўтдик ва биринчи марта миллиард долларлик довонни босиб ўтди. Мақсад – икки ярим миллиард долларлик маррага етиш.
— Суҳбатимиз мавзусига бевосита тааллуқли бўлмаган, аммо умумий вазиятни тушуниш учун яна бир савол бермоқчиман. Сиз Афғонистон билан чегарадошсиз. Биламизки, у ерда вазият нотинч. Бу қандайдир хавф туғдирмайдими?
Азиз Абдуҳакимов: — Биз Амударёнинг нарёғида барқарор ривожланаётган, барқарор иқтисодиёт ва замонавий ижтимоий ҳаётга эга тинч мамлакат бўлишидан жуда манфаатдормиз. Бунга кўмак беришга ҳар томонлама ҳаракат қиляпмиз. Мисол учун, Президентимиз ташаббуси билан ёш афғонларни ўқитиш учун йирик таълим маркази очилди. Бу даргоҳда улар турли касблар бўйича кўникмаларни ўзлаштиришлари, ўқитувчилик, шифокорлик, агромажмуалар, АКТ мутахассислиги бўйича дипломлар олишлари мумкин. Ушбу лойиҳага йирик донор мамлакатлар қизиқиш билдирди, улар бунда мураккаб вазиятдан чиқиш йўлини кўришди.
Чегара ҳудудларида ўзаро савдо зоналари, ўзига хос ярмаркалар ташкил этиляпти. Шундай қилиб икки қўшни мамлакат ишлаб чиқарувчилари автомобилдан тортиб михгача, ўзлари тайёрлаган маҳсулотларни айирбошлаш имконига эга бўлмоқда. Қолаверса, чегарада тиббиёт маркази барпо этдик. Афғон қардошларимиз соддалаштирилган виза режими ёрдамида бу ерга зарур консультация ва тиббиёт хизматларини олиш учун келишмоқда.
Яқинда “Валдай” Халқаро муҳокама клуби илк бор Ўзбекистонни ўзининг 10-юбилей конференциясини ўтказиш манзили этиб танлади. Кўплаб мамлакатлардан таниқли экспертлар Самарқандда йиғилишди ва бу ҳам биз танлаган йўл тўғри эканлиги ва у тан олинганининг яна бир далолатидир.
Мен “Российская газета” муштарийларини Ўзбекистонга таклиф этаман. Уларга максимум эътибор ва меҳмондўстликни кафолат берамиз.
Маълумот учун, “Российская газета” кундалик умуммиллий нашр бўлиб, унда давлат арбобларининг қабул қилинаётган қонунларга шарҳлари, ҳокимият, бизнес, маданият соҳасининг энг нуфузли вакиллари билан эксклюзив интервьюлар, дунёнинг турли нуқталаридан мухбирларнинг тезкор репортажлари, таҳлиллар ва прогнозлар бериб борилади.
Газета ўз мамлакатидаги энг йирик 13 тафилиалларига, Буюк Британия, Албания, Беларусь, Болгария, Босния ва Герцеговина, Бельгия, Германия, Испания, АҚШ, Украина, Франция, Жанубий Корея, Хитой ва Туркияда мухбирлик пунктларига эга.
С. МАХСУМОВ (“Халқ сўзи”) тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг