Риштонда жадидлар сиймоси акс эттирилган кулолчилик намуналари яратилмоқда
Дунёда инсон қалби ва онги учун кескин кураш кечаётган бугунги замонда миллий менталитетимизга хос қадрият ва анъаналарни асраб-авайлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада зиёлилар, ижодкорлар зиммасига ҳам катта масъулият юкланаётгани айни ҳақиқатдир.
— Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг яқинда бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз ахборот хуружларига қарши миллий контентлар яратиш зарурлиги масаласига бежизга жиддий аҳамият қаратгани йўқ, — дейди Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, Риштон туманидаги “Тоҳир Ҳайдаров кулолчилик уй-музейи” раҳбари Тоҳиржон Ҳайдаров. — Боиси ҳар қандай кўринишдаги хуружларни кучли маънавий иммунитет орқали енгишимиз мумкин.
Эътиборлиси, давлат раҳбари даъватидан илҳомланган рассом-кулол маърифатпарвар жадидлар сиймоси, ҳикматли ўгитлари туширилган кулолчилик намуналарини яратмоқда. Шу тариқа ўзига хос дизайнга эга халқ амалий санъати намуналари ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиб этиляпти. Ўз навбатида кулолнинг ўз хонадонида ташкил этган уй-музейи, Фарғона тарихи ва маданияти давлат музейи кўргазмаларида намойиш қилинмоқда. Шунингдек, буюртма асосида Фарғона водийси бўйлаб таълим муассасаларига етказиб берилаётир.
— Бугун том маънода ҳар биримиз жадид бўлишимиз керак! — дейди таниқли ижодкор. — Айниқса, ёш авлод қалбида ватанпарварлик, элпарварлик туйғуларини тарбиялашда биз зиёлилар фидойилик кўрсатишимиз лозим. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан билдирилаётган эзгу ташаббуслар ижобатини таъминлашга ҳар биримиз муносиб ҳисса қўшишимиз зарур.
Таъкидлаш жоизки, ўтган қисқа давр мобайнида Фарғона водийси вилоятларидаги таълим, маданият ва санъат масканларига жадидлар сиймоси ва пурмаъно ўгитлари туширилган кулолчилик санъати асарларини етказиб бериш бўйича амалий келишувларга эришилиб, буюртмаларни пешма-пеш ўз эгаларига етказишга киришилди. Бундан кўзланган асосий мақсад эса жадид боболарнинг маърифатпарварлик ғояларини халқимиз, айниқса, янги авлод ўртасида кенг тарғиб этишга қаратилган.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг