Риштонда агротуризм: истиқболли соҳа ривожи италиялик журналистлар эътиборида
Риштон туманининг Марказий Фарғона ҳудудида жойлашган бепоён ва гўзал табиат масканлари агротуризмни ривожлантиришда муҳим омилдир. Айни жиҳатларни инобатга олиб, 2017 йили тадбиркор Асроржон Ҳикматов “Рошидон наслдор туялари” фермер хўжалигини ташкил этди. Шу тариқа қарийб 100 гектар қаровсиз ётган қумлик ерлар ўзлаштирилиб, Қорақалпоғистондан бир нечта туя олиб келинган эди.

Бугунги кунда хўжаликда 50 бошга яқин туя парвариш қилинмоқда. Тадбиркор туячилик соҳасини йўлга қўйиш билан бир қаторда агротуризмни ҳам ривожлантиришга катта эътибор қаратаётир. Шу мақсадда маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун ҳудуд бўйлаб саёҳат, табиий усулда бунёд этилган қамиш уйлар, туя сути савдоси ташкил этилган.
— Ҳозирча сайёҳлар учун бир кунлик туризм маршрути ишлаб чиқилган, — дейди А. Ҳикматов. — Бу туя миниб, қум барханларида сайр қилиш ҳамда миллий анъаналар билан яқиндан танишиш имконини беради.

Ўз навбатида, меҳмонлар учун миллий таомлар тайёрлаб берилади, қишлоқ турмуш тарзи ва табиий муҳит билан боғлиқ қадриятларимиз кенг намойиш этилади. Мақсад туячилик тармоғини жаҳон андозалари даражасида ривожлантириш орқали экотуризм ва агротуризм йўналишида турли фестиваллар ўтказиб боришни доимий анъанага айлантиришга қаратилган.
— Шу кунларда юртингизда “Фарғона водийсининг туристик салоҳияти” номли ҳужжатли фильмни суратга олиш жараёнлари давом этмоқда, — дейди италиялик журналистлар делегацияси раҳбари Мариантионетта Каталидо Талес. — Айни мақсадда ушбу туячилик фермер хўжалиги фаолияти ҳақида ҳам қизиқарли лавҳалар олинди.

Дарҳақиқат, Фарғона водийсида агротуризм имкониятлари, миллий анъаналар ҳамда табиий манзаралар билан танишиб, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлигига қойил қолдик. Риштон тумани бўйича ҳам таассуротлар бир олам. Бу туманнинг боғдорчилик ва деҳқончилик соҳасидаги бой тарихи, кулолчилик мактаби ҳамда экотуризм салоҳияти жуда юқори эканлиги эътиборга молик.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг