Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати ташкил этилади

11:14 25 Сентябр 2021 Спорт
482 0

Фото: Ўзбекистон велосипед спорти Федерацияси

Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати ташкил этилади

Президентимизнинг “Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Хўш, мазкур ҳужжат билан соҳада қандай янгиликлар бўлиши кутилмоқда?

Қарорга кўра, Велоспорт турларини 2021 — 2022 йилларда ривожлантириш дастури тасдиқланди.

2022/2023 ўқув йилидан қуйидагилар ташкил этилади:

— Туризм ва спорт вазирлиги тизимига кирадиган Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати;
— қўшимча 25 та болалар-ўсмирлар спорт мактабларида ҳамда спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида велоспорт турлари бўйича бўлимлар;
— Бухоро, Қарши, Навоий ва Термиз олимпия захиралари коллежларида велоспорт турлари бўйича бўлимлар.

Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати ўқувчиларининг умумий контингенти 100 нафарни ташкил қилади.

Мазкур мактаб-интернатига велоспорт турлари бўйича белгиланган синов имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар 2022/2023 ўқув йилидан ҳар йили 5-синфга қабул қилинади.

2022/2023 ўқув йилидан:

— Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, барча олимпия захиралари коллежларида велоспорт турлари бўйича амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари босқичма-босқич ошириб борилади;
— Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус ва Фарғона филиалларида велоспорт турлари бўйича бакалавриат таълим йўналиши очилади. 

Шунингдек, Ўзбекистон велоспорт федерацияси ҳузурида Ўзбекистон профессионал велосипедчилар спорт клуби фаолияти йўлга қўйилади. 

Қарорга кўра, ҳар йили 3 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида узунлиги 15–20 километрдан кам бўлмаган веломарафонлар ташкил қилинади.

Бундан ташқари, 2022 йилдан ҳар йили велоспортнинг шоссе (Road) ва тоғ (MTB) турлари бўйича Тошкент вилоятида “Oqtosh-Chorvoq-Mountain”, Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилоятида “Save-Aral” кўп кунлик халқаро велопойгалари ўтказилади. 

Шу билан бирга, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида велошоссе спорт мажмуаси қурилади.

"Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?