Репетитор сабоғи – чинакам эҳтиёжми ёки оловга қалов?

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Мактаб таълими, айниқса, дунёвий фанларни эгаллаш ҳамиша ва ҳар қайси даврда катта маънавий эҳтиёж, инсон келажагини яратишнинг устувор омили саналиб келган. Шиддатли тараққиёт кузатилаётган ҳозирги давримизда эса масала янада долзарблашди, чуқур билимга эга бўлиш, хусусан, олий маълумот олиш ҳаётий талаблардан бирига айланди. Лекин олийгоҳга кириш осон иш эмас. Бунинг учун бошланғич синфдан бошлаб қунт билан ўқиш, энг муҳими, уқиб ўқиш керак. Амалда ушбу ҳақиқатни маҳкам тутиб, олий таълим муассасасига мустаҳкам билими билан эмин-эркин кираётган битирувчилар сони қанчани ташкил этади, деган савол туғилади. Замона зайли билан вужудга келган репетиторлик ва тайёрлов курслари ўқувчини мактаб дарсларидан тортиб олмаяптими?
Тортиб оляпти, бу энг аввало, давоматда яққол кўзга ташланади, жойларда ҳатто мактабни бир четга суриб қўйиб, тайёрлов курсларида ётиб ўқиётганлар бор. Нима бу, репетитордан дарс олмасанг, ОТМга кира олмайсан, деганими?!
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда биргина Наманган вилоятининг ўзида ўндан ортиқ нодавлат таълим муассасалари, болаларга алоҳида фанлар бўйича якка тартибда (албатта пулли) сабоқ бераётган репетитор ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда. Улар тайёрлаган битирувчиларнинг 80-90 фоизи давлат гранти ёки тўлов контракт шартномаси асосида талабалар рўйхатидан ўрин олмоқда.
Сиртдан қараганда, ёшларни тест синовларига бу тартибда тайёрлаш усули ўзини оқлаётгандай кўринади. Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам борда. У биринчи ўринда мактабдаги таълим жараёнига таъсирини ўтказиб, ўқувчиларни умумий фанларни четлаган ҳолда ўзи танлаган дарсларни ўрганиш билан чекланиб қолишига олиб келаётир. Бунда энг аълочи ўқувчилари якка тартибдаги таълимни афзал кўрган ўқитувчининг дарс ўтишга, ўз устида ишлашга иштиёқи сўниб бориши табиий ҳол. Қолаверса, истаймизми-йўқми бу билан билим беришда табақаланиш ҳолати юзага келиши икки карра иккидай гап. Масаланинг моддий томони ҳам мавжуд. Тайёрлов курси тўлови яхшигина пул туради, ваҳоланки, ҳамма ота-она бунга қодир эмас.
— Олий таълим муассасаларига бу йилги қабул натижалари билан қизиқдим, — дейди Наманганда нашр этиладиган “Эртакчи репетитор” газетасининг муҳаррири Муҳаммад Маматвалиев. — Республика бўйича абитуриентларнинг 43 фоизи тест саволларини 50 фоизгача ҳам ечолмади. Бу “икки баҳо” дегани эмасми?! Етарли балл тўплай олмаган йигит-қизлар ўзлари хоҳлаб-хоҳламаган тарзда паст балл талаб қилинаётган олийгоҳларни танлашяпти. Масалан, энг юқори ўтиш кўрсаткичи 189 балл бўлган ҳолатда ЎзМУнинг кимё факультетига даъвогарлар 77 балл билан қабул қилинди. Айни балл билан ўқишга кирган талаба ҳақиқатан ҳам кимёни яхши кўради, деб ўйлайсизми?! Бундай шароитда касбни юрак-юракдан танлаган, шу йўналиш бўйича пухта билим ва кўникма орттирган мутахассис шаклланиши қийин кечади, албатта. Масаланинг яна бир ташвишли томони, тайёрлов курсларида фақат танланган фанлар зўр бериб ўқитилаётганида. Уларни тамомлаётганлар кўпи билан тўрт-бешта фанни чуқур билади, халос. Масалан, математика, кимё ва физика ёки инглиз тилини сув қилиб ичиб юборган абитуриент милодий ва ҳижрий санани фарқлай олмайдиган ҳолатлар учрайди. Галактикалар ҳақида сўранг, тили тортилади, сабаби астрономиядан хабари йўқ, уни фан сифатида тан олмаган. Нима, муҳандис, кимёгар, АКТ, бошқа бир йўналиш дипломини қўлга киритаётган мутахассисга ҳаётда ва касбий фаолиятида адабиёт, мозийни билиш, мантиқий фикрлаш ҳам керак бўлмайдими?
Шу ўринда махсус курсларда тест синовларига зўр бериб тайёрланган ва талабалик бахтига эришган ёшларнинг олийгоҳдаги таҳсили қандай кечяпти, барчаси ўқишни кутилган даражада тортиб кетаётгани ҳам қизиқтиради, кишини.
— Репетиторлик сабоғи асосан хотирани сайқаллаштиришга йўналтирилган, — дейди Наманган давлат университети доценти Бахтиёр Исҳоқов. — Абитуриентлик арафасида турган инсон кўпроқ тестга киритилган саволларнинг жавобини олишга интилади. Тез-тез ўтказиладиган назорат дарсларида тўғри жавоб қайтаришга эришади ҳам. Тўғрисини айтганда, бу фанни чуқур эгаллади, дегани эмас. Ўқиш жараёнида ачинарли бир ҳолатдан таажжубга тушаман: кечагина юқори балл билан кирган айрим талабаларга бирор мавзу бўйича иншо ёзишни топширинг, қўли қалтирайди. Оғзаки нутқи ҳам бундан зиёда эмас.
— Якунланган ўқув йилида 85 нафар битирувчимизнинг 82 таси институт ва университетлар талабаси бўлди, — дейди Чортоқ туманидаги 53-умумтаълим мактаби директори Вазира Усмонова. — Имтиҳон тестларини муваффақиятли топширишда деярли барчасига мактабда олган билим ва кўникмалари кифоя қилди. Демоқчиманки, бизнинг ўқувчиларимизда тайёрлов курси ёки алоҳида репетиторга талаб йўқ. Уларнинг ўрнини муаллимларимизнинг ўзлари бемалол тўлдиришади. Чунки 78 нафар ўқитувчимизнинг 60 нафари олий ва биринчи тоифага эга, тажрибаси ҳам, ўқитиш салоҳияти ҳам етарли. Айтмоқчиманки, мактабда етарлича орттирилган билим ҳамиша ўз сўзини айтади.
Табиийки, ушбу мавзуга қўл уриш жараёнида келтирилган фикрларнинг аксарияти шахсий мулоҳазаларга асосланган. Уларни айтиш билан репетиторлик ва мактаб сабоғи ўртасида жар яратиш мақсадидан йироқмиз. Бинобарин, ўқишга киришда адолат янада маҳкам тутилиб, ОТМларга мактабда сабот билан ўқиган оқил ёшлар кўпроқ қабул қилинса, иқтидорлар четда қолиб кетмаса, деймиз. Токи, тестга тайёргарликнинг ҳар қандай кўриниши оловга қалов ёки имтиҳондан ўтишнинг механик воситасига айланиб қолмасин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг