«Реклама»ни нега дарахтга ўрнатдингиз?

16:33 21 Сентябр 2022 Жамият
957 0

Фото: Халқ сўзи

Яккабоғ туманида 50 та ҳолатда ташқи рекламаларни дарахтларга боғлаб, илиб ёки мих қоқиб ўрнатган тадбиркорлик субъектлари аниқланди. Уларга реклама материалларини дарахтларга ўрнатиш мумкин эмаслиги ҳақида айтилсада бундай ҳолатлар тез-тез такрорланмоқда.

Хўш, нега рекламалар дарахтларга ўрнатилмоқда, деган савол туғилиши табиий. Бунга тадбиркорлар рекламани ўрнатиш харажатларидан қочиб, шундай йўл тутишмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорига асосан, реклама объектларини (конструкцияларни) дарахтларга ўрнатишга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Шунингдек, амалдаги «Реклама тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, ташқи рекламани моддий-маданий мерос объектларида йўл белгиларида ва светофорларда, уларнинг тиргакларида ёки ҳаракатни тартибга солиб турувчи бошқа ҳар қандай қурилмаларда, шунингдек, дов-дарахтларни пайҳон қилиш ва туташ ҳудуддаги ободонлаштириш воситаларини бузиш йўли билан жойлаштириш тақиқланиши айтилган.

Ўрганишларимиз шуни кўрсатмоқдаки, баъзи тадбиркорларимиз дарахтларга рекламаларни жойлаштириш амалдаги қонун ва қарорлар асосида тақиқланганидан бехабарлигини айтишмоқда. Гоҳида эса билиб туриб, атроф-муҳитга, дов-дарахтларга зарар етказаётган тадбиркорлар ҳам учраб турибди. Яккабоғ туманида 20 дан зиёд ҳолатда табиатга бешафқатларча озор бераётган тадбиркорларга огоҳлантириш хатлари юборилди.

Табиатни кўз қорачиғидек асраш бизнинг фуқаролик бурчимиз. Чунки атроф муҳит ораста, ҳавомиз тоза ва яшиллик олами яшнаб турса, ҳаётимиз янада фаровон бўлади. Аксинча табиат унга етказилган озорни кечирмайди. 

Дилафрўз Хушвақтова,

Яккабоғ туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,

давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер