“Реал Мадрид”дан ғалаба, ПСЖ реванш олди
Кеча, 11 март куни Европа чемпионлар лигаси мусобақасининг ним чорак финал босқичи ўйинлари давом эттирилди. Кун доирасидан ўрин олган 4 та баҳсда мухлислар бир-биридан чиройли ўйинларга гувоҳ бўлишди.
Испаниянинг “Реал Мадрид” клуби ушбу босқич доирасида ўз майдонида Англиянинг “Манчестер Сити“ клубини қабул қилди. Ўйин олдидан “қироллик клуби”да жиддий муаммолар бор эди.
Жуд Беллингем, Килиан Мбаппе, Родриго, Эдер Милитао, Алваро Каррерас, Дани Себальос ва Давид Алаба каби футболчилар жароҳат туфайли майдонга туша олмасликлари маълум эди. Шу сабабдан баҳс олдидан кўпчилик меҳмон жамоани фаворит деб ҳисоблаётганди. Амалда эса “қаймоқранглилар” ҳаммани яна бир бор ҳайрон қолдиришни уддалашди.
Учрашувда ҳисоб 20-дақиқада “Реал Мадрид” сардори Федерико Вальверде томонидан очилди. Орадан 7 дақиқа ўтиб, уругвайлик футболчининг ўзи ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Тайм якунида Вальверде жамоасининг учинчи голини киритди. Биринчи бўлим шу ҳисоб билан якунланди.
Иккинчи бўлим ҳам “Реал Мадрид”нинг тотал устунлиги остида ўтди. 57-дақиқада Винисиус Жуниор пенальтидан гол кирита олмади. Шу тариқа баҳс 3:0 ҳисобида якунланди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов ўйинни асосий таркибда бошлади. Лекин афсуски, ўйин Ҳусанов учун омадли ўтмади. Унинг ҳаракатлари “Sofascore” портали томонидан 5,9 баллга баҳоланди.
Мусобақанинг гуруҳ босқичида бир қатор ғалабалари билан мухлислар оғзига тушган “Бодо-Глимт” жамоаси бу босқичда ҳам ўзининг ёрқин ўйини билан ҳаммани ҳайрон қолдирди. Жамоа ушбу босқичда Португалиянинг “Спортинг” клубини қабул қилди. Учрашув 3:0 ҳисобида мезбонларнинг ғалабаси билан якунланди.
Ўйинда ҳисоб 32-дақиқада пенальтидан очилди. Мезбонларнинг дастлабки голига Сондре Фет муаллифлик қилди. Тайм якунида Оле Дидрик Бломберг ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Биринчи бўлим шу ҳисоб билан якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 72-дақиқасида Каспер Хёг жамоасининг учинчи голини киритди. Шу тариқа баҳс “Бодо-Глимт“нинг ғалабаси билан якунланди.
АПЛ етакчиси “Арсенал” жамоаси ушбу босқичда Германиянинг “Байер Леверкузен“ клуби билан куч синашди. “Бай Арена”да ўтган баҳс 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди.
Учрашувда ҳисоб 46-дақиқада мезбонлар футболчиси Роберт Андрих томонидан очилди. Иккинчи бўлимнинг 89-дақиқасида “Байер Леверкузен” дарвозаси томон пенальти белгиланди. 11 метрлик жарима тўпидан Кай Хаверц унумли фойдаланиб ҳисобни 1:1 кўринишига келтирди. Шу тариқа дастлабки баҳс дуранг натижа билан якунланди.
Мусобақанинг амалдаги чемпиони ПСЖ жамоаси Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати финалида “Челси”дан ҳақиқий тарсаки қабул қилиб олганди. Бу натижа “парижликлар”нинг юрагида ўчмас из қолдирган чоғи, ушбу баҳсда Луис Энрике жамоаси рақибини аяб ўтирмади.
Учрашув 5:2 ҳисобида мезбонларнинг ғалабаси билан якунланди. Яна ҳам майдон эгаларининг 2 та голи офсайд сабаб бекор қилинди.
Ўйинда киритилган голларга ғолиблардан Хвича Кварацхелия (2 та), Витинья, Усмон Дембеле ва Бредли Баркола муаллифлик қилди. “Челси”нинг жавоб голлари эса Энсо Фернандес ва Малу Густо ҳисобига ёзилди.
Маълумот учун, ним чорак финал босқичининг жавоб баҳслари 18–19 март кунлари бўлиб ўтади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- “Барселона” қийин ғалабани қўлга киритди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг