«Реал Мадрид» УЕФА чемпионлар лигасини ғалаба билан бошлади

11:11 17 Сентябр 2025 Спорт
78 0

Кеча, 16 сентябрь куни УЕФА чемпионлар лигаси мусобақасининг 1-тур ўйинлари старт олди. Кун доирасидан ўрин олган баҳсда «Реал Мадрид» клуби ўз майдонида Франциянинг «Марсель» жамоасини қабул қилди.

Учрашув мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйин «мадридликлар» учун омадсиз бошланди. 5-дақиқада Трент Александер-Арнольд жароҳати туфайли Дани Карвахалга алмаштирилди.

22-дақиқада «Марсель» футболчиси ўйинда ҳисобни очди. Голга Тимоти Уэа муаллифлик қилди. 28-дақиқада Киллиан Мбаппе пенальтидан ҳисобни тенглаштирди.

Шундан сўнг, «қироллик клуби» ҳужумлар сериясини давом эттирди. Аммо «Марсель» посбони Жеронимо Рулли ишончли ўйнади ва бугун ўйин давомида 14 та сейв намойиш этди. Ўйин якунида «Sofascore» портали Руллининг ўйинини 9,7 баллга баҳолади.

Учрашувнинг 71-дақиқасида захирадан ўйинга қўшилган Дани Карвахал қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Шундан сўнг, «французлар» ҳам ҳужумни кучайтирди.

81-дақиқада «Реал Мадрид» яна пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлди. Ушбу ҳолатдан Киллиан Мбаппе яна бир бор аниқ фойдаланди ва ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди. Шу тариқа учрашув Мадрид клубининг ғалабаси билан якунланди.

Маълумот учун, Хаби Алонсо бошчилигидаги жамоа ўзининг навбатдаги ўйинини 20 сентябрь куни Испания Ла Лигаси доирасида ўтказади. Клуб ўша куни ўз майдонида «Эспаньол» жамоасини қабул қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?