Расман! Ханчжоу-2022 Осиё ва Параосиё ўйинлари қолдирилди

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Бу ҳақда пойтахтимизда ўтаётган Осиё Олимпия кенгашининг 70-йиғилишида эълон қилинди.

Бугун 6 май куни пойтахтимиздаги Форумлар саройида Осиё Олимпия кенгаши ижроия қўмитасининг 70-йиғилиши ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил этилганининг 30 йиллик шодиёнасига бағишланган йиғилиш бошланди.

Унинг очилиш маросимида Осиё Олимпия кенгаши президенти вазифасини бажарувчи Ража Рандхир Сингх, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Халқаро олимпия қўмитаси вакили Оливе Луис Ниамкей, ООК бош директори, Халқаро сузиш федерацияси (FINA) президенти Ҳусайн ал Мусаллам, ООК вице-президенти шаҳзода Абдулазиз бин Турки ал Файсал, Халқаро Кураш ассоциацияси раҳбари Хайдар Фармон каби мартабали меҳмонлар қатор давлатларнинг миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, иштирок этмоқда.

Осиё қитъасидаги олимпия ҳаракати учун муҳим бўлган ушбу анжуманнинг юртимизда ўтказилиши ўзига хос аҳамиятга эга. Бу, Ўзбекистонга қитъа олимпия ҳаракатининг юксак эътиборидан далолат.

ООК ижроия қўмитаси дастуридан бир қатор масалалар ўрин олган бўлиб, унда асосан 129 кундан сўнг бошланадиган «Ханчжоу – 2022» ёзги Осиё ўйинлари, жорий йилнинг 20-28 декабрида ёшлар ўртасида бўладиган «Шантоу – 2021» III Осиё ўйинлари ҳамда ёшлар ўртасида «Тошкент – 2025» IV Осиё ўйинларига тайёргарлик, мавжуд ва кўзда тутилган спорт турлари дастури каби қатор мавзулар муҳокама қилинмоқда.

Йиғилиш давомида Осиё Олимпия кенгаши президенти вазифасини бажарувчи Ража Рандхир Сингх ҳамда ООК бош директори, Халқаро сузиш федерацияси (FINA) президенти Ҳусайн ал Мусалламга Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 30 йиллигига бағишлаб таъсис этилган орден тантанали равишда топширилди.


Анжуман давомида дастурга биноан Ханчжоу-2022 ташкилий қўмитаси ҳисоботи тингланди.
Хитой олимпия қўмитаси вакилларининг онлайн ҳисоботида мамлакатдаги Covid-19 билан боғлиқ мураккаб эпидемиологик вазият туфайли тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси бир йилга кечиктирилиши эълон қилинди.
Анжуман ўз ишини давом эттирмоқда.





Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Конституциявий қонун лойиҳаси 25 июнь кунидан «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарида умумхалқ муҳокамасига қўйилади
- Тадқиқот хулосаси: Коронавируснинг давомли асоратлари эмланганларда кам кузатилади
- Тўпаланг ГEС иншоотида техник носозлик тўлиқ бартараф этилган. Вазият барқарор — «Ўзбекгидроэнерго» АЖ
- Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
- «Китоб уйчалари», «Ёш китобхон клуби»... Artel компанияси китобхонликни кенг тарғиб қилмоқда
- Хиллари Клинтон 2024 йилги президентлик сайловларида иштирок этмаслигини маълум қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг