Қуёш панеллари даромад келтирмоқда

12:11 09 Октябр 2024 Иқтисодиёт
167 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Энергия самарадорлигини ошириш бўйича Самарқанд вилояти ҳудудларида амалий ишлар олиб борилмоқда. Аҳоли ва ижтимоий соҳа обеъктларни қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминлаш мақсадида вилоятдаги тижорат банклари томонидан 2023-2024-йилллар давомида 1 779 нафар жисмоний ва юридик шахсларга муқобил энергия воситаларини сотиб олиш учун 157 464 миллион сўм кредит маблағлари ажратилган. Жумладан, 1 426 нафар фуқарога 40 010 миллион сўм, 353 нафар юридик шахсларга 117 455 миллион сўм кредит берилган. Шунингдек, 2024-йил давомида 234 нафар жисмоний шахсларга 6 747 миллион сўм кредит маблағлари ажратилган.

– Жувозхона маҳалласида биринчилардан бўлиб менинг хонадонимга қуйш панеллари ўрнатилди. 25 миллион сўмлик кредит эвазига ўрнатилган мазкур панелларнинг қулайлигини бирдан сездим, – дейди Пайариқ туманидаги 14-мактаб директори Ғулом Эшатов. – Маҳалламизда яқинда электр энергиясида узилиш бўлди. Айнан қуёш панели сабаб хонадонимда чироқ ўчмади. Истаганда телевизор томоша қиламиз. Маиший техникаларни ишлатамиз.

Қуёшли кунлар кўп юртимизда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш жуда самарали. Бугунги кунда тежамкор қурилмалардан фойдаланиб, уйини электр билан таъминлашдан ташқари чўнтагига даромад ҳам келтираётганлар кўп.

Паст Дарғом тумани Найман маҳалласида яшовчи Алишер Ҳамроев ўз хонадонига қуёш батареялари ўрнатиб даромад олаётганлардан бири. У икки йилдан буён 15 КВалик қуёш панеллари орқали музлаткич, 2 та кондиционер, телевизор, ўнга яқин тежамкор чироқлардан фойдаланиб келади.

– Уйдан ташқари устахонамда ҳам турли қурилмалар ишлатаман, – дейди уста А.Ҳамроев. – Шу пайтгача электр энергияси учун кўп маблағ сарфлардим. Ҳисоблагичимда пули тугаб қолса, асабим бузиларди. Қуёш панеллари ўрнатганимда айрим танишларим “унинг фойдаси йўқ, музлаткич ва кондиционерни ёқишга кучи етмай тез ишдан чиқади”, дейишди. Шундай бўлсада, 28 дона панелни батареяси билан келтириб ўрнатдик. Бетўхтов ишлаб турибди. Эҳтиёждан ортган электр қувватини сотиб, даромад ҳам қиляпман.

Яқинда Алишер Ҳамроев уйига қуёш нурлари билан иситиладиган гелиоколлектор ҳам ўрнатди. Бу иссиқ сув муаммосини ҳал этди.

Электр энергияси ва табиий газга бўлган талаб йилдан-йилга ортиб бораётган бугунги кунда табиий энергия манбаларини сақлаб қолиш, муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш барча учун қулай.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер