Қуёш энергияси ёрдамида сизот сувлар тоза ичимлик сувига айлантирилмоқда

15:42 31 Октябр 2023 Жамият
106 0

Фото: “Халқ сўзи”

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг “Сув муаммолари тадқиқоти” лабораторияси “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖнинг муҳандис ва малакали илмий-техник мутахассислари ҳамкорлигида 2021 йилда ташкил этилиб, кимёвий, спектрал ва радиологик таҳлил ҳамда технологик тадқиқотлар гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган.

Комбинат мутахассислари ва университет олимлари томонидан ўтган даврда қуёш энергиясидан фойдаланиб, ерости сизот сувларини тоза ичимлик сувига айлантириш инновацион қурилмаси устида иш олиб борилди. Натижада бугунги кунда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳудудида тўлиқ қуёш энергиясидан фойдаланиб, ер ости сувларини тоза ичимлик сувига айлантириб берувчи янги намунадаги сув тозалаш қурилмаси яратилиб, синовдан муваффақиятли ўтди.

— Янги технологиянинг техник-ишлаб чиқариш жараёнларига батафсил тўхталиб ўтадиган бўлсак, сув 60 метрлик ер ости қудуғидан насос ёрдамида чиқариб берилади, — дейди Навоий ДКТУнинг “Сув муаммолари тадқиқоти” лабораторияси бошлиғи, техника фанлари доктори Ҳусниддин Вафоев. — Сув биринчи босқичда катионли фильтрга келади. Дастлаб лойқа ва муаллақ қум зарраларидан тозалангач сув катионлардан тозаланади, яъни асосан кальций ва магний ионлари ушлаб қолинади. Фильтрнинг яна бир афзаллиги шундаки, маълум вақт ўтиб катионлар кальций ва магний ионларига тўлгач, қайта регенерация қилиш (фильтрни қайта фаол ҳолатга келтириш) учун арзон маҳсулот, яъни ош тузидан фойдаланилади. Бундан ташқари, фильтр ичига юкланган катионитли смоладан беш йил муддатгача алмаштирмасдан фойдаланиш мумкин. Ушбу фильтр сув тозалаш қурилмасининг узоқ ва ишончли ишлашини таъминлаб беришда муҳим қисм саналади.

Кейинги босқичларда тозаланаётган сув юқори босим остида тескари осмос қурилмасига келиб тушади. Ушбу жараёнда сувни ёт моддалардан ажратиш учун мембранадан фойдаланилади. Мембрана беш босқичдан иборат. Биринчи босқичда 5 микронли полипропилен фильтрдан ўтказилиб, иккинчи босқичда кўмир адсорбентга сингдирилади. Учинчи босқичда эса 1 микронли фильтрдан ўтказилиб, мембранага берилади. Ушбу мембранадаги майда тешикчалардан фақатгина сув молекулалари ўта олади, холос. Ҳажми нисбатан йирик ионлар, кальций, магний, хлор, сульфатнинг асосий қисми эса ўта олмайди. Шундан сўнг сув минерализаторга юборилади. Минерализаторда минераллашган сув ультрабинафша нурлар ёрдамида турли бактериялардан тозаланади.Ичишга яроқли ҳолатга келтирилган сув 1000 дм. куб. сиғимга эга иккинчи — тоза ичимлик суви идишига келиб тушади.

Сув тозалаш инновацион технологиясининг яна бир муҳим конструкцияси сув тарқатиш қурилмасидир. Бу қурилма орқали истеъмолчилар 5 литр ва 10 литр ҳажмдаги сув идишларини керакли камерага жойлаштириш орқали осонгина сув олишлари мумкин.

Яқинда мазкур технология университет ҳудудида ўрнатилиб, шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатишни бошлади. Ушбу қурилма туни-кун ишлаб, ундан 1 литр сувни 200 сўмга харид қилиш мумкин.    

Янги технологияни тоза ичимлик суви етиб бормаган олис қишлоқларда ўрнатиш, уни янада такомиллаштириш орқали маҳсулот таннархини бунданда арзонлаштириш ва ҳажмини ишлаб чиқариш қувватини ошириш борасида изланишлар давом этмоқда.

Темур ЭШБОЕВ,“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?