Қуёш энергияси: табиий, экологик тоза ва тежамкор

15:46 09 Сентябр 2022 Жамият
2224 0

Иллюстратив фото

Дунёда ривожланишнинг бугунги босқичида энергияга бўлган талабнинг ортиши, энергия нархларининг доимий ошиб бориши туфайли замонавий, экологик тоза, энергия тежамкор технологиялар ҳамда қайта тикланувчи энергиялардан фойдаланган ҳолда яшил энергетика ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга.

Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида ҳам юртимизда “яшил” энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор берилган.

Истиқболли режага кўра, 2026 йилга бориб Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари ҳажми 8 000 МВтга, гидроэлектр станциялари ҳажми эса 2 920 МВтга (жами 10 920 МВт) етказилади. Бунинг натижасида юртимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 25 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари (“яшил” энергетика) улушини ташкил этади. Бу йилига қарийб 3 млрд куб метр табиий газни тежаш имконини беради. Тежалган газ билан йил давомида бир миллион хонадонни табиий газ билан таъминлаш мумкин. Шу миқдордаги табиий газ билан қўшимча равишда 15 млрд кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарса бўлади. 15 млрд кВт.соат ҳажмдаги электр энергияси мамлакатимиз аҳолиси йиллик истеъмолининг қарийб юз фоизини ташкил қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 10 июнь куни қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда давлатимиз раҳбари бугунги кунда юртимизда 2-3 миллиард киловатт соат электр энергиясига қўшимча талаб бороиги, келгуси беш йилда эса бу эҳтиёж 10 миллиард киловатт соатга ошиши кутилаётганлигини айтиб, бундай вазиятда энг самарали йўл уй, корхона, боғча, мактаб ва шифохоналарда муқобил энергиядан фойдаланишни кўпайтириш эканлигини таъкидлади.

Фарғона политехника институтида илмий ва инновацион ишлаб чиқариш ҳамда турли соҳаларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган 9 та марказ ҳамда марказлар қошида 12 та СПИН-ОФФ унитар корхоналари ташкил этилди. Унитар корхоналар самарали фаолияти давомида институтнинг ташқи ёритиш чироқлари учун қуввати 3,5 кВтли ҳамда 25 фоиз ички электр энергиясини таъминловчи 80 кВт фотоэлектростанция лойиҳаланиб ишга туширилди.

Шу билан бирга институт ҳудуддида талабаларга шарт шароитларни яхшилаш мақсадида,интернет тармоғини wi-fi ротори қурилмали, кичик қувватли элеткр энергияси истеъмолчиларни таъминлайдиган ҳамда ташқи ёритиш ва реклама чироқларини электр энергияси билан таъминлаш имкониятига эга соябон қурилмалари ишлаб чиқилди. Янги ерларни ўзлаштириш ҳамда суғориш тизимида фойдаланиш учун Гидротурбонасос қурилмаси яратилди.

Ҳозирги кунда ўртача ҳаво ҳароратининг ошиши ҳавони мутадиллаштирувчи қурилмаларга талабни ўсишига олиб келмоқда. Бундай муаммоларни бартараф этиш учун институт олимлари томонидан қуёш энергиясига мосланган кичик қувватда ишловчи ҳавони мутадиллаштирувчи қурилма ишлаб чиқилди. Шу билан бирга ҳаво ҳароратини иситиш учун қуёш энергиясида ишловчи иситгич фойдаланишга топширилди. Қуёш ҳаво иситгичи Олтиариқ туманида 15 та кам таъминланган оилалар томорқасида 3 сотихли инновацион иссиқхоналарда ўрнатилди.

Бугунги кунда қайта тикланувчи энергия манбалари асосидаги энергия тизимларининг умумий ва техник салоҳиятини баҳолаш билан бир қаторда, уларнинг ишлаб чиқариш қувватларини турли иқлимий ўзгаришларни инобатга олган ҳолда қисқа ва узоқ муддатли илмий башоратлашга йўналтирилган илмий-тадқиқот ишлари олиб бориляпти. Институт ҳудудида ўрнатилган актинометрик ва метрологик станция ёрдамида ушбу худуд учун ўртача соатлик, кунлик актинометрик ва иқлимий маълумотлар базаси яратилмоқда. Кузатувлар муайян географик ҳудудда қуёш энергиясини юқори аниқликда ишончли баҳолаш, қуёш қурилмалари ва энергия тизимларини лойиҳалаштириш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини башорат қилиш имконини беради.

Айни пайтда республикамиз ҳудудларидан оқиб ўтадиган ариқ, дарё, ирригация тизимларидаги каналларнинг гидроэнергетик салоҳиятидан фойдаланиш учун кичик сув босимларида ишловчи микро гидроэлектростанцияларни такомиллаштириш ёки уларнинг янги турларини яратиш ҳамда конструктив ечимларини ишлаб чиқиш ҳам долзарб вазифа. Бу борада институтда Андижон вилояти ҳудудидан ўтувчи Жанубий Фарғона канали сув объектида импорт ўрнини босувчи Микро ГЭСлар, гидроагрегат, генератор ва бошқарув электрон тизимлари лойиҳалаштириляпти. Шунингдек, турли қувватдаги Микро ГЭСларни тайёрлаш, йиғиш, монтаж қилиш ва тажрибадан ўтказиш ҳамда тижоратлаштириш ишлари бажарилмоқда.

 

Мирсоли Ўзбеков,

Фарғона политехника институти Энергетика факультети декани,

Акмал Қучқоров,

Электроника ва автоматика кафедраси мудири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?