Қуввати 228 МВт бўлган Норин ГЭСлар каскади лойиҳаси доирасидаги ГЭС-2 қурилишига старт берилди

Президентимизнинг 2023 йил 30 мартдаги “Гидроэнергетика соҳасини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2024 — 2030 йилларда мамлакатимиздаги мавжуд гидросалоҳиятдан фойдаланиш даражасини ошириш, янги гидроэнергетик қувватларни яратиш ва мавжудларини модернизация қилишга қаратилган инвестиция лойиҳалари доирасида Наманган вилояти Норин дарёсида умумий қуввати 228 МВт бўлган Норин гидроэлектрстанцияси (ГЭС)лар каскади қурилиши лойиҳасини амалга ошириш белгиланган.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан ушбу лойиҳа бошланғич нуқтасидан тортиб то якунига қадар ўз кучига таянган ҳолда, маҳаллийлаштириш доирасида ишлаб чиқариладиган асосий технологик қурилмалар (гидроагрегатлар) орқали амалга оширилади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ГЭСлар каскади республикада биринчи бор тўлиғича “Миллий ГЭС”га айланади. Лойиҳа тўлиқ “Ўзбекгидроэнерго” АЖ маблағларидан молиялаштирилади.
Бугун, 4 апрель куни АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Наманган вилояти Норин дарёсида қурилиши амалга оширилаётган лойиҳа объектига ташриф буюрди.
Ҳозирги кунда каскад таркибидаги ГЭС-1 қурилиши жадал суръатлар билан амалга оширилмоқда.
Лойиҳага кўра, Норин ГЭСлар каскади 6 та ГЭСдан иборат бўлиб, ҳар бирининг қуввати 38 МВт.ни ташкил қилади. Лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида йилига ўртача 1 025 млн. кВт.соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарилади. Йилига ўртача 430 минг хонадон электр энергияси билан таъминланади, йилига ўртача 277 млн. м3 газ иқтисод қилинади. Шу билан бирга, 130 дан ортиқ доимий иш ўрни яратилади.
Қурилиш объектига ташриф доирасида Бошқарув раиси масъуллар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида лойиҳа доирасидаги ГЭС-2 қурилишига старт берилди.
Эндиликда ГЭС-2 объектида қурувчилар томонидан тасдиқланган режага биноан, босқичма-босқич ер тайёрлаш, қурилиш-бетонлаштириш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари бошланади.
Шу билан бирга, Бошқарув раиси томонидан лойиҳага масъул мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, қурилиш-монтаж ишлари доирасида зарурий топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг