Қувасойда бўш иш жойлари ярмаркаси ўтказилди

15:22 25 Ноябрь 2024 Жамият
206 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилоятининг саноатчилар шаҳри – Қувасойда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижроси доирасида кенг қамровли тадбирлар ташкил этилди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда 10 минг нафардан ортиқ қувасойликлар иштирок этиши таъминланди.

Шу куни бўш иш ўринлари ярмаркаси, бепул тиббий кўрик, ҳуқуқий ва амалий кўмак кўрсатиш учун сайёр қабул ҳамда саноат маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Китобхонлик, хорижий тиллар бўйича танлов ва спорт мусобақалари ўтказилди.

Қувасой шаҳар давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан 20 нафар эҳтиёжманд оилаларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 13 та оилага сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Меҳнат ярмаркасида 80 нафар ишсизнинг бандлиги таъминланган бўлса, касб-ҳунарга ўқитиш учун 14 нафарининг ҳужжатлари расмийлаштирилди. 34 нафар хотин-қизларга тикув машиналари берилиб, касаначилик асосида ишлаши учун 7 та тадбиркорлик субъектига бириктирилди. Қарийб 300 нафар аҳоли вакиллари бепул тиббий кўрикдан ўтказилди ва дори-дармонлар билан таъминланди.

— Бугун оиламиз фаровонлигини таъминлаш учун менга тикув машинаси ажратилиб, фаолиятимни йўлга қўйиб олиш мақсадида тадбиркор Шоҳиста Абдуллаевага бириктиришди, — дейди “Кокилон” МФЙда истиқомат қилувчи Гулшода Йўлдошева. — Хонадонимда чеварчилик қилиб, кийим-кечакларнинг баъзи қисмларини тайёрлаб беришга келишиб олдик.

Тадбирда барча биргаликда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида турли манзарали ва мевали кўчатлар экди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер