Қурилишни вақтида тугалламаган қурилиш компаниясига нисбатан иш қўзғатилди

Бектемир туманида кўп қаватли турар жой мажмуасини қураётган «ZAMIN GREAT CITY» МЧЖга нисбатан иш очилди. Бу ҳақида Рақобат қўмитаси маълум қилди.
Унга кўра, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига фуқаро томонидан «ZAMIN GREAT CITY» МЧЖ билан тузилган шартнома юзасидан мурожаат келиб тушган.
Маълум бўлишича, фуқаро Тошкент шаҳри, Бектемир туманидаги кўп қаватли тураржойдан 39,47 кв.м майдонга эга 2 хонали хонадонни сотиб олиш учун 252 миллион 608 минг сўм тўловни амалга оширган. Бироқ, шартнома бўйича қурилиш муддати 2024 йил 4 чорак этиб белгиланган бўлишига қарамай, ҳанузгача уй топширилмаган. Ўрганишлар натижасида мазкур турар жой мажмуасидаги қурилиш ишлари тўхтаб қолгани аниқланган.
Юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси томонидан «ZAMIN GREAT CITY» МЧЖга нисбатан иш қўзғатган. Шунингдек, қурилиш муддатларига амал қилиш, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг моддий манфаатларини тиклаш бўйича ҳам чора-тадбирлар белгиланган.
«Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддасига мувофиқ, истеъмолчи белгиланган муддатда уй топширилмаган тақдирда, шартномадан воз кечиш, етказилган зарарни қоплаш ва тўланган маблағни қайтариш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ижрочи қурилиш муддатини бузгани учун қонунчиликда назарда тутилган пеня ва бошқа мажбуриятларни бажариши шарт», — дейилади қўмита хабарида.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига 2024 йилда қурилишда истеъмолчилар ҳуқуқларини бузилиши масаласи бўйича 1 минг 640 та, 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида эса 234 та мурожаатлар келиб тушган. Мазкур мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида жами 16 миллиард 159 миллион сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларни қурилиш шартномаларини имзолашда эҳтиёткор бўлишга, қурилиш компанияларини эса шартномавий мажбуриятларига қатъий риоя қилишга чақирган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг