Қурилиш саноатида илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш мақсадида янги марказ ташкил этилди

13:22 15 Июнь 2024 Иқтисодиёт
342 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Қурилиш материаллари саноатида илм-фан ютуқларини кенг жорий қилиниши тармоқда қўшимча қийматга эга, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг соҳани илм асосида ривожлантириш бўйича топшириқлари бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси қошида очилган “R&D тадқиқотлар маркази” мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Ушбу марказни ташкил этишдан асосий мақсад – ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда соҳа олимларини бир-бирига янада яқинлаштириш, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларининг асосланган тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек, “Инновацион актив корхона”лар яратишдан иборат.

Ушбу жараёнда марказ тайёр, илмий асосланган лойиҳаларни шакллантириш ҳамда уларни тижоратлаштириш натижасида соҳанинг “тадқиқот эҳтиёжи” ҳамда олимларнинг “тадқиқот йўналишлари”ни ўзаро уйғунлаштириб боради. Унга жалб этилган мутахассислар тижоратлаштиришга тайёр илмий асосланган лойиҳаларини тадбиркорлик субъектлари учун жозибадор кўринишга келтиради.

Шунингдек, “Times Higher Education”, “Quacquarelli Symonds”, “Springer” сингари илмий рейтинг берувчи йирик агентликлар тавсиялари асосида олим ва изланувчиларнинг тадқиқотлари натижаларини бутун дунёга эълон қилишга амалий ёрдам беради.

Марказ доимий тарзда соҳанинг асосий тадқиқот йўналишларини аниқлаш юзасидан таҳлиллар ўтказади ва таклифлар ишлаб чиқади.

Бундан ташқари, марказ мутахассислари томонидан маркетинг тадқиқотлари, тажриба-конструкторлик ва новаторлик ишланмаларини соҳа корхоналарга тақдим этиб боради.

Тадбир доирасида олим ва тадқиқотчиларнинг соҳани янада ривожлантириш юзасидан фикр-мулоҳазалари тингланиб, уларни амалга татбиқ этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Уюшма ҳузурида ташкил этилган лаборатория имкониятлари ва қурилиш материаллари “шоу-руми” билан танишилди.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер