“Қуйи Чотқол” ГЭС: келгусида қарийб 125 минг хонадонни электр энергияси билан таъминловчи йирик лойиҳа

16:23 26 Ноябрь 2022 Иқтисодиёт
545 0

Фото: “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти матбуот хизмати

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида барпо этилаётган “Қуйи Чотқол” ГЭС тўғонининг биринчи тўсиқ дарвозаси ёпилиши муносабати билан катта тадбир ташкил этилди.

Мазкур тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, Хитойнинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси вакиллари, шунингдек, хорижий лойиҳа компаниялари, жумладан, Россия, Эрон, Туркия, Хитой давлатларининг йирик лойиҳа бошқарув ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев очиб, ҳудудда амалга оширилаётган мазкур йирик гидроэнергетик иншоот аҳамияти хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Чотқол дарёсида амалга оширилаётган йирик лойиҳанинг вилоят энергетика тизимида муҳим аҳамият касб этиши, вилоят аҳолисини экологик тоза ҳамда арзон электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилиши борасида ўз фикр-мулоҳаларини билдириб ўтди.

Шундан сўнг “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов сўзга чиқиб, гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида, хусусан, “Қуйи Чотқол” ГЭСининг техник хусусиятлари ва аҳамияти хусусида маълумот берди.

Фото: “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти матбуот хизмати

Қайд этиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чотқол дарёсининг белгиланган ҳудудида қурилиш ишлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда.

Барпо этилаётган ушбу ГЭС лойиҳасида ҳар бирининг қуввати 22,5 МВт бўлган 4 та гидроагрегатни ўрнатиш мўлжалланган. Гидротехник иншоотнинг ўрнатилган қуввати 90 МВт бўлиб, йиллик ўртача электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 300 млн. киловатт-соатга тенг.

Шунингдек, ГЭСнинг тўлиқ ишга туширилиши 91,28 млн. м3 гача табиий газни иқтисод қилиш имкониятини беради. Иншоот гидрологик режимга таъсир қилмайди ва гидробиологик объектларга зарар етказмайди ҳамда атроф-муҳит ва табиат ўзгаришига таъсир кўрсатмайди.

Фото: “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти матбуот хизмати

ГЭС объектига олиб борувчи ҳамда қурилиш ишлари учун муҳим бўлган автотранспорт йўллари барпо этилди. ГЭС фаолияти учун зарурий ҳисобланган очиқ тақсимлаш қурилмаси (ОРУ) майдонининг ер ишлари тугалланиб, тайёр ҳолатга келтирилди.

Шунингдек, ГЭС қурилиш объектида сувни олиб ўтишга мўлжалланган тоннель қурилиши муваффақиятли якунланди. Бундан кўзланган мақсад – ГЭС тўғони қурилиши ишларини бошлаш, келгуси эксплуатация жараёнларида ҳам тоннель орқали сувнинг йўналишини вақтинча бошқа томондан йўналтириб туришга зарурий шароитни яратишдир.

Қурилиши бошланаётган “Қуйи Чотқол” сув омборининг лойиҳа бўйича умумий баландлиги 50 метр, сув тўплаш ҳажми 6,8 млн. мга тенг. Янги иншоотни 60 ой давомида, яъни 2021 —2025 йилларда қуриб, эксплуатацияга топшириш режалаштирилган. Қайд этилган кўрсаткич, яъни ГЭС қуввати келажакда ўртача 125 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади. Мазкур қуриладиган иншоотлар келажакда халқимизга 100 йил давомида хизмат қилади.

Мазкур объектнинг айнан Қуйи Чотқол дарёсида қурилиши режалаштирилгани сабаби, мамлакатимиздаги энг йирик сув омбори ҳисобланган “Чорвоқ” сув омборининг ўртача 65 фоиз гидроресурсларини айнан Чотқол дарёсидан оқиб келаётган сувлар ҳисобига шаклланади. Йилига 4-4,5 млрд. мЗ сув оқиб ўтади. Янги қурилаётган ГЭС йил давомида 11 ой ишлаш имкониятига эга.

Фото: “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти матбуот хизмати

Мазкур объект қурилишининг муҳим босқичи ҳисобланган – сувни айланиб олиб ўтувчи мураккаб тоннель қурилиши якунланди. Бундан кўзланган асосий мақсад — Қуйи Чотқол дарёси табиий оқимини тоннель орқали ўтказган ҳолда, ГЭС тўғони қурилишини бошлаш ҳамда келгусида эксплуатация жараёнларида ҳам тоннель орқали сув йўналишини бошқа томонга йўналтириш имкониятини яратиш ҳисобланади.

Эътиборли жиҳати, қурилиш ишлари доирасида Республикада биринчи марта махсус бетон қоришмаларидан фойдаланилади ҳамда мамлакатимиздаги илк бетон типидаги мустаҳкам тўғон бўлади. Натижада мазкур тўғонда қуриладиган ГЭС кун давомида электр энергиясига талаб кескин ошган даврда, яъни ростловчи қувватларда электр энергияни ишлаб чиқариш имконини беради.

Лойиҳа доирасидаги асосий тўғоннинг техник ечимлари мураккаблиги, геологик жиҳатдан оғирлигини иносбатга олиб, лойиҳалаштириш ишларига Туркиянинг “Долсар Инжирининг” , Эроннинг “У Сув Алан” ва бошқа шу каби жаҳон миқёсидаги компания мутахассислари жалб қилинмоқда. Асосий лойиҳа ишлари эса, Жамият тизимидаги “Гидропроект” АЖ томонидан амалга оширилмоқда.

Фото: “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти матбуот хизмати

Ушбу қурилиш ишларида 3 мингдан зиёд ишчи-қурувчилар жалб этилган. Ҳозирда ҳудуддаги табиат инжиқларига қарамасдан қурилиш ишлари икки сменада жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Лойиҳа якунига етказилиб, фойдаланишга топширилгандан сўнг, 120 ортиқ маҳаллий ёш мутахассислар доимий иш ўринлари билан таъминланади.

Шу билан бирга, “Қуйи Чотқол” ГЭС иссиқлик электр станцияларига нисбатан қуйидаги афзалликларга эга:

— ҳар йили 91 283,4 минг. м3 табиий газни иқтисод қилади;

— экологик тоза электр энергиясини ишлаб чиқаради, атмосферага зарарли чиқиндилар чиқиши қисқаради;

— ишлаб чиқарилаётган электр энергия таннархи нисбатан паст, яъни иссиқлик электр станциялари томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергия нархидан 8 — 10 баробар арзон бўлади;

— ГЭС ва унинг асбоб-ускуналарини эксплуатация қилишнинг техник муддати нисбатан узоқ, иссиқлик электр станциялардан икки баробар кўпроқ муддатга хизмат қилади;

— қайта тикланувчи, яъни сув энергияси манбаларидан фойдаланилади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда электр энергиясини ишлаб чиқаришда ГЭСларнинг иштироки йилдан йилга ошиб бормоқда ва бугунги кунда уларнинг улуши 15 фоизни ташкил қилмоқда.

Фото: “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти матбуот хизмати

Гидроэнергетика соҳасида бошланган изчил ислоҳотлар ҳамда жадал суръатларда олиб борилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари аҳоли ва саноат тармоқларининг электр энергиясига бўлган талабини қондиришга хизмат қилади. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, янги бунёд этилаётган ГЭСлар энергия манбаи бўлиш билан бирга, кўплаб янги иш ўринлари яратилишига ҳам замин яратади.

Мазкур кенг кўламли ишлар халқимизни рози қилиш, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятли, албатта.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер