Қўшимча қийматга эга миллий маҳсулотнинг 80 фоизи экспортга йўналтирилади

11:59 26 Май 2021 Кластер
2429 0

“Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари» уюшмаси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан Бухородаги “BCT CLUSTER” хорижий корхонасига пресс-тур ташкил қилинди. Тадбир давомида ОАВ ходимлари пахтани етиштиришдан тортиб, хом ашёни тайёр маҳсулот ҳолига келтиргунга қадар бўлган узлуксиз жараён билан танишдилар.

Қуйидаги мақола ушбу сафар таассуротлари асосида тайёрланди.

Пахта даласидаги инновация

“BCT CLUSTER” хорижий корхонаси таркибига кирувчи “BCT CLUSTER AGROKOMPLEKS” масъулияти чекланган жамияти Ромитан туманида жойлашган.8 минг гектар экин майдонига эга. Бу ерда ҳар қадамда бир янгиликка дуч келасиз. Чунончи, 2,5 минг гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди. Пахтани қайта ишлаш корхонаси замонавий технология билан жиҳозланган. Чигитни қайта ишлаб ёғ ва чорвабоп маҳсулотлар тайёрлашга ихтисослашадиган йирик корхона қурилмоқда. Машина-техника парки реконструкция қилиниб, замонавий шарт- шароитлар яратилди. Ҳар бир техника воситаси қайси далада, қандай иш билан шуғулланаётгани диспетчерлик пункnи орқали назоратга олинган.Корхонада ишловчиларнинг вақтни мазмунли ўтказишлари учун барпо қилинган, кўрса ҳавас қилгулик бинони айтмайсизми?

— Инновацион технологиялар аллақачон даламизга ҳам кўчиб улгурди, — дейди масъулияти чекланган жамият бош иқтисодчиси Мухтор Нуруллаев. — Мана бир мисол. Тажрибали мутахассис Иноят Нуровнинг ташаббуси билан ғўзага ишлов беришда янги усул жорий этилди. Бунда бир пайтнинг ўзида чопиқ трактори қатор орасини ҳам культивация қилади, ҳам керакли компонентлар билан тўйинтирилган суюқликни ғўза барг қисмига сепади. Иккита жараённи биратўла бажариш орқали бир гектар ердаги пахтага бир марта ишлов беришдан 96 минг сўм тежаб қолинмоқда. Агар 6,5 минг гектар майдонда пахта етиштирилаётгани инобатга олинса, камида 600 миллион сўм маблағ тежалаётгани маълум бўлади.

«Рўзғоримга қут-барака кирди»

“BCT CLUSTER AGROKOMPLEKS«да яна бир янгиликка қўл урилди. Бригада усулидан воз кечилиб, иш оилавий пудрат остида йўлга қўйилди. Ҳозир 2200 та оилавий пудратчи фаолият кўрсатмоқда. Ўтабек қишлоғида яшовчи Ўрин Ибрагимов ана шуларнинг бири.

— Бундан уч-тўрт йилча муқаддам иш излаб Россияга ҳам борганман, — дейди у. — Мусофирчиликдаги қийинчиликларни айтмай қўя қолай. Кластер очилдию менга ўхшаган деҳқонларнинг елкасига офтоб тегди. Қишлоғимга, оилам бағрига қайтдим. Кластерда ишлай бошладим. Рўзғоримга қут- барака кирди .Айниқса, оилавий пудратнинг жорий этилгани яхши бўлди. Мана шу дала — меники. Худди ўз томорқамдай унга меҳр қўйганман. Кетгим келмайди. Насиб этса, гектаридан 40 центнердан ошириб ҳосил оламан.

Ўрин ака чинакам деҳқон. Билимли. Республика газеталари бош муҳаррирлари исми-шарифларини номма-ном айтиб ҳамкасбларимизни ҳам ҳайрон қолдирди. Айтмоқчи, кластерда ишлаш ортидан ҳозир оиласи бюджетига ойига 1 миллион 800 минг сўм пул аванс тариқасида кирмоқда. Йил якуни бўйича яна мўмайгина даромад кўради.16 сотихли томорқасида бир қарич бўш ерни кўрмайсиз. Оғилида қорамоллари бор.

Ромитандаги мазкур кластер шарофати билан 3400 киши ишли бўлди. Ваҳоланки, “BCT CLUSTER AGROKOMPLEKS” ташкил топгунга қадар бу ерда фаолият юритган фермер хўжаликларида атиги 450 киши меҳнат қиларди.

106,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилди

Ромитандаги кластер корхонасида етиштирилаётган пахта Бухоро шаҳрида бунёд этилган замонавий тўқимачилик мажмуасида чуқур қайта ишланмоқда.

— “BCT CLUSTER” давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги «Бухоро вилоятида замонавий пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш чора- тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан барпо қилинган, — дейди йигирув, бўяш, тўқимачилик, «Деним» жинси матосига ишлов бериш, тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикаларидан иборат “Bukhara Cotton Textile” корхонаси раҳбари Олим Жумаев. — Ушбу йирик лойиҳани амалга ошириш учун жами 106,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар ўзлаштирилди. Кластернинг фабрикалари Германия, АҚШ, Бельгия, Франциянинг дунё тўқимачилик саноатида етакчи бўлган компанияларида тайёрланган энг замонавий технологик линиялар, асбоб- ускуналар билан жиҳозланган.

Бу ерда ўнлаб йигит-қизларни учратдик. Ҳар бири — ўз ишининг устаси.

— Жондор туманидаги Ҳазорман қишлоғиданман, — дейди ўзини Нигора Абдулҳақова дея таништирган қиз. — Йигирувчи вазифасида ишлаяпман. Қисқа муддат ичида бу замонавий линияда ишлаш сир-асрорларини ўзлаштирдим.Дурустгина маош оламан.Бу ерда ишлаш мароқли.

Ўзбекистонда биринчи миллий жинси бренди яратилди

Кластер томонидан ўтган йили 21 минг тонна пахта етиштирилиб, ундан қарийб 6 минг тонна ип калава, 300 минг погонометр жинси матоси ва 100 минг дона жинси тайёрланди. Хорижга 7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Шу тариқа ушбу йирик лойиҳа ташаббускори, иқтисод фанлари доктори, сенатор Муртазо Раҳматов кўп бор таъкидлаганидек, ўзимизда етиштирилган пахта қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотга айланмоқда. Бошқача айтганда, йиллар давомида хом ашё сифатида килограмми 1,2 – 1,5 долларга сотиб келинган толадан эндиликда 15 – 20 долларлик қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқариляпти. Энг муҳими, кластер томонидан Ўзбекистонда биринчи миллий жинси бренди — "В Jeans” яратилди. Харидорларга ушбу ёрлиқ остидаги жинси либосларни етказиб бериш мақсадида Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида 10 та савдо тармоғи ишга туширилди. Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида «Савдо уйи» очилди. Хорижий давлатларда ана шундай 100 та савдо нуқтаси фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Йирик ишлар ташаббускорларининг мақсадлари ҳам катта бўлади. Жорий йилда кластер томонидан 26 минг тонна пахта хом ашёси етиштириш, уни бирламчи қайта ишлаш орқали 9100 тонна тола олиш, толани чуқур қайта ишлаш эвазига 8450 тонна калава ип йигириш, кейинги босқичларда 15 миллион погонометр деним жинси матолар тўқиш, ундан 12,5 миллион дона «Деним классик» ва «Деним стрейч» шимлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Тайёр маҳсулотнинг 80 фоизи экспорт қилинади.

Истам ИБРОҲИМОВ,
(«Халқ сўзи»)

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?