Қоронғида кўриш имконини берувчи линзалар яратилди
Хитойдаги Фан ва технологиялар университети олимлари инсон ва ҳайвонларга инфрақизил ёруғликни кўриш имконини берадиган инновацион контакт линзаларни яратишди. Бу линзалар ёруғлик манбасини кўзга киритмасдан, уни инфрақизил тўлқинлар орқали қабул қилиб, инсон кўра оладиган ёруғликка айлантиради. Ажабланарлиси, ушбу линзаларда батарея ёки ҳеч қандай куч манбаи йўқ, улар мутлақо автоном фаолият кўрсатади.
Маълум қилинишича, линзалар шаффоф бўлганлиги учун инсонга оддий ёруғлик ва инфрақизил нурни бир вақтнинг ўзида кўриш имконини
беради. «Тадқиқотимиз инсонларга ортиқча ускуналарсиз супер-кўриш имконини берувчи қурилмалар йўлини очиб берди», — дейди тадқиқот муаллифи, Хитой Фан ва Технология Университети нейробиологи Тиан Хуе.
Линзанинг ишлаш принципи оддий: улар таркибидаги махсус нанозаррачалар инсон кўра олмайдиган инфрақизил ёруғликни қабул қилиб, уни 400–700 нанометр диапазонидаги кўринадиган ёруғликка айлантиради. Одатда бу тўлқин узунлиги инсон кўра оладиган чегарадан ташқарида — 800–1600 нанометр оралиғида бўлади.
Олимлар дастлаб бу заррачаларни сичқонларнинг кўзларига юбориш орқали инфрақизил нурни тўғридан-тўғри кўриш мумкинлигини исботлашган эди. Янги тадқиқотда эса нанозаррачаларни одатий юмшоқ контакт линзаларда ишлатиладиган мослашувчан, токсик бўлмаган полимерлар билан бирлаштиришди. Линзалар хавфсиз эканлиги тасдиқлангач, уларнинг функсияси сичқонлар ва одамлар устида синовдан ўтказилди.
Контакт линза таққан сичқонлар инфрақизил тўлқинларни кўра олганини билдирадиган хатти-ҳаракатлар қилишди. Масалан, инфрақизил нурлар билан ёритилган қути ва қоронғи қути ўртасида танлов берилганда, контакт линзали сичқонлар қоронғи қутини танлади, линзасиз сичқонлар эса фарқлай олмади. Шунингдек, контактли сичқонларда инфрақизил нурга дуч келганда қорачиғи торайиши ва мия тасвирида инфрақизил нурлар визуал ишлов бериш марказларини фаоллаштиргани цингари инфрақизил нурни кўра олишга оид физиологик белгилар ҳам қайд этилди.
Инсонлар устида олиб борилган тажрибада инфрақизил контакт линзалар ёрдамида иштирокчилар милтилловчи морзе кодига ўхшаш сигналларни аниқлаб олишди. Доктор Хуенинг айтишича, иштирокчилар контакт линзасиз ҳеч нарсани кўра олишмаган, лекин линзани таққач, инфрақизил нурнинг милтиллашини аниқ кўролган.
Ҳозирча контакт линзалар фақат LED инфрақизил нурларни аниқлай олади. Олимлар эса бу линзаларни янада сезгирроқ қилиб, заифроқ инфрақизил нурларни ҳам аниқлаш устида иш олиб бормоқда.
Анора Алимқулова,
ЎзЖОКУ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг