Қўрғонтепада янги савдо мажмуаси иш бошлади

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон вилоятида аҳолига қулай шароит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар давом этмоқда. Қўрғонтепа туманида фаолиятини бошлаган «Барака» савдо мажмуаси бунга мисолдир.
— 1,2 гектар майдонда барпо этилган ушбу масканда 114 та савдо дўкони мавжуд, — дейди мажмуа раҳбари Акмалжон Маъруфжонов. — Бундан ташқари 250 та савдо растаси ташкил этилди. Натижада ҳозирга қадар 220 та янги иш ўрни яратилди. Тез орада уларнинг сони яна 200 тага ортади.
Савдо мажмуасида тадбиркорлар ва харидорлар учун барча шароит яратилган. Автомобиллар тураржойи, кузатув камералари, ёнғиннинг олдини олиш тизимлари ҳам ишлаб турибди. Эътиборли жиҳати, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, савдо маданиятини шакллантириш, харидорларга сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида савдо қилувчилардан олти ойгача ижара ҳақи талаб қилинмайди.
— Туман марказий деҳқон ва буюм бозорлари бошқа жойга кўчирилгач, кўчада савдо қилишимизга тўғри келди, — дейди якка тартибдаги тадбиркор Сайёрахон Ботирова. — Бунинг учун автомобиллар ҳаракати фаоллашган йўл ёқаларида, ёғин-сочинда ишладик. Бу бизга ҳам, харидорларга ҳам қийинчилик туғдирди. Янги савдо мажмуаси фойдаланишга топширилгач, замонавий савдо расталарига кўчиб ўтдик.
Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва кийим-кечак савдосига ихтисослашган ушбу мажмуанинг ишга туширилиши харидорларга ҳам бир қанча қулайликларни яратди. Энди уларнинг туман марказидан ташқарида жойлашган бозорга қатнашига ҳожат йўқ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг