Қорақалпоғистонлик болалар таътилни Фарғонада ўтказмоқда

14:56 21 Июль 2022 Жамият
436 0

Фото: Халқ сўзи

Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа, Бўзатов туманлари ҳамда Нукус шаҳридан Фарғона вилоятига келган 302 нафар ўғил-қизлар Қўқон шаҳридаги «Коинот» оромгоҳида мароқли ҳордиқ чиқармоқда.

Оролбўйидан келган болажонлар ёзги таътилни мазмунли, унутилмас таассуротлар ила ўтказиши учун ушбу сўлим ва баҳаво масканда барча шароит муҳайё этилган.

Оромгоҳда футбол, шахмат, шашка, стол тенниси, волейбол, расм, рақс, адабиётшунослар, рус ва инглиз тили тўгараклари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, шоир-ёзувчилар билан учрашувлар, турли танловлар, вилоят бўйлаб тарихий-маданий масканларга саёҳатлар ҳам ўғил-қизларга бир олам қувонч, завқ улашмоқда.

— Бу йилги таътил эсдан чиқмайдиган таассуротлар билан бир умр ёдимиздан сақланиб қолади, — дейди қорақалпоғистонлик Умида Закаяева ва Шахзод Каримбоев. — Оромгоҳ бошлиғи Ҳусанбой Қосимов ва барча тарбиячилар жуда меҳрибон. Ҳар куни турли машғулотларда янги нарсаларни ўрганяпмиз, янги дўстлар орттиряпмиз. Бизга Фарғона жуда-жуда ёқди.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?