Қорақалпоғистонда сув таъминоти яхшиланмоқда
Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». Кейинги йилларда Орол денгизининг қуриши, минтақада кузатилаётган сув танқислиги Қорақалпоғистон Республикасининг олис ҳудудларидаги аҳолини ичимлик сув таъминотидаги муаммоларни ҳам ошишига сабаб бўлди. Негаки, канал ва ариқларда сувларнинг камайиши, ер ости сувларининг тортилиши табиий. Натижада олис ҳудудлардаги аҳоли бир неча чақиримдан сув ташиб истеъмол қилишига тўғри келарди.
Эътиборлиси, давлатимиз томонидан олис овуллардаги аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган хайрли ишлар натижасида кун бўйи оиладан бир киши сув ташиш билан овора бўладиган кунлар тарихда қолди. Бунга Қўнғирот туманидаги олис овулларга ичимлик сув етказиш борасидаги ишлар фикримиз исботидир.
Ҳудуд аҳолисининг мурожаатлари инобатга олиниб, 28,3 километр масофага ичимлик сув тармоқлари тортилмоқда. Бу ишларга 9,2 миллиард маблағ ажратилиб, қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур қурилиш доирасида 32 та сув сақлагич, сувни зарарсизлантириш ва битта насос станцияси объектлари янгидан қурилмоқда. Ажратилган 9,2 млрд. сўм маблағ асосида қурилиш объектида 2 сув сақлагич, сувни хлорлаш ва насос станцияларини янгидан қуриш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Мазкур ишлар якунлангандан кейин ҳудуддаги 380 дан ортиқ хонадонлар тоза ичимлик суви билан таъминланади.
– Ҳудудимиздаги «Майлибай», «Таза жол», «Қизил кош» ва «Еркин» овулларига ҳам сув тармоқлари тортилмоқда, – дейди овул нуронийларидан бири Исақ ота Салиев. – Биз олис ҳудудларгача сув тармоқлари орқали тоза ичимлик сувлари тортилишини яқингача тасаввур ҳам қилмагандик.
Илгари ёзда каналлар ва қудуқлардан сув олардик. Куз келиши билан уларда ҳам сув камайиб, сув таъминоти овул аҳолисини қийнайдиган кўп йиллик муаммолардан бири эди. Айни пайтда бир гуруҳ қурувчилар трассада асосий тармоқни тортаётган бўлса, яна бир гуруҳи хонадонларга сув тармоқларини тортиш, ҳисоблагичларни ўрнатиш ишларини амалга оширмоқда. Шу билан бирга, йўлларни таъмирлаш, транспорт хизматини яхшилаш борасидаги ишлардан ҳам овул аҳли хурсанд. Бунинг учун аввало, Президентимизга ва республика раҳбариятига ҳудуд аҳолиси номидан миннатдорлик билдирамиз.
Тумандаги «Хоразм» овул фуқаролар йиғини ҳудуди аҳолиси ҳам бугунги кунгача ичимлик сув муаммосидан қийналиб келаётганди. Ҳозирда мазкур ҳудудга ҳам 13,2 километр сув тармоқларини тортиш ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда. Бу ҳудудда қурилиш ишлари якунига етказилгач, жами 120 дан ортиқ хонадонга ичимлик сув етказилади.
– Овулимизга сув келгани биз учун катта тўй, – дейди Тўхтахон ая Артиқова. – Илгари аҳоли куни бўйи сув ташиш билан банд бўларди. Айниқса, сув камайиб кетган мавсумларда бир чақиримдан ортиқ масофадан сув олиб келишга мажбур бўладиган аёллар бу ишлар бошида турганларни дуо қилмоқда.
Шунингдек, олдин қудуқлардан сув ичиб келган тумандаги «Жеткеншек» ва «Хожа» овулларига ҳам эндиликда тоза ичимлик сув тармоқлари тортилиб, аҳолига сув етказиладиган бўлди.
Амударё туманидаги «Намуна» маҳалласидаги маҳалладаги 288 та хонадонни тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 11,5 километр узунликдаги сув тармоғини тортилади.
Белгиланган режага мувофиқ хонадонлар жойлашган ҳудудларнинг шарт-шароитлари ўрганилиб, сув тармоғини тортиш, ёнғинга қарши гидрантлар ўрнатиш, қудуқлар тайёрлаш ва хонадонларни кетма-кет сув тармоғига улаш уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Элликқалъа туманидаги «Ифтихор» маҳалласида яшовчи 846 та хонадонни марказлашган ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида янгидан 44 километр узунликда янги ичимлик сув қувурлари, 1 та сув тақсимлаш иншооти қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасида қуввати 500 м3 дан иккита резервуар, жами 1000 м3 бўлган 5 та сув етказиб бериш насоси қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 11 миллиард 500 миллион сўмни ташкил қилади. Қурилиш ишлари якунлангач маҳаллада яшовчи 846 та хонадон марказлашган ичимлик сув билан таъминланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг