Қорақалпоғистонда қурилганига 80 йилдан ошган «Суенли» магистраль канали реконструкция қилинади

15:44 27 Октябр 2022 Жамият
655 0

Фото: Халқ сўзи

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Франция тараққиёт агентлиги ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) мутахассислари иштирокида «Суенли» магистраль каналини реконструкция қилиш лойиҳаси муҳокама этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, лойиҳага кўра «Суенли» магистраль каналини бетонлаш, унинг гидротехник иншоотларини бошқаришни автоматлаштириш тизимига ўтказиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, канални реканструкция қилиш лойиҳаси доирасида сув ресурсларидан фойдаланиш ҳамда сув истеъмолида тежамкор технологияларни жорий этиш мақсадида ҳудуддаги жами 25 минг гектар суғориладиган майдонларни лазерли қурилма ёрдамида текислаш режалаштирилган.

— 1941 йили қурилган «Суенли» канали бугунга қадар реконструкция қилинмаган, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири ўринбосари Т. Мадиреймов. — Бу Амударёнинг энг қуйи қисмида жойлашган ва шимолий туманларни сув билан таъминловчи асосий канал бўлиб, узунлиги 96,6 километрни ташкил этади. Лойиҳавий сув ўтказувчанлик қобилияти 140 м3/секунд бўлиб, Хўжайли, Тахиатош, Шуманай, Қонликўл, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларининг жами 171 минг майдонларини сув билан таъминлашга мўлжалланган. Дарёдан оқиб келаётган сувлар асосан лойқа сувлар бўлиб, каналда чўкиндилар туриб қолиши, дамбалар емирилиб, лойиҳавий параметрлари ўзгариб кетиши натижасида керакли миқдордаги сувларни ўтказиш қобилиятини йўқотган. Каналнинг фойдали иш коэффициенти 0,57 фоизга тушиб, сув ўтказиш қобилияти 75 м3/сек ташкил қилмоқда. Натижада туманлардаги экин майдонларининг сувга бўлган эҳтиёжини таъминлашда муаммолар юзага келаётган эди.

Шунингдек, каналнинг туманларга сувни кўтариб беришга хизмат қиладиган йирик «Қорабайли», «Киндик-ўзак», «Табан-кўл» ва «Жинишке» сув тақсимловчи иншоотларида ҳам кўп йиллардан буён реконструкция ишлари олиб борилмаган.

Тадбирда каналда амалга ошириладиган ишлар ва бугунги ҳолати слайдлар ёрдамида тақдимот қилинди.

Каналнинг 96,6 километр қисмини бетонлаш ва йирик гидротехник иншоотларни ҳамда сув ўлчаш постларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиб, сувни бошқариш тизими янги замонавий технологиялар билан жиҳозланган ва автоматлаштирилган тақдирда унинг фойдали иш коэффициентини 0,57 дан 0,93 га ошириш мумкин.

Тадбир иштирокчилари «Суенли» магистраль каналининг сув олиш қисми ва гидроиншоотлар жойлашган ҳудудларга бориб, мавжуд ҳолат билан яқиндан танишдилар.

Ғайрат Отажонов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?