Қорақалпоғистонда Халқаро оила куни кенг нишонланди

19:34 15 Май 2024 Жамият
105 0

Шу йилнинг 15 май куни Нукусдаги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан байрам тантанаси ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг ўринбосари Р.Сапарбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни табриклади.

Таъкидлаб ўтилганидек, Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги қарори асосида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясининг тасдиқлангани юртимизда бу борада амалга ошириладиган ишларни янги босқич кўтармоқда.

Ҳақиқатан ҳам, халқимиз азалдан оилани Ватан ичидаги Ватан, жамиятимизнинг асосий бўғини, миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган муқаддас даргоҳ сифатида алоҳида қадрлаб келган. Сабаби барча эзгу ишлар оиладан бошланиб, ундан маҳаллага ва жамиятга кириб боради.

Тантанали байрам тадбирида «Энг намунали оила» танловида шаҳар ва туманлардан қатнашиб ғолиб деб топилган оила соҳибларига «Ибратли оила» кўкрак нишони, Жўқорғи Кенгес ва Вазирлар Кенгаши, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Нуроний жамғармаси ва бошқа идора-ташкилотлар томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Байрам тадбири санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?