Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги 19 тадан тиббиёт муассасаси юрак-қон томир касалликларини даволовчи 862 та ускуна билан жиҳозланади
Давлатимиз раҳбари тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш ва хизматлар сифатини оширишга доир таклифлар тақдимоти билан танишди.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида шифохоналар замонавий ускуналар билан таъминланмоқда. Бунинг учун бюджетдан ҳар йили камида 100 миллиард сўм ажратилаяпти. Шунингдек, ўтган йилнинг ўзида тиббиётни юқори технологик ускуналар билан таъминлаш учун 200 миллион доллар хорижий инвестиция, 94 миллион доллар грант жалб қилинди.
Натижада олдин фақат республика муассасаларида бўлган компьютер томографи, магнит резонансли томограф, ангиографлар ҳозир вилоятларда, ўнлаб туманларда ҳам бор. Бу ихтисослашган хизмат аҳолига янада яқинлашди, дегани.
Жорий йил ушбу мақсадларга давлат ҳисобидан 200 миллиард сўм ажратилган. Шунингдек, тиббиётга 370 миллион доллар хорижий инвестиция киритилиши мўлжалланган.
Тақдимотда тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш бўйича режалар баён этилди.
Хусусан, Осиё тараққиёт банкининг 100 миллион доллар маблағи эвазига республикадаги 230 та туғруқ муассасаси учун 45 турдаги 21 мингта тиббий ускуна ва 6 та реанимобил харид қилинади.
Германиянинг KfW банкининг 30 миллион евро маблағи ҳисобига Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги 19 тадан тиббиёт муассасаси юрак-қон томир касалликларини даволовчи 862 та ускуна билан жиҳозланади. Яна шу банкнинг 13,5 миллион евро гранти орқали Термиз шаҳрида ўқув маркази, талабалар турар жойи қурилади. Бу марказ замонавий ўқув-симуляция ва ахборот технологиялари билан жиҳозланади.
Давлатимиз раҳбари жиҳозлаш бу масаланинг фақат бир қисми экани, уларда ишлай оладиган малакали мутахассисларни ҳозирдан тайёрлаш кераклигини таъкидлади. Тегишли муассасалардаги шифокор ва ҳамшираларни қўшимча ўқитиш вазифаси қўйилди.
Ускуналардан самарали фойдаланиш ҳам муҳим. Масалан, вилоятларда ангиографлар юкламаси ўртача 34 фоиз. Томограф бўйича ҳолат ҳам ҳар хил.
Шу боис, ҳокимликлар билан бирга, давлат шифохоналаридаги юқори технологик ускуналардан самарали фойдаланиш бўйича аутсорсинг ва хусусий шериклик лойиҳалари йўлга қўйилиши белгиланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг