Қорақалпоғистон Республикаси: нурли истиқболга юз тутган замин

Халқимизда “Яхши гапнинг қаноти бор”, дейишади. 28 март куни Президентимиз томонидан имзоланган “Орол маданият саммитини юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарор бир ёзувчи сифатида юрагимни тўлқинлантириб юборди. Биргина менинг эмас, балки барча қорақалпоғистонликларнинг қалбига қувонч бахш этди бу хушхабар.
Хўш, нега? Боиси мазкур қарор оғир экологик аҳволга тушиб қолган Оролбўйи минтақасига ёрдам бериш бугун нафақат мамлакат миқёсидаги, балки бутун дунё эътиборидаги муҳим масалага айланганига яққол исботдир.
Қарорга кўра, ушбу нуфузли анжуман Оролбўйи минтақасида қулай табиий муҳит яратиш, ҳудуднинг ноёб маданияти ва тарихий меросини асраб-авайлаш ҳамда кенг оммалаштириш, ушбу йўналишларда илмий тадқиқот ишлари, инновацион лойиҳалар ва ижодий ташаббусларни амалга ошириш учун халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни янада кенгайтириш мақсадида 2025 йилдан бошлаб ҳар ўн саккиз ойда — баҳор ёки куз фаслларида ўтказиб борилади.
Биринчи Орол маданият саммити Самарқанд иқлим форуми билан уйғун ҳолда шу йил 4 — 6 апрель кунлари Самарқанд ва Нукус шаҳарларида юқори савияда ташкил этилади.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон томонидан Орол маданият саммити лойиҳасини амалга ошириш ташаббуси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2023 йил 22 — 24 март кунлари Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган сув ресурсларига бағишланган конференциясида илгари сурилган эди. Ушбу йирик ташаббуснинг тез фурсатда ҳаётга кўчгани кишини қувонтиради.
Бу каби лойиҳалар бир вақтлар муаммолар гирдобига чўкиб кетган Оролбўйи ҳудудида бугун янги нурафшон тонглар отаётганининг яна бир ифодасидир.
Шу ҳақда гап кетар экан, ўтган асрда собиқ иттифоқ ҳукумати томонидан қишлоқ хўжалиги бўйича охирини ўйламай олиб борилган нотўғри сиёсат оқибатида ҳудудда кескин вазият вужудга келгани ёдга тушади. Бу ердаги экологик инқироз туфайли аҳолининг тирикчилиги ўтмай қолганди, турли касалликлар, болалар, хотин-қизлар ўлими кўпайганди.
Оролбўйидаги мураккаб ҳолатни чуқур билган ва халқ дардини юракдан ҳис қилган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи ташрифини қорақалпоқ заминидан бошлагани ҳали-ҳамон эсимда. Бу ташрифни халқимиз юксак баҳолаган ва ниҳоят, минтақада оғир шарт-шароитлар яхши томонга ўзгаришидан умидвор бўлган эди.
Шукрки, ёруғ умидлар ҳаётда ўз ифодасини топди. Ўша ташрифдан кейиноқ барча мутасадди ташкилотлар ва мутахассислар жалб қилинган ҳолда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, уларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болаликни ҳимоялаш, оила ва маҳалла институтларига эътибор қаратиш, аёллар ва ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш каби қатор ўта муҳим масалалар зудлик билан ҳал этишга киришилди.
Натижада кейинги 8 йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодиёт тармоқлари, саноат, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳалари жадал ривожланиш палласига кирди.
Ҳаёт тўхтаб қолмади
Сайёрамиздаги энг катта кўлларнинг тўртинчиси бўлган Орол денгизининг қуриши дунёдаги йирик экологик фожиа экани бор гап. Бир пайтлар мавжланиб, уфқларга туташиб кетган Орол денгизи бир инсоннинг ўртача умри давомида қуриб-қақшади. Унинг бағрида яйраб юрган беҳисоб жониворлар, ўсимликлар, соҳилларида сув қушларию ёввойи ҳайвонлар бирин-кетин йўқолиб борди.
Кемасозлик, саноат, қишлоқ хўжалиги ривожланган минтақа иқтисодиёти, балиқчилик, чорвачилик ва мўйначилик билан кун кўрган аҳоли турмуши инқирозга юз тутди. Бир пайтлар йилига 40 минг тонна балиқ овланган Орол денгизида қирққа яқин турдаги балиқлар бўлган экан. Иккинчи жаҳон уруши пайтларида Мўйноқ консерва комбинатида 5 минг нафаргача ишчи ишлаган. Денгизнинг қуриши оқибатида минтақада 70 фоиз экин майдонларининг мелиоратив ҳолати пасайди.
Ҳаёт тўхтаб қолгандек эди гўё. Орол денгизининг шўрланганлик даражаси деярли 25 маротаба ортиб, дунё океанлари минераллашуви кўрсаткичига нисбатан 11 баробар кўпайди.
Денгиз ўрнида ястанган саҳродан кўтарилаётган туз ва қум йилига юз миллион тоннадан зиёдлигини олимларимиз ҳисоблаб чиқишган. Тузли чанг зарралари ҳатто Антарктида соҳиллари, Гренландия музликлари, Норвегия ўрмонлари, Япония боғларида, борингки, Ер сайёрасининг ҳамма ҳудудида топилмоқда.
Оролбўйи ҳудудидаги тўқайзорлар майдони деярли 90 фоизга қисқарди. Денгизнинг қуриши оқибатида транспорт, балиқчилик, чорвачилик, мўйначилик ва бошқа анъанавий фаолият турлари таназзулга учради, ишсизлик авжига чиқди. Аҳоли ўртасида камқонлик, онкологик касалликлар кўпайди.
Орол ҳудудида очилган, “Кемалар қабристони” номи билан машҳур бўлган қумга ботган кемалар музейи ўтган фароғатли йиллардан хотира бўлиб қолди...
Қорақалпоғистонлик соҳир овоз соҳибаси Азада Қарлибаева ҳамда созанда Гумисай Бердиханова жўрлигидаги ўланларни тинглаганмисиз? Улар “Орол денгизи шамоллари” лойиҳаси бўйича Европа давлатларида ижодий сафарда бўлганида мухлислар бахши қизнинг мунгли овозидан, гарчи қорақалпоқ тилига тушунишмаса-да, юракларга етиб борган оҳангдан мутаассир бўлишди, мижжаларда ёш ҳалқаланди...
Азаданинг ғамгин хонишларида Орол денгизи фожиаси намоён эди. У инсониятнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатлари ҳақида куйлади. Денгизнинг ўлик қирғоқлари кемалар қабристонига айланганидан дардини тўкиб солди. Бугун қорақалпоқ элида олиб борилаётган ислоҳотлар халқнинг кўнглига чироқ ёққани, уларда эртанги кунга ишонч уйғотгани ҳақида ўланлар айтди...
Бу — бор гап. Ўтган йиллар мобайнида Орол денгизи фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури доирасида Нукус шаҳри, унинг атрофидаги туманлар ҳамда овулларда амалга оширилаётган ишлар кўлами йил сайин кенгайиб боряпти.
Бу борада 2018 йилда Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондига асос солинди. 2021 йилда “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги БМТ резолюцияси қабул қилинди. Минтақани молиялаштириш, унинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, аҳоли саломатлигини тиклаш, ҳудудда яшил масканлар яратиш мақсадида 14 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилди.
Ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп
Статистика нима дейди? Ҳисоб-китобларга қараганда, бугунги кунга келиб сувнинг ҳажми 14 баробар камайди ҳамда денгиз ўз соҳилидан бир неча юз километрга чекинди. Сувсиз қолган майдонда 6,2 миллион гектардан ортиқ қумли ва тузли чўл пайдо бўлди. Шунинг 3,2 миллион гектар жойи Ўзбекистон ҳудудига тўғри келади. Қолган қисми Қозоғистон ҳудудида жойлашган.
Нима қилиш керак? Фожианинг оқибатини кутиб, қўл қовуштириб ўтириш қанчалик тўғри?
Аҳвол жуда оғир эди. Президентимиз 2016 йилда Шуманай туманида сайловчилар билан бўлган учрашувда чексиз фожиалар гирдобида қолган халққа далда берар экан, шундай деган эди: “Бундан буён ҳар бир туман ва шаҳарга, керак бўлса, чекка-чекка қишлоқ ва овулларгача кириб борамиз. У ерда истиқомат қилаётган одамларнинг дардини эшитамиз, муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқамиз ва ижросини қатъий назоратга оламиз...”
Шундай бўлди ҳам. Президент ўтган йиллар мобайнида ушбу минтақада амалга оширилаётган янгиланиш ва бунёдкорлик ишларини ўзи назорат қилди, ҳар гал Қорақалпоғистонга ташриф буюрганида, оқсоқоллар билан маслаҳатлашиб, уларнинг дуосини олди, янги-янги корхоналар бунёд этиш мақсадида киритилаётган инвестициялар ҳажмини ошириб борди.
Балки бу янгиланишларни ўз кўзи билан кўрмаган одам учун бир ҳикоя, эртакнамо гапга ўхшаб туюлар. Лекин қуриган Орол денгизи бўйида бажарилаётган ишлар кўламини тасаввур қилиш учун одам у ерга ҳеч бўлмаса, бир маротаба бориб ўз кўзи билан кўриши керак.
“Кўпдан қуш ҳам қутулмас”, дейдилар. Ўтган 40 йил давомида Оролқумга 400 минг гектар саксовул экилган бўлса, умуммиллий ҳашар бошлангач, унинг 2 миллион гектардан ортиқ қисмига саксовул, қорабуроқ, қандим, черкез каби чўл ўсимликлари уруғи экилди, яшил қопламалар барпо этилди.
Орол бўйларида бугун яна ҳаёт жонланди. Бу орада ҳудуддаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини яхшилаш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилди. Бугун улкан миқёсдаги яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари натижасида Оролқум саҳроси яшилликка бурканмоқда, флора ва фауна олами яна бўй кўрсатмоқда.
“Маданият Мўйноқдан бошланади”
Президентимиз 2018 йил Қорақалпоғистон Республикасига қилган навбатдаги ташрифида аҳолининг турмуш тарзи билан танишишни Мўйноқ туманидан бошлади. Кўчалар ўйдим-чуқур, фаолияти тўхтаган, мунғайган корхоналар, бинолар файзсиз. Бир пайтлар гуруллаб турган Мўйноқ аэропорти харобага айланган. Хонадонлар ночор аҳволга келиб қолган, қашшоқлик, ишсизлик авж олган. Аҳволни зудлик билан ўнглаш, халқнинг кўнглини кўтариш керак эди.
Давлатимиз раҳбари бундай оғир аҳволни ўнглаш учун “Маданият Мўйноқдан бошланади” деган шиорни ўртага ташлади, ўзи биринчилардан бўлиб, енг шимариб ишга киришди. Буни кўрган ёшлар, оқсоқолларнинг кўзларида умид учқунлари порлади, улар ҳам Қайрат камарини белга боғлашди. Ҳудудга катта маблағлар, инвестициялар жалб этилди, кўчаларга қайтадан асфальт ётқизилди, унинг четларига дов-дарахтлар, гуллар экилиб, яшил хиёбонлар барпо қилинди. Уйлар қайта таъмирланди, корхоналар қайта ишга туширилди. Янги замонавий тураржойлар қурилиб, аҳолига берилди.
Президентимиз бу орада яна бир марта Мўйноққа ташриф буюриб, ободончилик ва бунёдкорлик ишлари билан танишди, мўйноқлик ёшуллилар, маҳалла раислари, ёшлар билан учрашди. Ҳудудда рўй бераётган янгиланишлар Мўйноқ элида умид, келажакка ишонч уйғотганига гувоҳ бўлди.
Туман истиқболига оид режаларни амалга оширишга киришилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш йўналишида кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинди. Ижтимоий соҳа объектлари қурилди, муҳандислик-коммуникация тармоқлари қайтадан тикланди. 10 та хусусий мактабгача таълим муассасаси, “Янги Мўйноқ” шаҳарчасида дастурлашни чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган инновацион мактаб, болалар мусиқа ва санъат мактаби, ёпиқ сузиш ҳавзаси барпо этилди. Стадион ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактаби биноси реконструкция қилинди. Туман марказидан ажратилган 10 гектар майдон ўрнида маданий дам олиш маскани, 2 минг томошабинга мўлжалланган амфитеатр, Ёшлар маркази бинолари қад ростлади.
Туризмга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Туман марказида “Ҳунармандлар аллеяси” ҳамда “Балиқчилар қишлоғи” ташкил этилди. Нукус — Мўйноқ — Орол денгизи йўналиши бўйича самолёт ва вертолётлар қатновини йўлга қўйиш мақсад қилинди.
2022 йил 23 февралда эса қайтадан таъмирланиб ишга туширилган Мўйноқ аэропортига Тошкентдан кўтарилган биринчи рақамли борт, яъни Президент ўтирган самолёт қўнди...
“Мўйноқда рўй бераётган ўзгаришлар, кўзларингиздаги ҳаётдан мамнунлик кишини қувонтиради. Бу узоқ-узоқ ҳудудларга бориб қилаётган ишларимиз натижасидир. Агар кимдир бизнинг ислоҳотларимизга шубҳа қиладиган бўлса, Мўйноққа келиб кўрсин, маданият — Мўйноқдан бошланади”, деди Президентимиз.
“Бу дунёнинг кўрки — одам боласи”
Қорақалпоқ халқининг мумтоз шоири, адабиётимизда ўчмас из қолдирган буюк мутафаккир Ажиниёз бобомиз: “Бу дунёнинг кўрки — одам боласи”, дея таъкидлаган эди. Бу “Дунёни обод қилиш одам боласининг қўлида”, деган маънони англатса, не ажаб!
Ислоҳотлар, янгиланишларнинг таянч нуқтаси бўлган Қорақалпоғистонда яшаётган, кўнглида эзгу мақсад бўлган ҳар бир инсон бугун Ватан ободлиги учун фидойилик билан меҳнат қилмоқда, юрт равнақига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Ўтган даврда Қорақалпоғистон Республикасига хорижий сармояларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, контрактация соҳаларига мутлақ янгича ёндашиш, ҳамкорлик доираларини кенгайтириш, замонавий ишлаб чиқариш технологияларидан самарали фойдаланиш орқали ривожланишнинг янги поғоналарини эгаллашга эришилди.
Бу ҳақда шунчаки гапирмасдан, ўжар рақамларга мурожаат қиламиз.
Ўтган 2024 йилда инвестиция, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва бошқа давлат дастурлари доирасида 8 трлн. 553,2 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, олдинги йилнинг шу давридагига нисбатан 107,4 фоиз ўсишга эришилди.
Инвестиция дастури доирасида 152 та объектда 886 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари тугатилди ва 118 та объект фойдаланишга топширилди.
Автомобиль йўллари ҳолатини яхшилаш мақсадида дастурлар доирасида 1026 км. ички йўллар таъмирланишига эришилди. Шундан 104,7 км. қисми асфальтланди ва 921,3 км. тупроқ йўллар қум-шағал аралашмали йўлларга айлантирилди. Бундан ташқари, Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “А — 380” Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу автомобиль йўлининг бир қисмини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида 232 км. цемент-бетон қопламали йўл ётқизиш ишлари бажарилиб, фойдаланишга топширилди.
Сўнгги икки йилда Президентимизнинг Қорақалпоғистонда барча соҳани ривожлантириш ва аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган 14 та Фармон ва қарори, ҳукуматнинг 25 та қарор ҳамда фармойиши қабул қилинди. Қорақалпоғистон ҳудудида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар АҚШ, Франция, Италия, Испания, Нидерландия, Португалия, Болгария, Канада, Австралия, Миср, Исроил, Таиланд, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда.
Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони минтақада 196 тани ташкил этиб, 2016 йилдагига нисбатан 3 баробар ошди. Бугунги кунда “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонаси, Қўнғирот сода заводи каби йирик экспортчилар қаторида “Нукус Мед Тех”, “Ориент Текнолоджи”, “Себу Артемия”, “Амударётекс”, “Кантекс Инвест”, “Корпорация Арал Сан Бао”, “Биогумус”, “Ланэкстракт” ва бошқа экспортёр корхоналар ташқи бозордан ўз харидорларини топиб, Қорақалпоғистон ҳудудидан “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида калава ип, чарм, тиббий анжомлар, артемия цистаси, қизилмия илдизи экстракти, тўқимачилик ва мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бермоқда.
Қорақалпоғистон учун қўлланилаётган имтиёзлар ва преференциялар ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириб, хорижий ҳамкорларнинг кўпайишига, шунингдек, янги экспортбоп маҳсулотлар яратилишига замин бўлди. Саноат корхоналари томонидан 150 дан ортиқ янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Оролқум ўрнида яшил воҳа
Юртимиз бўйлаб кузатилаётган сув танқислиги Амударёнинг энг қуйи қисмида жойлашган Оролбўйи минтақасига янада кескин таъсир кўрсатиши табиий, албатта. Лекин ушбу минтақада сув таъминотини яхшилаш масаласи ҳамиша Президентимизнинг диққат эътиборида.
Тарихдан маълумки, ҳали цивилизация пайдо бўлмасдан олдин ҳам одамлар дарё бўйларини макон тутган. Чунки сув — ҳаёт манбаи, тириклик ва мўл ҳосил гарови ҳисобланади. Қорақалпоғистонда кейинги йилларда тегишли қарор ва дастурлар асосида сув тежовчи технологиялар жорий этилиб, пахта майдонларида томчилатиб, ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш ҳамда бошқа тежамкор усуллардан кенг фойдаланилмоқда. Шунингдек, ҳудудда энг самарали сув тежовчи усул саналган лазер ускунаси ёрдамида ер майдонларини текислаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.
“Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистоннинг 10 та ҳудудида аэробиологик мониторинг тизими йўлга қўйилди. Денгизнинг қуриган тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдон барпо этиш бўйича иш олиб борилмоқда. 2026 йил якунига қадар уларнинг умумий ҳажмини 2,5 миллион гектарга етказиш белгиланган. Бу — умумий ҳудуднинг 78 фоизи, демакдир. Оролбўйида халқаро “Яшил иқлим ўзгариши ва тупроқ емирилишининг олдини олиш”га қаратилган дастурлар асосида 300 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. Шаҳар ва туман марказларида ҳар 50 — 100 минг аҳоли учун жамоат паркларини ташкил этиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, жорий йилда шаҳар ва туман марказларида 64 гектар майдонда боғлар яратиш, тез ўсувчи ва бошқа дарахтлар плантацияларини 100 гектарга етказиш бўйича иш олиб борилмоқда. Ҳозирги кунгача ташкил этилган боғлар майдони 61 гектар, тез ўсувчи дарахтлар плантациялари ҳудуди эса 62 гектарга етди.
Таълим биринчи ўринда
Ҳар қандай даврда ёш авлод таълим-тарбияси асосий ўринда бўлиб келган. Айниқса, бугунгидек ҳаётимизга ахборот технологиялари тобора кириб келаётган глобаллашув жараёни болалар таълим-тарбиясига янада эътиборлироқ бўлишни тақозо қилади. Бинобарин, тарбияда танаффус бўлмайди. Бу борада кетма-кетликдаги оила, мактабгача, мактаб, ўрта махсус ҳамда олий таълим муҳим аҳамият касб этади.
Президентимиз томонидан мазкур соҳага алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Юртимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, соҳада давлат-хусусий шерикликни рағбатлантириш борасида қатор қарорлар қабул қилинди.
Нукус шаҳрида Президент мактаби, Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби, Опера ва бахшичилик мактаби, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Темурбеклар мактаби” қад ростлади. Бугунги кунда умумтаълим мактаблари билан бирга ушбу махсус мактаблар ўқувчилари нафақат Ўзбекистон, балки дунё миқёсида юқори натижаларга эришаётир. Ихтисослаштирилган мактаблар Нукус шаҳри ва туманларда ташкил этилмоқда. Уларда таҳсил олаётган ўқувчилар IELTS сертификатига эга бўляпти. Умумтаълим мактабларида бошланғич синф ўқувчиларининг бепул овқат билан таъминланиши Оролбўйи аҳолиси фарзандларига қилинаётган ғамхўрликнинг ёрқин мисолидир.
2016 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикасида 6 та олий таълим муассасаси фаолият юритарди. Соҳада олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бугунги кунда улар сони 10 тадан ошди.
2023 йилда Президентимиз Фармони билан Қорақалпоғистон Республикасида доимий истиқомат қиладиган ва умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларини тугатган ёшлар учун давлат гранти асосида қўшимча 3 мингта квота ажратилди.
Кам таъминланган оилаларда вояга етаётган қизларни ҳамда маданият, спорт соҳаларида республика ва дунё миқёсида муваффақиятларга эришган иқтидорли ёшларни олий таълимга қамраб олиш мақсадида махсус имтиёзлар берилди. Ҳар йили 6,5 минг нафар йигит-қизнинг вилоятлардаги давлат олий таълим муассасаларига қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилиниши йўлга қўйилди.
Санъат халқнинг жону дили
Шоир Ибройим Юсуповнинг “Дем бермеске деми жеткен қарындас”, деган шеърини Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Тамара Дошумова қўшиқ қилиб, маромига етказиб ижро этган. Кўплаб инсонлар ҳар сафар Қорақалпоғистонга келса, “Дем бермес”нинг баландлаб кетган авжини эшитгиси келади. Яна бир ўзига хос овоз соҳиби — халқаро мукофотлар совриндори Женисбек Пиязовдир. Унинг бобоси, Қорақалпоғистон халқ артисти Зийнел Пиязов, отаси, онаси, укалари — барчаси санъат соҳасида танилган, кўзга тушган инсонлар. Бугунги кунда ушбу санъаткорнинг шогирдлари ҳам кўпаймоқда.
Санъат шайдолари “Қорақалпоғистонликларга овозни худо берган”, дея бежиз айтмайди. Бу маконнинг кенг далалари, ўркач-ўркач қумлари, обод овуллари иқтидорли фарзандлари кўнглига илҳом бағишласа, ажаб эмас. Ўзбекистонга танилган Тамарахонимнинг замондоши, “Саҳро булбули” деган ном олган Ўзбекистон халқ артисти Ойимхон Шамуратова, таниқли қўшиқчилар Арзигул Атамуратова, Гулхан Ширазиева, Даўитбай Қайипов, Эшон бахши, Амет бахши ва бошқалар қорақалпоқ аҳлининг фахр-ифтихори саналади.
Театрлар ёш авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Кейинги йилларда салкам юз йиллик тарихга эга бўлган Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали театри “академик театр” деган юксак мақомга эга бўлди.
Миллий маданият, санъат, адабиёт ҳар доим тарихий воқеаларни, орзу-армонларни ўзида ифода қилган. Ҳали ишга тушганига кўп вақт бўлмаган Ўзбекистон давлат консерваториясининг Қорақалпоғистон бўлими, опера ва халқ миллий чолғулари мактаблари, ҳар бир туманда, овулларда очилган санъат, мусиқа мактаблари иқтидорларни излаб топиб, қўшиқчилик санъатини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бу санъат йўналишидаги ўқув муассасаларида халқимизнинг минглаб иқтидорли ёшлари таҳсил олмоқда. Шундай имкониятлар яратилганидан шодланган ёшларнинг ўз касбини эгаллашга бўлган интилишини уларнинг ёниб турган кўзларидан англаш қийин эмас.
“Қорақалпоғистон бўйлаб саёҳат қил!”
Бугунги кунда Қорақалпоғистон дунёнинг энг ноёб 16 та туристик масканидан бирига айланди. Буюк Британиянинг туризмга ихтисослаштирилган “Bradt Guides” нашриётининг 2023 йилда саёҳат қилиш учун тавсия этган дунёнинг энг ноёб туристик ҳудудлари рўйхатидан Чили, Коста-Рика, Исроил, Эстония ва бошқа сайёҳларни жалб қилувчи ноёб масканлар қаторида Қорақалпоғистон Республикаси ҳам ўрин олди. “Bradt Guides” экспертлари Мўйноқ туманида янги аэропортнинг ишга тушиши ва келгусида тезюрар поездларнинг йўлга қўйилиши натижасида Қорақалпоғистонга бориш янада қулай бўлишини алоҳида қайд этган.
Қорақалпоғистонда маданий-тарихий, зиёрат, археологик, гастрономик ва бошқа туризм йўналишларида кўплаб дастурлар амалга оширилмоқда. Бу ерда Бутунжаҳон моддий мероси объектлари рўйхатига киритилган қадимий қалъалар, 288 та маданий мерос объекти бор. Улардан Тупроққалъа, Aёз қалъа, Қўйқирилган қалъа, Катта Гулдурсун қалъаси, Пир қалъа, Aнқа қалъа, Қўрғошин қалъа ва Жонбос қалъа энг машҳурлари бўлиб, бу обидаларга келаётган сайёҳлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Қорақалпоғистон ҳудудида меҳмонхоналар тизимини диверсификация қилиш, яъни ҳудудда 4 ва 5 юлдузли меҳмонхона ташкил этиш, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун транспорт-логистика тизимини яхшилаш, хусусан, маҳаллий ҳамда хорижий авиа ва темир йўл қатновларини йўлга қўйиш, туризм соҳасида касб-ҳунар ва олий таълим сифатини ошириш каби қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Қорақалпоқ давлат университетида Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда “Туризм лабораторияси” очилди.
Зиёрат туризмига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Беруний туманида жойлашган “Султон Увайс бобо”, Мўйноқ туманидаги Ҳаким ота — Сулаймон Боғирғоний зиёратгоҳлари маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг эътиборини тортмоқда. Шунингдек, Орол денгизи, Судочье кўли ва Устюрт платоси имкониятларидан самарали фойдаланиб, Орол денгизининг суви сақланиб қолган ҳудуд — “Ақ тумсиқ” атрофида туристик мажмуа ташкил қилинди. Ҳозирги кунда 20 та тикланган ўтов ва хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳларнинг овқатланиши, дам олиши учун қулай шароитлар яратилган.
2026 йилгача Қорақалпоғистонга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сонини 180 минг ва маҳаллий туристлар сонини 1 миллион нафарга, туризм хизматлари экспортини 13,5 дан 60 миллион долларга, жойлаштириш воситаларида хоналар сонини мингтадан икки мингтага етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Кўнгил кўнгилдан сув ичар
Минтақанинг оқкўнгил, меҳнаткаш, дўстга меҳрибон, жасур, оғизбирли халқи Орол фожиасига матонат билан бардош берди, барча қийинчиликни сабр-тоқат, метин ирода билан енгиб ўтди. Қорақалпоғистондаги ислоҳотлар бошида турган, янгиланишлар ташаббускори бўлган Президентимиз уларнинг орзу-умидларига қанот берди, қўллаб-қувватлади.
Орол маданият саммити доирасида ушбу минтақанинг тупроқ ва иқлим шароитига мос бўлган қишлоқ хўжалиги экинларини ўрганишга ихтисослаштирилган лаборатория платформасини яратиш ҳамда уни мазкур йўналишда амалга ошириладиган илмий тадқиқотларнинг ўқув-амалиёт майдонига айлантириш кўзда тутилган. Оролбўйи минтақасида асрлар давомида шаклланган ноёб маданият ва анъаналарни асраб қолиш, кенг оммалаштириш, ушбу йўналишларда илмий тадқиқот ишлари, инновацион лойиҳалар ва ижодий ташаббусларни амалга ошириш учун халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилиниши ўз ижобий натижаларини беришига ишонамиз. Ана шу қарорнинг ҳар бир банди ижросини таъминлашда фақат тегишли идоралар раҳбарлари эмас, барчамиз масъулликни ҳис эта олишимиз лозим.
“Ҳаракат бўлган жойда баракот бўлади”, дейишади. Орол денгизининг қуриши натижасида юзага келган иқтисодий инқирозни юмшатиш, аҳволни ўнглаш учун ҳар биримиз ғафлат уйқусидан уйғонишимиз, ҳушёр тортишимиз, ҳаракатда бўлишимиз керак. Ўйлайманки, ана шунда биз кутган ва умидимизни узмай келаётган Орол денгизи бўйида янги ҳаёт қайнайди, қабул қилинаётган қарорлар эса уларга замин яратиб, улкан амалий ишларга йўл очади.
Албатта, минтақада аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, ижтимоий-иқтисодий ҳаётни юксалтириш йўлида бажариладиган ишлар ҳали кўп. Энг муҳими, бунинг учун ҳудуднинг барқарор ривожланишига мустаҳкам пойдевор яратилган. Бу борада хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни иқтисодий ўсишнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида қўллаб-қувватлаш, соҳаларни модернизациялаш, қулай инвестициявий муҳит яратиш Оролбўйи халқларининг оғирини енгиллаштириб бораверади.
Зеро, Қорақалпоғистонликлар меҳрдан куч олади. Чунки бу ерда инсонлар сув танқислиги шароитида ҳам, Ибройим Юсупов ёзганидек, бири-бирининг кўнглидан сув ичиб яшайверган. Бугун Оролбўйида амалга оширилаётган тарихий ишлар кўнгилларга булоқ сувларидек тоза ва шаффоф обиҳаёт улашмоқда. Одамларнинг умр мазмуни, орзу-умидлари рўёби — Орол денгизи гўё қалбларда қайта уйғонмоқда.
Ўрозбой АБДУРАҲМОНОВ,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг