Қора рўйхатга киритилган Исроил, қуршаб олинган Оқ уй, Дания Бош вазирига суиқасд, афсонавий астронавтнинг фожиавий ўлими, «Тесла» ишқибозлари учун нохуш хабар
Ассалому алайкум, халқаро майдонда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларнинг қисқача шарҳи «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг таҳлилий-информацион дастурида
БМТ Исроилни қора рўйхатга киритди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антонио Гутерриш Исроилни уруш ҳудудларида болаларга етказилган зарар учун қора рўйхатга киритди. Шу пайтгача бу рўйхатда ИШИД, «Ал-Қоида» ва «Боко Ҳарам» каби террорчи гуруҳлар бор эди.
Маълумотларга кўра, Исроил Гутерришни бу ҳаракатдан қайтариш бўйича бир қанча музокаралар олиб борган бўлсада муваффақиятcизликка учраган.
Ушбу сиёсий тақиқ мамлакатнинг обрўсига жиддий зарар етказиши мумкин. Чунки БМТ органлари, жумладан, Бош Ассамблея, Хавфсизлик кенгаши, Халқаро суд ва Гаагадаги Халқаро жиноят суди томонидан ҳам тилга олинади.
Дания бош вазири ҳам суиқасдга учради
Дания бош вазири Метте Фредериксен Копенгаген марказий кўчаларидан бирида номаълум эркак ҳужумига учради.
Манбага кўра, Фредериксенга ҳужум қилган шахс дарҳол полиция томонидан ҳибсга олинган, бироқ воқеа бош вазирни шок ҳолатга тушириб қўйган.
Европада сиёсий етакчиларга бўлган ҳужумлар тобора кўпайиб бормоқда. Ўтган ой Словакия бош вазири мамлакатнинг Ҳандлова шаҳрида суиқасддан омон қолган эди.
БМТнинг 11 нафар ходими Яманда асирга олинди
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 11 ходими Ямандаги ҳусийлар ҳаракати томонидан ҳибсга олинган. Ташкилот ҳусийлардан зудлик ўз ходимларини озод қилишни талаб қилмоқда.
БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг таъкидлашича, уларнинг хавфсиз ва шартсиз озод этилишини таъминлаш учун барча мавжуд имкониятлар ишга солинади.
Ҳусийлар ўзларини Эрон бошчилигида Исроил, АҚШ ва Ғарбга қаратилган «қаршилик ўқи»нинг бир қисми деб билишади. Улар Ғазо секторидаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаб, Қизил денгизда тижорий юк ташиш кемаларини нишонга олишган. Бу эса АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан жавоб ҳаво ҳужумларига олиб келганди.
Ходимларининг уйлари ва идораларида ўтказилган рейдлар чоғида ҳусийлар уларнинг телефон ва компьютерларини олиб қўйишган.
Байден ва Макрон Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланишни маъқуллади
АҚШ президенти Жо Байден ва Франция раҳбари Эммануел Макрон Парижда учрашди.
«Президентлар Европа Иттифоқи ва Г7 давлатларининг Украина манфаати учун иммобилизация қилинган Россия активларидан фойдаланиш таклифини қўллаб-қувватлайди», дейилади йиғилиш баёнотда.
Маълумот учун, Россиянинг Украинага ҳарбий юриши бошланганидан кейин Европа Иттифоқи ва Г7 давлатлари Москванинг 280 миллиард долларга яқин активларини музлатиб қўйган эди.
Ўз навбатида, Макрон Исроил — Ҳамас уруши ҳақида Байден томонидан илгари сурилган ўт очишни тўхтатиш таклифини маъқуллаган. «Ғазодаги уруш тугаши керак. Биз АҚШнинг мустаҳкам тинчлик бўйича таклифини қўллаб-қувватлаймиз», деган Франция раҳбари.
АҚШ президенти қароргоҳи «қуршаб» олинди. Президентнинг ўзи қаерда?
Фаластин тарафдори бўлган минглаб намойишчилар Оқ уйни «қизил чизиқ» байроғи билан ўраб олишди.
Намойишчиларга кўра, деярли 3 километрга чўзилган қизил чизиқли баннер урушда Исроилни қўллаб-қувватлагани учун президент Жо Байденга аталган. Унда Исроил кучлари томонидан ўлдирилган фаластинликларнинг исмлари ёзилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Исроил кучларининг Нусейрат қочқинлар лагеридаги ҳужумлари оқибатида уч юзга яқин фаластинлик ҳалок бўлган.
Ҳозир президент Жо Байден АҚШда эмас. У кўплаб икки томонлама учрашувларда қатнашиш, саммитларда иштирок этиш учун хориж сафарида. Хусусан, АҚШ раҳбари 9-13 июль кунлари Буюк Британия, Литва ва Финляндияга ташриф буюради.
Афсонавий астронавт самолёт ҳалокатида вафот этди
Астронавт Билль Андерс учаётган кичик самолёт Вашингтон штатининг Сиэтл шимолида сувга қулаб тушди.
Андерснинг ўғли Грег отаси кичик самолётда учаётганини ва унинг жасади жума куни тушдан кейин топилганини тасдиқлади.
«Аполлон 8» учувчиси бўлган Билль Андерс коинотдан туриб Ернинг энг бетакрор тасвирларидан бири бўлган «Ернинг кўтарилиши» деб номланувчи суратни олган эди. Ушбу расм 1968 йилда туширилган ва унда Ой юзаси уфқдан чиқиб келиш жараёни акс этган.
Бу сурат туфайли сайёрани асрашга эътибор кучайиб, глобал тарзда ҳар йили ўтказиладиган «Ер куни» ташкил этилди.
Илон Маск «Тесла» ихлосмандларига нохуш хабарни эълон қилди
АҚШнинг гигант компанияси «Тесла» бу йил янгиланган «Модель Y»ни чиқармайди. Бу ҳақда компания директори Илон Маск маълум қилди.
«Бу йил ҳеч қандай янгиланган «Модель Y» чиқмайди», дейди Маск. Аммо шу ўринда «Тесла» ўз автомобилларини доимий равишда такомиллаштириб боришини таъкидлади.
«Тесла» ўзининг эски моделларини янгилашда анча суст ишламоқда. Бу даврда Хитойдаги рақобатчилар арзонроқ моделларни тақдим этяпти.
Моделлардаги бу кечикиш деярли тўрт йил ичида биринчи марта қайд этилиб, глобал автомобиль етказиб бериш қисқаргани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти раҳбари вафот этди
«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти раҳбари Кристоф Делуар 53 ёшида вафот этди.
У қамоққа олинган журналистларни озод қилиш ва бутун дунё бўйлаб таҳдид остида бўлган мухбирларга бошпана бериш бўйича тинимсиз саъй-ҳаракатлари билан машҳур эди. Делуарнинг ўлими бутун дунё бўйлаб матбуот эркинлиги фаоллари томонидан қайғу билан қабул қилинди.
Бизни «Халқ сўзи»нинг ижтимоий тармоқларида кузатиб боринг!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ян Брату билан учрашув ўтказди
- Тилда пайдо бўладиган ўзгаришлар саратон касаллигининг нозик аломати бўлиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг