Қўқон университетида Инкубация ва акцелерация маркази очилди

13:44 23 Декабрь 2022 Жамият
514 0

Фото: Халқ сўзи

Президентимиз томонидан илгари сурилган Беш муҳим ташаббуснинг учинчиси аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишга қаратилган бўлиб, бу борада Қўқон университетида ҳам изчил тадбирлар амалиётга татбиқ этилмоқда. Университетда IТ парк билан ҳамкорликда Инкубация ва акцелерация марказининг ташкил этилиши айни йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир.

— Ушбу марказ ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида стартап-лойиҳаларни ривожлантириш ва такомиллаштириш учун қулай шароит яратади, — дейди Қўқон университети ахборот хизмати раҳбари Мухтасар Исақова. — Унда дастурлаш, истиқболли лойиҳалар устида жамоавий ишлаш кўникмаларини шакллантириш, маҳаллий шарт-шароитларга мос дастурий таъминотларни ишлаб чиқиш мақсад қилинган. Айни жараёнда талабалар томонидан яратилган дастурий таъминотлар, ахборот тизимлари ва АКТ соҳасидаги ишланмалар тақдимотларини ўтказиб бориш, марказнинг IT парк билан ҳамкорлигини босқичма-босқич ривожлантиришга эришиш ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, марказ мутахассислари томонидан компьютер саводхонлиги, веб-дастурлаш тиллари, графика ва дизайн асослари, мобил иловалар яратиш, мобил робототехника, киберспорт бўйича машғулотлар олиб борилади. Ўз навбатида назарий ғояларни амалиётга жорий этиш, яъни тижоратлаштириш, маҳсулотга айлантириш ва маҳсулотни савдога чиқаришгача бўлган барча жараён қамраб олинади.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер