Қўқон шаҳрида табиий газ ҳажмини назорат қилишда янги тизим яратилмоқда

15:23 10 Ноябрь 2023 Жамият
105 0

Фото: “Халқ сўзи”

Қўқон шаҳрида истеъмолчиларни тўлиқ автоматлашган назорат электрон газ ҳисоблагичлари билан таъминлаш, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига чек қўйиш, табиий газдан бўлган дебиторлик қарздорлигини бартараф этиш бўйича кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Айни жараёнда шаҳарда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан етказиб берилаётган табиий газ ҳажмини назорат қилиш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилаётир.

Унга кўра, биринчи босқичда шаҳардаги табиий газ таъминотини назорат қилиш тизими 4 та ҳудудга бўлинади. Шу тариқа асоссиз йўқотишлар аниқланган ҳудуд янада кичик ҳудудларга бўлиниб, ноқонуний уланишлар ва қувурлардаги носозликлар аниқланади. Ўз навбатида мутахассислардан иборат тезкор гуруҳ томонидан камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилади.

— Бундан буён табиий газдан фойдаланиш борасидаги ҳар бир жараён секторлар томонидан жиддий ўрганиб борилади, — дейди Қўқон шаҳар прокурори Улуғбек Ҳамдамов. — Бу борада табиий газдан ноқонуний фойдаланаётган фуқаролар ва ушбу ҳатти-ҳаракатларни амалга оширишга кўмаклашган газ идораси ходимларига қатъий чоралар кўрилади.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?