Қонунчиликда ўзгариш: Энди иш берувчи профилактик эмлашдан ўтишни рад этган ходимни ишга қўймасликка ҳақли бўлиши мумкин

15:38 26 Июль 2021 Жамият
2962 0

Ижтимоий иммунитетни ташкил этиш мақсадида аҳолини вакцинация қилиш ишларини жадаллаштириш таклифидан келиб чиқиб тегишли қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бу ҳақда «Миллий тикланиш» партияси маълум қилди.

Қайд этилишича, фракция йиғилишида депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Қонун лойиҳасида «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонун 28-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилмоқда. Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлиги кўзда тутилмоқда.

«Бунинг натижасида коронавирус инфекциясининг янги тўлқинлари олдини олиш учун аҳоли ўртасида оммавий вакцинацияни ташкил этишнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланади. Юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлаш ўтказишни жорий этиш юзасидан амалдаги қонунчиликдаги мавжуд зиддиятлар бартараф этилади.

Бугун бу офатдан ҳимояланишнинг ягона йўли эмланиш экани эътироф этилаётган бўлсада, фуқароларнинг вакциналарга бўлган ишончсизлиги оқибатида эмлашдан фақат 1 млн. 27 минг киши ўтган, холос. Бу 18 ёшдан ошган аҳолининг 4,8 фоизини ташкил қилмоқда. Жамоавий иммунитетни шакллантириш учун эса аҳолининг 60-80 фоизи эмланиши талаб этилади.

Хитойда вакциналарга бўлган ишонч 90 фоиз, Бразилияда 80, Ҳиндистон, Индонезия ва Таиландда 70, Туркия ва Мексикада эса 60 фоизни ташкил этмоқда. Франция, Греция, Австралия, Италия, Латвия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда мажбурий вакцинация амалиёти жорий этилган.

Депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг айни кундаги аҳамиятини ҳамда касалликнинг юқумлилик кўлами ошиб бораётганлигини эътиборга олиб, қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулладилар», дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?