Қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди, фақат бир шарт билан

19:13 17 Март 2021 Жамият
786 0

Мамлакатимизда коронавирус тарқалиши жиловланган бўлсада, хавфи ҳамон сақланиб турибди. Айниқса, шу кунларда бу борадаги чора-тадбирлар яна кучайтирилди. Бу ўз навбатида, миллий қонунчилик базасини такомиллаштиришни юзага келтирди. Шу боис, Конституцияга мувофиқ ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб, миллий қонунчилигимизда тегишли ҳуқуқий асослар яратиш мақсадида «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳада фавқулодда ҳолатни жорий этишда вужудга келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган нормалар акс эттирилган. Жумладан, уни жорий этиш ҳолати ва тартиби, қўлланиладиган чоралар ва чеклашлар, бундай вазиятда жисмоний ва юридик шахслар, мансабдорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишда ушбу қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Депутатлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакилининг ушбу қонун лойиҳаси ҳақидаги маърузасини тинглаб, лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаганига эътироз билдирдилар. Маърузачи эса, буни қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёни пандемия энг мураккаблашган даврга тўғри келгани билан изоҳлади.

— Ҳақиқатан ҳам мазкур қонун лойиҳаси жуда ҳам муҳим ва мураккаб. Ушбу қонун бўлмагани учун пандемия даврида жуда кўп мураккабликларга дуч келдик. Лекин сўнгги йилларда қабул қилинаётган қонунлар, давлатимиз раҳбари қарорлари ҳам аввало халқ муҳокамасига қўйилиб, кейин қабул қилинмоқда. Шу маънода, ушбу қонун лойиҳаси ҳам аввало жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши лозим, – деди фракция раҳбари Алишер Қодиров.

Шундан сўнг икки ўртада тортишувлар бошланди. Қонун ижодкорлари бугунги жиддий вазиятни эътиборга олиб, лойиҳани биринчи ўқишда маъқуллашни сўраган бўлса, фракция аъзолари лойиҳанинг халқ муҳокамасига қўйилмай қабул қилиниши, бугунги ислоҳотларга зид эканини таъкидладилар.

Икки соатлик тортишувлардан сўнг бир тўхтамга келинди. Депутатлар ушбу қонун лойиҳаси самарали ва тезкор фавқулодда чоралар қўллаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини муҳофаза қилишдаги аҳамиятини эътиборга олиб, биринчи ўқишдан сўнг халқ муҳокамасига қўйиш шарти билан концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладилар.

— Акс ҳолда иккинчи ўқишда кун тартибига киритишни рад этамиз, – деди Алишер Қодиров.

Энди тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисалари тегишли органлар иштирокисиз расмийлаштирилади.

Фракция йиғилишида бу ҳақда ишлаб чиқилган «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишга доир қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

— Йўл-транспорт ҳодисаларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокисиз ихтиёрий равишда қуйидаги ҳолатларда билдиришнома тузилади, – деди депутат Алишер Ҳамроев. – Жабрланувчига енгил тан жароҳати етказилганда ёки мол-мулк шикастланмаганда, ҳайдовчилардан бири ўз айбига иқрор бўлганда, пиёда иштирок этмаганда, суғурталанганда, ҳайдовчилик гувоҳномаси, автомототранспорт гувоҳномаси, ишончнома ва йўл варақаси бўлиб, уларнинг муддати ўтмаган ва ҳайдовчида мастлик ҳолати бўлмаганда.

Маълумотларга қараганда, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги томонидан 2018 йилда 13701 та ва 2019 йилда эса 24005 та тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаси расмийлаштирилган. Аммо суд томонидан уларнинг ҳар бири учун камида бир ой вақт сарфланяпти ва бу фуқароларнинг ортиқча сарсон бўлиши, қўшимча харажатлар қилишига сабаб бўляпти. Шу боис, ушбу қонун лойиҳа тайёрланди.

Депутатлар ушбу қонун лойиҳаси йўл назоратчилари билан ҳайдовчилар ўртасидаги мулоқотнинг яхшиланиши, ортиқча қоғозбозлик, оворагарчиликка чек қўйишини таъкидлаб, иккинчи ўқишда маъқулладилар.

Фракция йиғилишида партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди. Йиғилишни партиянинг ҳудудий кенгашлари ва маҳаллий депутатлар ҳам масофадан туриб кузатдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?