Қўмита мажлисида Сурхондарё вилоятида ёшлар бандлигини таъминлаш ҳолати таҳлил этилди

11:12 27 Декабрь 2025 Сиёсат
248 0

Жорий йилнинг 25 декабрь куни Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида сенаторлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва бошқа ташкилотлар вакиллари, экспертлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари томонидан Сурхондарё вилоятида ёшлар, шу жумладан, таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, жорий йил бошида вилоятдаги 723 та маҳаллада ўтказилган хатловда 7,8 минг ишсиз ёшлар аниқланган. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида вилоят, шаҳар ва туманлардан 357 нафар раҳбар ходим бириктирилган ҳамда ёшлар бандлик дастурлари ишлаб чиқилган.

Бириктирилган раҳбар ходимлар томонидан 7,8 минг нафар ишсиз ёшлардан 7 786 нафарининг турли йўналишларда бандлиги таъминланган.

2024/2025-ўқув йилида вилоят бўйича олий таълим муассасаларини битирган 17 305 нафар талабадан 16 183 нафарининг, касбий таълим ташкилотларини (техникум, коллеж) битирган 9 312 нафар талабадан 5 799 нафарининг бандлиги таъминланган.

Вилоятда ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун захира қилиб қўйилган 1 995 та иш ўрнидан 872 тасига ёшлар ишга жойлаштирилди.

«Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан «Келажакка қадам» дастури доирасида 372 нафар олий таълим муассасалари битирувчисига 9,9 млрд сўм, «Ёшлар бизнеси» дастури доирасида 729 нафар тадбиркорлик субъектига 82,5 млрд сўм кредит маблағлари ажратилган.

Муҳокама жараёнида ёшлар бандлиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, фаолиятни янада такомиллаштириш ва самарадорликни оширишга хизмат қилувчи масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

Хусусан, ҳисобга олиш ва бандлик кўрсаткичларини аниқ юритишда бир қатор камчиликлар мавжуд. Мисол учун, олий таълим муассасаларининг 31 нафар битирувчиси бир вақтнинг ўзида якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатида, шунингдек, Ягона миллий меҳнат тизими («ЯММТ» идоралараро дастурий-аппарат комплекси) базасида қайд этилган.

2024/2025-ўқув йилида вилоятда 52 та касбий таълим ташкилотини (техникум, коллеж) 9 312 нафар талаба битирган бўлиб, уларнинг 38 фоизи иш билан таъминланмаган.

Меҳнат миграциясидан қайтган 36 417 нафар ёшлардан 21 270 нафарининг (58 фоизининг) бандлиги таъминланмаган.

Вилоят бўйича ўтказилган меҳнат ярмаркаларида 53 376 та бўш иш ўрни таклиф этилган бўлсада, ушбу ярмаркаларда иштирок этган 5 382 нафар ишсиз ёшларнинг 1 537 нафаригина (28,5 фоизи) ишга жойлаштирилган, 3 401 нафарига эса фақат маслаҳат берилган.

Касбий кўникмалар марказида ўқишни тамомлаган 1248 кишининг бандлик ҳолати солиқ органлари орқали таҳлил қилинганда улардан 56 фоизининг бандлиги таъминланмаганлиги аниқланган.

Савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармаси томонидан тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган 724 кишининг бандлиги таъминланганлиги бўйича мониторинг ишлари олиб борилмаган.

Бундан ташқари, айрим ҳудудлардаги ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида зарур муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмаси етарли даражада яратилмаган.

Хусусан, Қизириқ туманидаги «Зарбдор» ҳамда Қумқўрғон туманидаги «Боғаро» ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари электр энергияси ва ичимлик суви тармоқларига уланмаган. Шунингдек, Ангор туманидаги «Баҳор» ёшлар саноат зонасида табиий газ таъминоти мавжуд эмас.

Ҳудудда жойлашган 11 та туман ва шаҳар ҳудудидаги 12 та ёшлар саноат зонасида йўл инфратузилмасини яхшилаш ишлари ҳанузгача тўлиқ якунланмаган.

Сенаторлар томонидан ёшлар саноат зоналари инфратузилмасини яхшилаш бўйича вилоят ҳокимлиги билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб борилиши таъкидланди.

Мажлис якунида тегиши қарор қабул қилинди. Унга асосан ўрганиш давомида аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар зиммасига вазифалар юклатилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер