Қолдирилган Олимпиада, Ҳабибнинг сўнгги жанги, Марадонанинг ўлими, «Олтин тўп» мукофотининг бекор бўлиши — 2020 йил дунё спортида қандай муҳим воқеалар бўлди

Коронавирус пандемияси бутун дунёда одатий ҳаётни издан чиқарди. Шу жумладан, жаҳон спортида ҳам. Хусусан, эпидемиянинг биринчи тўлқини кузатилган — март, апрель ва май ойлари дунё спортчилари учун энг оғир давр бўлди. Мусобақалар кетма-кет бекор қилинди. Ёки карантин чекловлари юмшатилиши билан мусобақалар мухлисларсиз ёки мухлислар сони чекланган ҳолда давом эттирилди. Бу, албатта, беллашувлардаги шиддатнинг сусайишига ҳам таъсир қилди. Хўш, бутун Ер юзи учун таҳликали бўлган 2020 йилда дунё спортида қандай воқеа ва ҳодисалар юз берди. Қуйида уларнинг энг муҳимлари ҳақида...
Дунё тан олган спорт афсоналари Коби Брайант ва Диего Марадона ҳаётдан кўз юмди
2020 йилда коронавирус инфекцияси жуда кўп инсонларнинг ҳаётига зомин бўлди. Улар орасида турли соҳа вакиллари бор.
Бу йилда машҳур баскетболчи Коби Брайант ва футбол афсонаси Диего Марадона ҳам ҳаётдан кўз юмди. Уларнинг ўлимига коронавирус инфекциясининг алоқаси йўқ. Аммо бу дунё спорти учун жуда катта йўқотишдир.
26 январь куни 41 ёшли Коби Брайант Лос-Анжелес вертолёт ҳалокатга учраши оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Ушбу фожиа оқибатида жами тўққиз киши, шу жумладан, спортчининг 13 ёшли қизи Жанна ҳам ҳаётдан кўз юмди.
Ноябрь ойида 60 ёшли афсонавий аргентиналик футболчиси Диего Марадона вафот этди. Унинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган. Қолаверса, футболчининг вафотига тиббиёт ходимларининг ўз вазифасига совуққон муносабатдаги бўлгани айтилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилиши маълум қилинди.
Диего Марадона ФИФА томонидан ХХ асрнинг «Энг яхши футболчиси» деб эълон қилинган эди.
Ёзги Олимпиада ўйинлари ва футбол бўйича "Евро-2020” қолдирилди
Пандемия туфайли йилнинг икки асосий мусобақаси — футбол бўйича Европа чемпионати ва Токиода ўтказилиши керак бўлган Олимпиада ўйинлари қолдирилди.
Олимпиада 2020 йилнинг ёзида ўтказилиши керак эди. Аммо ташкилотчилар уни 2021 йилга қолдиришга қарор қилдилар. Ушбу мусобақа 2021 йилнинг 23 июль ꟷ 8 август кунлари ўтказилиши кутилмоқда.
Футбол бўйича Европа чемпионати 2021 йилнинг 11 июнидан 11 июлигача ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Коронавирус Абдулманап Нурмагомедовни ҳаётдан олиб кетди
3 июль куни яккакураш спортида қайғули воқеа содир бўлди. ММА чемпиони Ҳабиб Нурмагомедовнинг отаси ва мураббийи Абдулманап Нурмагомедов коронавирус асоратларидан вафот этди.
У тахминан бир ой касалхонада ётди. Аммо шифокорлар мураббий ҳаётини сақлаб қола олмади.
Орадан бироз ўтиб, Ҳабиб ўзининг чемпионлик камарини ҳимоя қилди ва фаолиятини якунлашини эълон қилди. Бу кўпчилик учун кутилмаган хабар бўлди.
Ҳабиб Нурмагомедовга отасининг ўлими кучли зарба бўлди. Шунга қарамай, у чемпионлик камари учун АҚШ вакили Жастин Гейжига қарши беллашиш учун ўзида куч топа олди.
4 минутлик жангда Ҳабиб ғалаба қозонди. Аммо мухлислар муваффақиятдан завқланишга улгурмасдан, спортчи ўз сўзлари билан ҳаммани ҳайратда қолдирди.
«Бу менинг сўнгги жангим. Онамга бу сўнгги жангим бўлишини ваъда қилганман. У отамсиз жанг қилишимни истамади», деди у.
Бу Ҳабибнинг 29-ғалабаси эди. Аммо охирги пайтларда у отаси хотирасига октагонга қайтиши ва 30-жангда иштирок этиши ҳақида гап-сўзлар болалаган.
«Олтин тўп» мукофоти бекор қилинди
«France Football» нашри фавқулодда бу йил «Олтин тўп» соврини берилмаслигини маълум қилди. Изоҳланишича, коронавирус пандемияси туфайли шундай қарорга келингани. Яъни бу мукофотни топшириш учун адолатли шароит бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу мукофотга 1956 йилда асос солинган. Шу тариқа унга биринчи марта муносиб номзод топилмади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг