«Қўл жанги маркази» очилди

14:36 25 Июль 2025 Жамият
123 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Наманган вилоятида спортнинг тобора оммалашиб бораётган турлари орасида қўл жангининг ҳам ўз ўрни бор. Бугунги кунда ушбу йўналишда фаолият кўрсатаётган 65 та секцияда 3100 дан зиёд ёшлар мунтазам шуғулланишмоқда. Миллий терма жамоа таркибига киритилган спортчиларнинг 20 нафардан кўпроғини Наманган вилояти вакиллари ташкил этади.

Ихлосмандларга янада кенгроқ шароит яратиш мақсадида гуллар шаҳрида замонавий талабларга жавоб берадиган “Қўл жанги маркази” бунёд этилди. Кеча шу марказ биносини фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали тақдимот маросими бўлди.

— Марказнинг очилиши ёшларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан чиниқтиришда янги имкониятларни вужудга келтиради, — дейди спортнинг мазкур тури бўйича вилоят федерацияси раисининг ўринбосари Расулжон Жўраев. — Бу ерда секциялар аъзолари маҳоратини ошириши учун барча шарт-шароит яратилган. Тажрибали мураббийлар ҳар бир спортчи билан якка тартибда шуғулланиб, катта майдонга чиқишига мустаҳкам замин тайёрлашади.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг буйруғига асосан қўл жанги федерацияси фаол аъзолари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари рағбатлантирилди. Маросим якунида спорт мактаби тарбияланувчилари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер