Қизиқчи Шукрулло Исроиловнинг машинаси ўғирлаб кетилди

16:39 26 Март 2025 Жамият
245 0

Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида қизиқчи Шукрулло Исроиловнинг «Mercedes-Benz» русумли машинаси ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда «Навбатчилик қисми» кўрсатувида хабар берилди.

Лавҳада маълум қилинишича, сўз устаси машинаси олиб қочилганини сезиши билан ички ишлар органларига хабар берган.

«Машинамни қулфламасдан, калитни ичида қолдириб, бир жойга кириб кетдим. Ишимни битириб қайтиб чиқсам, машинам йўқ. Ўзимча кимдир мен билан ҳазиллашгиси келибди, деб ўйладим. Кейин 102 га қўнғироқ қилдим», дейди Шукрулло Исроилов.

Кузатув камераларида ҳолат жорий йилнинг 19 март куни содир этилгани қайд этилган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тезкор ходимлари томонидан машина ва уни олиб қочган шахсни топиш чоралари кўрилган. Натижада транспорт воситаси Учтепа тумани Заргарлик кўчасида тўхтатилган, уни бошқарган шахс жиноят-қидирув бўлими ходимларига топширилган.

Маълум бўлишича, транспорт воситасини 1998 йилда туғилган Ш. исмли шахс унинг очиқ қолдирилганидан фойдаланиб, олиб қочган.

«Шу машинани ҳайдаб кўришга қизиқардим. Машина очиқ турганди, олдида ҳеч ким йўқ эди, унга ўтириб ҳайдаб кетдим. Шаҳар айланиб, Учтепа туманидаги «мойка»нинг олдига бориб, тўхтаб турганимда ЙПХ ходимлари машинасида келиб ушлашди. Қилган ишимдан афсусдаман», деган у.

Таъкидланишича, ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Ш.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шу ўринда, қизиқчи Шукрулло Исроилов пойтахт аҳолисини ҳушёр бўлишга чақириб, ИИББ ходимлари фаолиятидаги тезкорликни юқори баҳолаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?